Ўз уйига сиғмаган санъаткор ота дарди: “40 та ўғил битта отани боқолмаскан…”

1249495999_05.08_photo-11.jpg

Эркин ака иккита боласи билан тул қолганида каттаси тўққиз, кичиги олти ёшда эди. Марҳума аёли Маликахонни жону дилидан севарди. Болалар уйида ўсгани учун қондоши-да йўқ эди. Маҳалла оқсоқолининг раҳнамолигида бир-иккита қўшниси неча марта уни қайта уйлантиришга уриниб кўришди.

— Болаларинг ҳали ёш, улардан она меҳрини қийма, — дейишди.

— Санъаткор бўлсанг, баъзан куни бўйи, баъзан эса кунлаб уйда бўлмайсан, улардан кимдир кўз-қулоқ бўлиши керак, — дейишди.

— Меҳр кўзда, сеҳр сўзда. Шундай экан, меҳр тафти, дардкашликни дариғ тутма улардан, — деб ҳам кўришди.

Бироқ фойдаси бўлмади. Эркин ҳофиз аҳдида собит қолди. Марҳума суюклисига хиёнат қилмади. Бошқа уйланмади ва бир оёғи уйда, иккинчи оёғи кўчада ҳолда фарзандларини ўзи вояга етказди. Бошида ҳаммаси яхши кетаётганди. Тўйлар, концертлар, тадбирлар… Хизмат шу қадар кўп эдики, ҳатто бош қашиб қўйиш ҳам малол келарди. Аммо ойлар, йиллар ўтгани сайин халқнинг севимли ҳофизи аста-секин бўйнини қиса бошлади. Чет эл сафарлари ҳам, гастроллар ҳам, ҳатто тўйларнинг ҳовури ҳам секин-аста босилди. Рақобатга дош бериб бўлмай қолди. Кундан кунга янги хонандаларнинг, хит қўшиқларнинг сони кўпайиб бораверди. Ниҳоят, Эркин аканинг даври ҳам тугади. Айниқса, операциядан сўнг ўзини бирмунча олдириб қўйди. Овозини йўқотди. Ана шундан сўнг санъатни буткул унутишга мажбур бўлди.

* * *

Катта ўғли бирмунча эркароқ чиқди. Еганидан тутиб кийганигача танлайдиган, осоннинг остидан, қийиннинг устидан юрадиган бўлди. Каттам давомчим, кичигим қаровчим бўлади, деб ўйлаганди. Аммо ундай бўлмади. Кичкинаси ҳам тўнғичидан қолишмас, унга қасдма-қасдига юрарди…

Каттаси курсдошига «ўламан саттор…» бўлиб қолганидан сўнг Эркин ака уни уйлантириб қўйди. «Зора, бу ёғига бир бош ўрнига икки бош, кўпроқ ўйлар, одам бўлар», деб ўйлаганди. Аксинча, икки бошни бир қиламан, деб бир ташвишни икки қилди. Уч бошли аждаҳо олти бошли аждаҳога айланганди. Янги келиннинг қилиқлари тўй кайфияти тарқамай, чимилдиқ йиғиштирилмай бурун чиқди.

— Устасига барибир экан-да, — дея елка қисишдан нарига ўтолмади қўшнилар.

Аммо аҳён-аҳёнда келиннинг қайнотасини гоҳ пиёлани тушириб юборгани учун, гоҳ боқимандалиги учун койиётганини эшитиб қолишса, ич-ичидан ёлғиз отага раҳмлари келар, аммо аралашишга юраклари бетламасди. Шу зайлда ҳафталарни ойлар қувиб ўтди.

Эркин ака олтмишдан ўтиб, олтинчи бармоққа айланди-қўйди. Олтинчи бармоқ на бирор ишга ярайди, на кесиб ташлаб бўлади уни. Ўкинди, қадди букилди, сочлари тўкилди, оёқ-қўллари зирқирайдиган, бир йўталса узоқ йўталадиган, юраги ҳам ўқтин-ўқтин азоб берадиган бўлди. Энди у оиласи учун кераксиз жонли буюмга айланганди.

