Тунги шарпалар

тунги_шарпалар.jpg

Нафс инсонни не кўйларга солмайди дейсиз. Таассуфки, орамизда нафснинг ноғорасига ўйновчи, пул деб кўп нарсадан воз кечишга шай одамлар йўқ эмас. Қачонки, уларнинг боши деворга урилгандагина қилган ишидан, қилмишидан пушаймонлик туйиб, ҳаётида узр-маъзурга ҳам ўрин борлигини англаб етади.

2016 йилнинг 23 январидан 24 январига ўтар кечаси амалга оширилиши режалаштирилган бу “иш” ҳам нафс ҳукми эди. Судланувчилар Мурод Вафоев, Омон Йўлдошев, Козим Саидов, Темур Дўстов, Исмоил Маҳмудов (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) – бешовлоннинг муроди салкам қирққа, қолганлари ўттизга кирган-у, буни қаранг, қилмишлари учун суд олдида биринчи бор жавоб бераётгани йўқ. Аммо уларнинг бу галги жинояти ҳаммасидан ошиб тушди.

Аслида, воқеа қандай бошланган эди?

Мурод олдинги жинояти учун қамоқда жазо муддатини ўтаётганида Темур билан танишди. Темур у пайтлар қамоқхонага отасининг ҳолидан хабар олгани бир-бир келиб турарди. Шу-шу, икковининг гапи қовушиб кетди. Мурод жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин ҳам муносабатларни давом эттиришни маъқул кўрди. Ана шундай учрашувларнинг бирида дўстларнинг сафига навбатдаги шерик – Исмоил қўшилди.

2016 йилнинг 22 январида оқшом маҳали Темур ўртоғи Исмоил ва яна Козим исмли шахс билан борди.

– Ака, эртага яхши бир иш бор, – деди Темур. – Наманганга боринг, планни қиламиз.

Мурод бу фикрга, гарчи вазиятни олдиндан билмаса ҳам, эҳтимол нималигини тахмин қилгандир – рози бўлди. Сўнгра уйига кириб кетди. Эртасига у шаҳарга қараб йўл олди. Наманган шаҳридаги Давлатобод мавзесида, “Фазо” бекатида автобусдан тушди. Кўп ўтмай, бекатда Исмоил пайдо бўлди.

– “Олмазор” маҳалласида бир “Фура” ҳайдайдиган бойвачча бор, ўшанинг пулини ўмарамиз. Ҳозир эса юринг, объектни кўриб келамиз, – деди бамайлихотир.

Икковлон йўловчи машинага ўтириб, нишондаги уйни назардан ўтказиш мақсадида йўлга тушишди. Етиб боришганида, Мурод ҳовлини ён-атрофдан обдон кузатаркан:

– Пули бормикан? – деб сўради.

– Фураси бўлади-ю, пули бўлмайдими? Омон шу маҳаллада яшайди-ку, у айтган, – деди Исмоил гўё бу гапингиз ортиқча, дегандек.

Хуллас, шу жойнинг ўзида режа пишди. Улар кеч соат 21:00лар атрофида Олмазор маҳалласи тепасида, кўлга кетавериш жойдаги кўча бошида учрашишга келишиб олгач, тағин автобусга чиқиб, уйга қайтишди. Сўнг, ҳар эҳтимолга қарши бу ишга яна кимлар шерик бўлиши мумкинлиги жиҳатидан “номзодлар”ни ўйлаб қўйишди. Мурод шу мақсадда Козимга сим қоқди.

– Наманганда бир “тақачи” савдогар бор экан, братишкалардан эшитдим, – деди у ўз жаргонида. Кейин “братишкалар”нинг Исмоил ва Темур эканини айтиб, унинг кўнглини хотиржамлаб қўйди.

Хуллас, “Фазо” бекатида учрашишга келишилди. Шериклар соат 18:00 лар чамаси айтилган жойда ҳозиру нозир бўлишди. Режани яна бир бор кўриб чиқишди. Унга кўра, Мурод уйни кўздан кечирадиган бўлди. Исмоил ва Темур ўзларича унинг ортидан уйга киришни белгилаб олишди. Шу тариқа кеч соат 21:00 ларда астойдил “қуролланиб” – кимлигини танитмаслик учун ниқобланиб олишни мўлжаллаб, объектга – жабрдийда О.Б.нинг уйига йўл олишди.

Уйнинг орқа томонида хом ғиштдан қурилган, ҳали битмаган ҳовли бор эди. Исмоил ва Темур кузатувни ана ўша ҳовли томидан олиб боришди. Мурод билан Козим эса бу “миссия”ни “нишон”га олинган шахсни уйининг орқа томонида, ёнига контейнерлар тўсиб қўйилган девор ёнида амалга оширишга киришди.

Ҳовли кўринишидан қандайдир цехни эслатарди. Шу тариқа ярим соатча ўтди. Ҳовлига машина келиб тўхтади. Яна бир соатларча кутишга тўғри келди. Ҳамма ёқ жимиб қолганидан кейин, “кузатувчилар” ўринларидан қўзғалишди. Мурод ўзи кундузи кўриб, нималар қилиш кераклигини олдиндан чамалаб кетган ўша орқа эшик томонга юрди. Козим эса эшик ёнидаги тўнкага боғлаб қўйилган ипни кесишни режа қилди. Шу дам қолган шериклар ҳам ўша жойда ҳозирланишди. Исмоил пайт пойлаб ўтирмай, ёнидаги пичоқ билан ипни шартта кесиб ташлади. Шундан сўнг ёнидан из қолдирмаслик учун олиб келган қора қўлқопни олиб кийди, юзини ҳам ниқоблади.

