Дубай ва Туркияда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлган қиз

Картинки по запросу грустная девушка плачет фото

Ўлмасой отасининг вафотидан кейин рўзғор ташвишлари билан анча қийналди. Нима иш қилишни-ю, қандай рўзғор тебратишни билмай қолди. Боши қотган бир пайтда Сабина исмли аёл билан танишди. Бошидан ўтганларни, иш топишда қийналаётганини айтиб, суҳбатдошига кўнглини ёрди. Сабина учун бу айни муддао эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

– Қайнопам оиласи билан Дубайда яшайди. Истасангиз гаплашиб, иш топиб беришни сўрайман, йўқ демайдилар, – деди Сабина.

– Майли-ю, лекин менга чет элда қандай иш бўлиши мумкин? – ҳайратланиб сўради соддадил қиз.

– Болага ёки бирон қарияга қараб турасиз. Бу ишларни эпласангиз керак. Оғир ишга қўймайди, ахир бир қишлоқдан бўлсак, – дея Сабина Ўлмасойни аврай кетди.

Оилавий шароитини дебми, бола қараш деганига қизиқдими, ҳарқалай, қиз ҳам йўқ демади.

– Унда келишдик. Мен қайнопам билан гаплашиб, сизга жавобини айтаман, – деди Сабина. Улар яна учрашишга келишиб, телефон рақамларини алмашишди.

Шу билан орадан бир неча кун ўтиб, Сабина Ўлмасойга қўнғироқ қилиб, учрашиш жойини айтди.

– Опам билан гаплашдим. Сизга иш топиб берадиган бўлди. Фақат менга паспортингизни беришингиз керак, – деди Сабина.

– Нима иш қилишимни айтмадими? – қизиқиб сўради Ўлмасой.

– Айтди. Бир оиланинг фарзандига қараркансиз. Сизга айтгандим-ку, оғир ишга қўймайди деб, – деди Сабина айёрона кулиб.

– Мен ҳали паспорт олмаганман. Шароитим йўқ эди, – деди Ўлмасой хижолатомуз.

– Майли, унда керакли ҳужжатларни олинг. Паспортингизни бирга оламиз, харажатини ўйламанг.

Маълум вақт ўтиб, паспорт тайёр бўлди.

– Энди сизга опам билет юборишини кутамиз. Унгача бизникида яшаб турасиз, – деди Сабина.

Ўлмасой ҳеч бир қаршиликсиз рози бўлди. Сабина уйига Ўлмасой билан кириб келганига қайнонаси бироз ҳайрон бўлди. Қайнонасининг қарашини тушунган келин унга Ўлмасойни таништирди.

– Бу қизни қайнопам ёнига чақирган. У ерда ишга жойлаб қўяркан. Улар билет юборгунларига қадар бизникида яшаб туришини тайинлади. Квартира пулини опам беради, – деди Сабина.

У қайнонасини бошқа хонага чақириб, бу қиздан мўмайгина даромад ишлашини тушунтирди.

“Опам бу қизни “ишлатмоқчи”. Қизни жўнатсак, бизни ҳам қуруқ қўймайдилар”, деди овозини секинлатиб.

Жамила опа келинининг гапларини эшитиб, уни бу фикридан қайтармади. Гулдек қиз, қолаверса, ҳамқишлоғи. Унинг пулга муҳтожлиги ва соддалигидан фойдаланишни ўйлади, холос.

Орадан бир неча кун ўтгач, Ўлмасой билан Сабина Самарқанддан Тошкент халқаро аэропорти томон йўл олишди ва қайнопаси юборган билет билан қизни “Тошкент-Киев” йўналишидаги авиарейсда Украина давлатига жўнатиб юборди. У ердан БААнинг Дубай шаҳрига бориши керак эди. Аммо Украина аэропортига бориб тушгач, рус тилини билмаганлиги ва қаерга кетаётганлигини тушунтира олмаганлиги учун Ўлмасойни Тошкентга қайтариб юборишди. Бироқ, иккинчи уринишда унинг Дубайга етиб боришини таъминлашди.

Сабинанинг қайнопаси Умида Ўлмасойни кутиб олиб, ўзининг яшаш уйига олиб келди. Фуқаролик паспортини олиб, “Энди сен мен учун ишлайсан. Бу ерга келишинг учун 15 минг доллар сарфлаганман. Бу пулларни қайтаришинг керак”, деди.

Ўлмасой телефонда гаплашган аёл шуми, бошқами, деб бироз иккиланиб қолди.

– Сабина менга бола қарайсан ёки бирор уй ишларида ишлайсан, харажатларни эса олган маошингдан тўлайсан, деганди, – деди соддалик билан.

– Сабина сени алдаган. Сен фоҳишалик билан шуғулланиб, қарзларингни қайтарасан. Унгача паспортинг менда туради, – деди Умида қатъий оҳангда.

Чорасиз қолган Ўлмасой унинг шартларига рози бўлиб, икки йил давомида Умидага ишлаб беришга мажбур бўлади. Шундан сўнг, Умида ўзининг жирканч жиноятини давом эттириб, Ўлмасойни туркиялик Ойзода исмли бир аёлга сотиб юборди. Ўз навбатида Ойзода ҳам унга 600 АҚШ долларлик харажатларини ишлаб беришини сўради. Бу ерда ҳам фоҳишалик билан шуғулланган Ўлмасой “Насим” исмли турк фуқароси билан танишиб қолди. Унинг ёрдами билан Анталия шаҳридаги ресторанлардан бирида идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга жойлашди. У “Насим” билан уч ойлар чамаси бирга яшаб, унинг ёрдами билан Ўзбекистонга қайтди. Ватанига қайтгач Ўлмасой ноинсофликка чидаб туролмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди. Суриштирув ишлари олиб борилиб, жиноятчиларнинг сирлари фош бўлиб, улар қонун доирасида тегишли жазога тортилди.

Фото: obho.ru

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s