* * *

Келиннинг асли бу хонадонга оёғи оғир келганди, аммо оғир оёқ бўлганидан сўнг вазият батамом тубанлашди. «Шўрлик» келиннинг қийналиб кетгани, зорланишлари самара берди. Рамзий маънода айтганда, дунёга ўзи келиб, ўзи катта бўлган бола «ортиқча юк»ни қариялар уйига олиб боришга, ниҳоят, кўнди.

— Вой, бели-и-им-м… — деди келин белини бироз силаб, афтини бужмайтириб. — Бирон нарса десангиз-чи, ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим-ку!

Ичкари хонада, остонага яқинроқ жойда мук тушиб, ўғли билан келинининг суҳбатига қулоғини динг қилиб ўтирган ота ўғлининг ҳатто «қулт-қулт» ютиниб қўйганини ҳам, чуқур нафас олганини ҳам ёки эшитди, ёки унга шундай туйилди. Энди ҳаммаси биттагина сўзга боғлиқ эди. Битта тақдир, битта ҳаёт, битта юракнинг бор кечинмалари битта ипда эди. Ҳозир ё ип чирмаб олади, ё узилиб кетади.

— Майли, сен айтганча бўла қолсин, — деди ўғли оғир хўрсиниб.

Тамом. Ип узилди. Эскириб кетган экан-да. Эркин аканинг юрагидаги нимадир ҳам узилди. Аслида, шундай бўлишини олдиндан биларди. Ҳатто бир куни бехосдан иккала ўғлининг суҳбатига ҳам гувоҳ бўлганди. Ўшанда кичкинаси отасига қараш масъулиятини буткул рад этиб, «Менга керакмас» деганини ўз қулоғи билан эшитганида иккала фарзандининг ҳам кўзи остига сиғмаётганини ҳис этганди.

Ота бошини қуйи солди. Кафтига икки томчи суюқлик томганидагина йиғлаётганини сезди. Кўзларини этагига артгач, оғримаётган қўлига суяниб, аранг ўрнидан турди. Столи ёнига бориб, қўлига қоғоз-қалам олди. Нариги хонада муҳокама давом этар, келин эрига қариялар уйининг қулайликлари, қаровчилари, имкониятлари ҳақида оғзидан бол томиб мақтаётганди. Афтидан, у эрининг айниб қолишидан хавфсираётгандек эди. Шунинг учун иккиланишга ҳожат қолмайдиган қилиб гиж-гижлашга ўтганди.

* * *

Тонг отишига чамаси бир соатлар қолганида ота мактубга нуқта қўйди. Мактубда Эркин ота ҳамма нарсага батафсил тўхталганди. Жумладан, шу пайтгача оғирини тушириб келгани учун фарзандларидан кечирим сўраган, Қариялар уйига эса бормоқчи эмаслигини, бир танишиникида имкони борича турмоқчилигини, жигаргўшаларидан рози эканини ёзганди. Эркин ота мактубни яна бир бор ўқиб кўргач, «Мени излаб безовта бўлманглар», деган сўзни ёзиб, тагига имзо қўйди. Шкафдан оилавий фотоальбомни ва торини олиб, сумкага жойлади. Ёнига кийим-кечакларини ҳам қўшди, сўнг оҳиста уйни тарк этди.

* * *

Марат кўчанинг муюлишидаги кичкина озиқ-овқат дўконига эгалик қиларди. У қирққа кирган, тишлари ясама, ҳиссиётга берилувчан ва, айниқса, жуда иззатталаб одам эди. Кўпинча қўшиқ хиргойи қилиб юрарди. Қондан ўтганди-да. Унинг отаси бир пайтлар Эркин аканинг созандаси эди. Аммо, афсуски, ришталарни кўпинча тириклар ушлаб тура оларкан. Отасининг вафотидан сўнг икки дўстнинг оилаларида борди-келди сезиларли даражада сийраклашди ва бора-бора узилиб кетди. Бугун бўлса…

Эркин ака дўстининг ўғли Марат шаҳарнинг у бурчидаги яна битта квартирасини ижарага қўйиши ҳақида олдинлар ҳам эшитганди. Шунинг учун тўғри унинг уйига борди. Аввал бошида Марат Эркин аканинг ғамгин ҳикоясини эшитгач, дилхираликлардан узоқроқ бўлиш учунми, ёки ижара ҳақини қария қай тарзда тўлашини ўйлабми, хуллас, йўқ деб туриб олди. Аммо…