Уйга киришди. Хоналарни ими-жимида бирма-бир кўздан кечиришди. Шу дам Мурод кириб борган хонада эр-хотин ҳеч нимадан бехабар ухлаб ётарди. Бирдан О.Б. уйғониб кетди. Шунда ўзига ташланиб қолган кимсани илғаб-илғамай қолиб:

– Кимсан?! – деб бақириб юборди.

Мурод О.Б.нинг юзига мушт туширди. Камига оёғи билан кўкрагига тепди. О.Б. мувозанатини йўқотиб, йиқилди. У шарпага бор кучи билан қаршилик қилиб, ўзидан итариб, дивандан пастга тушиб, ўзини ўнглаш учун хона четига отилди. Шу вақт жиноий шериклардан бири унинг орқасидан келиб:

– Тўхта, қимирлама, ғинг десанг сўяман! – деди.

О.Б. орқага ўгирилиб қараётган эди ҳамки, ўнг оёғига бир ниманинг қаттиқ санчилганидан кўзидан ўт чиқиб кетаёзди. Шунда босқинчилар икки киши эканини кўрди. Улардан бири қўлида учи яримой шаклида қайрилган пичоқни кўрсатиб, русчалаб: “Шовқин солма, бўлмаса иккинчи оёғингга ҳам тиғ ураман”, деб огоҳлантириб қўйди.

Бу пайт Козим билан Исмоил унинг турмуш ўртоғини босиб йиқитиб, қўйиб юбормай маҳкам ушлаб турарди. Сўнг жиноий шериклар қўлига нимаики нарса илинса – мато, рўмол билан эр-хотиннинг оёқ-қўлини боғлаб ташлашди. Исмоил уларга “бош-қош” бўлиб туриш учун хонада қоладиган, қолганлар эса “тинтув”ни давом эттирадиган бўлишди.

Бошқа хонага кириб борган Мурод ва Козим чироқни ёққан эди ҳамки, диванда бир қиз ухлаб ётган экан. Қиз қўрқиб уйғониб кетди.

– Сен жим турсанг бўлди, – дейишди жиноятчилар. – Отангнинг пуллари қаерда, шуни айт, сенга ёмонлигимиз йўқ.

Қиз билмайман, деди. Шундан сўнг Козим билан Мурод шкафдан шарф олиб, қизнинг ҳам оёқ-қўлини боғлаб ташлашди. Бошига чойшабни кийгизиб қўйиб, жим ётишини “тайинлаб”, ўзлари эр-хотин ёнган хонага қайтиб чиқишди.

– Пуллар қаерда, мен сени саккиз ойдан бери кузатаман, ҳар куни уйингга қоплаб пул олиб кирасан, қани улар? – деди Муроднинг жазаваси қўзиб.

– Ҳозир пулим йўқ, агар хоҳласаларинг топиб келиб бераман, – деди О.Б. инқиллаб ётган бир алфозда.

– Қопдаги пулларни айтяпман, қани?! – деди Мурод баттар тутақиб.

– Мен қопда пул олиб келмайман, қопда ҳайвонларга ем олиб келган бўлишим мумкин, – деди О.Б. қўрқув аралаш.

– Сени қандай қилиб пулинг бўлмаслиги мумкин, ана, ҳовлида иккита машинанг турибди!

– Машиналарни миниб кетаверинглар, розиман, фақат оиламни тинч қўйинглар, – деди О.Б.

– Агар пулнинг қаердалигини айтмасанг, уйингга қўямиз, – деди шериклардан бири ғазабланиб.

– Пул йўқ…

– Ушла, қулоғини кесамиз.

Бу дам шериклардан бири жабрдийданинг чап қулоғини ушлаб, пичоқни тегизди.

– Пул йўқ, ахир.

– Унда қўлини кес, – деди О.Б.нинг устига кўндаланг ўтирганча боядан бери буйруқ бераётган кимса. Шунда шериклардан бири О.Б.нинг сонига пичоқ санчиб, пичоқни ичкарига бураган ҳолда босиб тураверди.

– Муҳлат беринглар, топиб келаман, – деди оғриқ зарбига чидолмай О.Б.

Мурод шерикларига “Пулни топларинг”, деб буюрди. Улар хонадан чиқиб кетишди-ю, қуруқ қўл билан қайтишди. Ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилишди, бироқ пул топилмади. Улар бозор баҳоси бир миллион сўм турадиган тилла зиракни олиб, воқеа жойидан яширинишди. Энди уларнинг бирдан-бир мақсади ўзидан шубҳали из қолдирмаслик, ҳовлини шу йўсин тарк этиш эди.

Бироқ, қонун таъқибидан ҳеч кимса қочиб қутулолмаслигини босқинчилар унутиб қўйишганди. Қилмиш – қидирмиш, дейдилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қилни қирқ ёрувчи ходимлари мазкур жиноятни иссиқ изидан тезда фош этишди. Босқинчиларнинг ҳар бири суд ҳукми билан узоқ йиллик муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.

Манба: Диёнат газетаси

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s