“Эримнинг жирканч қиёфаси хорижда фош бўлди”

depositphotos_52573287-Wife-crying-by-her-husband.jpg

— Мен отамнинг эрка, қишлоқнинг эса энг сулув қизи эдим.. Уйида ҳатто шамолдан ҳам асраб улғайтирилган мендай қизнинг ортидан уйланаман, деб эргашган йигитлар бисёр эди. Аммо уларнинг бирортасини назаримга илмаганман.

Диёр ака эса қишлоқнинг кўзга кўринган кўркам йигитларидан эди. Оёғининг тагида машина, эгнидаги либослари ҳам жуда қиммат, ўзига қараб юрадиган пўрим йигит бўлгани учун ҳам шу инсон эътиборимни тортганди. Биз оилада икки қиз эдик. Синглимнинг йигити эса Диёр акамдек кўркам эмасди. Устига-устак, у қишлоқнинг энг камбағал оиласидан эди. Йигитнинг отаси эрта ўлиб кетган, онаси ёлғиз ўзи беш фарзандни улғайтирганди. Тўнғич фарзанд бўлгани учун куёвимиз ҳаммадан кейин уйланаётганди. Унга оиламиздагилар нописанд қарар, камбағал оиладан чиққанини синглимнинг юзига солишарди. Фақат отам бундан мустасно эди. Айниқса, аммам «Дилобар, шу йигитдан бошқаси қуриб кетганмиди? Топганинг оиламизга муносиб ҳам эмас. Акамгаям ҳайронман, келиб-келиб шу йигитга ҳам қиз берадими? Мана, опангнинг эридай тутган жойини кесадиган, бойвачча, пулни пул демайдиганидан топсанг бўлмайдими?» деганди. Бу гаплар ўшанда менга мойдай ёққан ва ўзимда йўқ хурсанд бўлгандим. Хуллас, опа-сингил ўз танлаганларимизга ўн кун олдинма-кейин узатилдик.

Орадан ўн йил ўтди. Бугун эса оиламиздаги ҳамманинг қараши ўзгарган. Синглимнинг эри, вақтида ҳеч ким назарига илмаган одам ҳозир ота-онам суйган энг яхши куёвга айланган. Тўғри, у синглимга қўша-қўша тилла олиб бергани йўқ, қиммат либослар кийдирган ҳам эмас, лекин уч қиз туғиб берган аёлини шундай эъзозлайдики, маликалар ундай меҳр кўрмаган. Синглимни еру кўкка ишонмайди, ота-онамнинг ҳурматини жойига қўяди. Ўн йил ичида синглим бирор марта дарвозадан йиғлаб кирган эмас. У борган жойида тиниб-тинчиди. Қайнонаси ҳам синглимни қизидан ортиқ суяди. Ҳали бирор марта синглимдан қайнонаси ҳақида нолиб сўзлаганини эшитмадик. Мана шу жиҳатлар туфайли синглимнинг эри оиламиздагилар олдида ҳурмат ва эътибор қозонди.

Биласизми, бугун синглим билан ўрнимиз алмашди. Энди ҳамма синглимга бошқача меҳр кўрсатади, менга эса раҳм билан қарайди. Чунки мен ўн йил деганда икки боламни эргаштириб, ота уйимга қайтиб келдим. Отамнинг кўзи менга тушганида юраги эзилишини ҳис қиламан. Онам эса бурчак-бурчакларда йиғлашини ҳам биламан. Аммаларим эримни менга эшиттириб қарғайди. Мен эса ёшлигимда қилган нотўғри танловим учун ўзимни-ўзим қарғайман.

Ҳа, Диёр акам кўркам йигит бўлгани билан шафқатсиз эканини билмабман. Қайнонам ёлғиз ўғлини ҳақиқий йиртқич қилиб тарбиялаганидан бехабар эканман. Эрим хориждан жарақ-жарақ пул олиб келгани кетганида мен эр-хотин бўлиб яшаш бахтини соғинардим. У ёнимга тўрт-беш ойда бир келар, лекин келгач, уч-тўрт ойлаб юрарди. Сўнгги пайтларда эса атиги бир ойга келадиган одат чиқарди. Бу ҳам камдек, баъзан бир ой бўлмай, ишхонамдан чақириб қолишди, дея дарров ортига қайтиб кетарди. Шунданми мен эримнинг меҳрига тўймай қолаверардим. Ишонасизми, менда эримнинг муҳаббатидан бўлак ҳамма нарса бор эди. Аммо…