* * *

Ёш, умидли хонанда Дилмурод Саидовнинг сўнгги қўшиғи телевидение ва радио мусиқий ўнталигидан тушмай қолди. Табиийки, томошабинлар қўшиқнинг ўзига, санъат аҳли вакиллари эса қўшиқнинг сўзига эътибор қаратишди. Ўша қўшиқнинг муаллифини сўраб-суриштиришлар, ўзларига ҳам қўшиқ ёздириш нияти бошланди санъаткорлар ичида. Шу тариқа Марат Сафоевнинг уйига таниқли ҳофизлар, созандалар серқатнов бўлиб қолишди. Олдинлари ундан қарзи, бундан қарзи борлиги учун букчайиб юрадиган Маратнинг энди бўйнини эгишнинг, кўзига қарашнинг иложи бўлмасди. Икки ой ичида ҳамма ишни йўлга солди. Даставвал Эркин аканинг уйига бориб, ўғиллари билан учрашди. Отаси унинг уйида экани, хавотирга ўрин йўқлигини айтди.

— Отамдан сўнг ота меҳрини қўмсаб юрардим, — деди у юзига ясама маъюслик бериб, — назаримда худди уйимда файз йўқдек эди. «Қариси бор уйнинг париси бор», деб бежиз айтишмаган экан. Энди кемтикларим тўлгандек бўлди…

Эркин аканинг уйидагилари кўнглини, хавотирини ва ҳовурини бироз босганидан сўнг Марат бор диққатини шоу-бизнесга қаратди. Деярли йигирмага яқин ҳофизу хонанда, бастакору созандалар билан келишувга эришди. Уларга тайёр қўшиқ ёзиб бериш бўйича эди бу келишув. Тез орада Марат Сафоев Марат Сафо тахаллуси билан шоу-бизнес оламида донг таратди, катта мақомга эришди.

* * *

Эркин аканинг йўқлиги маҳалласида биринчи бўлиб Зариф устага сезилди. Кўча бошидаги автомобилларни таъмирлаш устахонасида ишлайдиган Зариф деган уста йигит билан Эркин ака гарчи ёш жиҳатдан ота-боладек бўлса-да, аммо кўрганлар уларни оғайнилар дейишарди. Эркин ака бекор қолдим дегунча устахонага борар, у ердаги усталарга кўрган-кечирганлари, санъат оламидаги янгиликлар ва, албатта, ўз қўшиқларидан айтиб бериб, дилларини хушнуд қилар, уста боши бўлмиш Зарифнинг хонасига кириб бемалол тушликни ҳам бирга қиларди. Зарифнинг унга ҳурмати катта эди. Ҳар гал Эркин ака келганида унинг ўтирадиган курсисини ҳатто хизматга шай турган шогирдларига ҳам ишонмай, ўз енги билан артиб қўяр, чойни ҳам ўзи дамлаб келарди. Эркин аканинг илҳоми келгудек бўлса, Зариф уни ўзининг хонасига киритар, унга ҳамма шароитларни яратиб берарди. Ўзи бўлса шогирдларига шовқин қилмасликни тайинлаб, ичкарига ҳеч кимни қўймай, эшик тагида қўриқчилик қилиб ўтирарди.

Қайсидир бир йили Эркин ака Зарифнинг ёз чилласида деразалар ёнини латталар билан тўлдириб юрганини кўриб қизиқди.

— Зарифбек, нима қиляпсан, ука? Ҳозир саратон бўлса, ёзнинг чилласида ҳам деразаларни бу қадар тирқишларигача ёпарканми одам?

Зариф сал хижолат тортди.