Бу тақдирга кўниб ўн йил яшадим. Икки фарзандимни ўзимга овунчоқ билдим. Лекин эрим сўнгги пайтларда анча ўзгарди. Менга жуда оз қўнғироқ қилар, айбини ювиш ўрнига жеркиб, дўқ урарди. Энг ёмони, бирор марта ҳолимни ҳам сўрамасди. Шунинг учунми, қайнотам бу кетишда оиламиз бузилиб кетишидан қўрқиб, мени эримнинг олдига юборишга қарор қилди. Бироқ қайнонам бунга кўнмади. Шунда қайнотам қайнона-келин иккимизга чипта сотиб олди. Мен эримнинг ёнига бораётганимдан хурсанд эдим. Энди ҳаммаси яхши бўлади, ёнимда эрим, болаларим билан бахтли яшаймиз, дея еттинчи осмонда учардим. Бу бахтиёрликдан совуқ ва заҳарханда гаплари билан кўнглимга озор бериб турадиган қайнонамнинг биз билан бораётганидан ранжиган ҳам эмасман. Аммо хорижга бориб кўзим очилди. Эримнинг асл қиёфасини ўша ерда кўрдим. Мени суйиб эркалайдиган одам дунёдаги энг аччиқ сўзларни айтиб, аямай калтаклайдиган одат чиқарди. Ҳар куни уриб, бирор жойимни кўкартирар, сочимдан тортиб судрарди. Даҳшатлиси, бунинг ҳеч бири сабаби йўқ, ўғлим эса бошим узра йиғлаб ўтирарди. Унинг кўзларига қараганимда иложсизликдан қийналаётганини фаҳмлардим. Болагинам мени ҳимоя қилишни истар, бироқ отаси олдида ожизлиги учун йиғларди. Шундай пайтлар бўлардики, тепкиларнинг зарбидан уч кунлаб ўзимга келолмасдим. Қайнонам эса ўғли менга азоб бераётганидан қувонарди. Бу калтаклар нима учунлигини кундошим қизини эргаштириб уйимизга кириб келганида англадим. Ҳа, эрим олти йил аввал ўзидан ўн беш ёш катта аёлга илакишган экан. Никоҳ ўқитиб, уни иккинчи хотинликка олган, аёлнинг ўн саккиз яшар қизи бор эди. У эримни «дада», қайнонамни «буви», деб чақирарди. Буни мендан бошқа ҳамма биларкан. Қайнонам билиб туриб индамади, аксинча: «Мана шу икки боланг учун шундай қисматга кўнишинг керак!» деди. Қайнотамга қўнғироқ қилиб, бор гапни айтдим. Қайнотам «Қизим, эринг энди бу йўлдан қайтмаса керак. Унга неча маротаба гапирдим. Сўзим кор қилган эмас. Сенга оғирлигини биламан, лекин энди эрингнинг ақли киргунича шу қисматга кўн», дея насиҳат қилди. Бу гаплар мени пичоқсиз сўйса-да, бу азобга ҳам рози бўлдим, аммо виждонсиз эрим мени ҳар куни бир баҳона топиб калтаклашда давом этди. Қайнотамга тағин қўнғироқ қилдим. У кишидан мени ўз юртимга олиб кетишини сўрадим. Қайнотам мени олиб кетгани келди. Хуллас, тўққиз ой деганда уйимга қайтдим. Келаётганимда ҳам эрим мени аямай калтаклаганди. Буни кўриб отам қўрқиб кетди. Онам эса эсдан оғаёзди. Азобларимни ойимдан эшитиб, тонгга қадар йиғлаб чиққан падарим: «Бу қандайин синов бўлди?» дея қайнотам билан гаплашди. Аммо бу фойдасиз эди. Чунки…

Бугун мен чин бахт нималигини тушуниб етдим. Бахт бойликда, чиройли кўринишда эмас, чинакам меҳр-муҳаббатда эканини фаҳмладим. Эрим ўзидан ўн беш ёш катта аёлни ўзига маъқул кўрди. Демак, кундошим эримнинг юрагидан жой олган. Бироқ бунга қандай эришганига ақлим етмайди. Бу хорлик қачонгача давом этади, билмайман, бироқ мен ўша кун келишини кутмасдан ажрашишга қарор қилдим. Тўғри, оила — муқаддас! Бир кун эрим ёнимга болаларимиз туфайли қайтиб келишини ҳам биламан. Аммо энди кеч… Оиламдагилар фарзандларим бахти учун эримни кечиришимни сўрашди, бироқ мени ҳеч бир сабабсиз аёвсиз калтаклаганини, кундошимнинг, қайнонамнинг олдида мени хўрлаганни унутмайман. Энг ёмон гаплар билан ҳақоратлаб, кейин эса ҳаммаси устимдан кулганлари ҳамон кўз олдимдан кетмайди. «Нега бунча урасиз?» деб сўрасам, «Ўлишингни истайман!» дея яна аёвсиз калтаклаганини унутиш мумкинми? Асло! Бугун мени ортга ўгирилишга ҳеч қандай куч мажбур қилолмайди. Уларнинг таҳқирларига муносиб жавоб сифатида болаларимни ёлғиз ўзим оёққа қўяман. Одамзод бир марта дунёга келади. Шунинг учун инсон ҳаётда муносиб яшаши керак, деб ҳисоблайман. Ўғлим: «Ойи, бизга ота керак эмас! У сизга азоб беради», дегани-деган. Отасиз эрта улғайиб қолган болаларимга қарасам, эртам яхши бўлишига ишонаман. Мен фарзандларимга ҳаётда чин бахт нима эканини тушунишга ёрдам бераман. Ҳа, мен улғайдим, мени ҳаёт улғайтирди. Зулм кўрдим, у эса мени ҳаётда кўрмаган нарсаларимни кўришга ёрдам берди. Кўзларим очилди…

ДАРЁДИЛ
Фарғона вилояти

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s