— Сизга шовқин кириб, чалғиманг, бемалол ижод қилинг, дегандим, Эркин ака…

Кейин кутилмаганда Эркин ака ғойиб бўлди. Қачон, қаёққа, ким билан, нима учун кетди, ҳеч ким билмайди. Дом-дараксиз кетди. Кейинчалик уни болалари уйига сиғдирмагани овоза бўлди. «Менга ҳатто хайр ҳам демади, мен билан хайрлашмади…»

Уч кун минғирлаб юрди Зариф. Ҳатто бир куни шогирдларига бўлар-бўлмасга бақириб, уришиб берди. «Бирортангдан дўст чиқмайди, дўстлик — йўқлик, сафсата», деб кичкина шогирдини қучоқлаганча насиҳатлар қилди. Ўшандан сўнг Зариф Эркин акани юрагидан суғуриб ташлади. Аммо бугун…

Бугун бўлса, иномаркаси бузилиб, олдига келган Эркин аканинг тўнғиз ўғлини кўрдию, дарди янгиланди. То шогирдлари машинасини тайёрлаб бергунигача игна устида ўтирди. Тилини тишлаб, қўлларини мушт қилиб, зўрға чидаб ўтирди. Ниҳоят, йигит хизмат ҳақини тўлаш учун олдига келганида Зариф унга кинояли илжайди:

— Шундоқ келиб туринг, акажон. Бунақа йўқ бўлиб кетманг. Қочманг одамлардан, улар гапираверади. Аслида, сиз айбдор эмассиз. Одамлар айбдор, ҳа, одамлар айбдор. «Битта ота қирқта болани боқа оладию, қирқта бола битта отани боқолмайди», деган мақолни яратган халқ айбдор. Нима, энди одамларнинг қош-қовоғига қараб яшашимиз керакми, бизнинг ҳам рўзғоримиз бор, болаларимиз бор. Оталарга болалик қиламан деб, болаларимизга оталик қилишга вақт ажратолмай қолайликми? Сиз хижолат бўлманг, хўпми, халққа бемалол қўшилиб юраверинг!

Зариф гапини тугатгунча ҳансираб қолди, ўпкасини тўлдириб нафас олди. Сўнг кутилмаганда вазият тескари тус олди. Йигит бўшашиб Зарифнинг курсисига ўтириб қолган бўлса (бу курсида Эркин ака ижод қилар, қадрдон ўрни эди), Зариф хонадан чиқиб кетди…

* * *

Кунлар бир маромда ўтаверди. Эркин ота ижара ҳақига келишилгандек қўшиқлар, мусиқалар ёзиб, Маратга бераверди (дарвоқе, энди Марат Сафо бўлган у). Марат эса одатдагидек уларнинг муаллифи сифатида тагига ўз исм-шарифини ёзар, халқ олдида, санъатда «гуллаб» бораверарди. Эл оғзига тушди. Катта «ижодкор» бўлди. Кейинчалик шогирдлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйди. Шу тариқа у нафақат бировга оғирини туширмай, қолаверса, нечта одамларнинг рўзғорини гуллатиб юборди.

* * *

Анчадан бери Қариялар уйи билан Меҳрибонлик уйини зиёрат қилишни мўлжаллаб юрган Ориф ака бир куни менга қўнғироқ қилиб, бирга боришимни сўради. Бир дунё дори-дармонлар, озиқ-овқатлар билан у ерга бордик. Эркин ака билан ўша ерда танишдим. Мен унинг ҳикоясини анчагина апоқ-чапоқ бўлиб кетганимиздан сўнг ўз оғзидан эшитдим. «Бировлар»нинг наздида ортиқча юк бўлган одамнинг, аслида, нималарга қодирлигини, у кишининг иродасию матонатини ўшанда юрак-юракдан гарчи тўлиқ ҳис этган бўлсам-да, аммо мен учун, барибир, унинг нимага Маратникидан Қариялар уйига ўтганининг сабабини билолмадим. Эркин ота бу ҳақда менга ҳеч қачон гапириб бермади.

Дарвоқе, Марат Сафо бу исмни гарчи ҳикояда мен қўйган бўлсам-да, аммо унинг прототипи орамизда юрибди. Бугун мен орамизда Эркин отадек инсонлар кўпайиши тарафдори эмасман. Чунки уларнинг юзага чиқиши учун, албатта, жамиятда унинг ўғлига ўхшаганлар ҳам бўлиши керак…

Ваҳоб РАҲИМ

Манба: Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s