Ҳавога совурилган умр ёки арзимаган гап сабаб пичоқланган йигит

хавога_совурилган_умр.jpg

Инсон қачон ўзидан, ахлоқ нормаларидан чиқиб кетиши мумкин? Нимадир асабига қаттиқ таъсир қилганида, тарбиясида ноқислик бўлганида ёки спиртли ичимлик истеъмол қилганида. Мана шу охиргиси бинойидай одамни бир пасда жиноятчига айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Акс ҳолда олий ўқув юртида таҳсил олиб юрган ёш йигит бугун ўқишни давом эттириш ўрнига панжара ортида ўтирармиди?!

Ҳа, Ҳамид Воҳидов (исм-шарифи шартли) Наманган муҳандислик педагогика институтининг учинчи курс талабаси эди. Эндигина 22 ёшга тўлганида арзимас сабабдан бошланган жанжал туфайли қора курсида ўтирибди, деб ёзади Диёнат газетаси.

У янги йил арафасида ўртоқлари билан хурсандчилик қилгиси келди. Ўтган йилнинг 23 декабрь куни бешовлон шаҳардаги “Зоҳидабону” хусусий фирмасига қарашли ошхонага бориб ўтиришди. Еб-ичиб, кайф-сафо қилишди. Кейин Ҳамид кайфи тароқ ҳолда ташқарига чиқди, нарироқда ўзаро тортишиб турган бир йигит ва қизга кўзи тушди. Йигит қизни туртиб юборди, қиз йиқилгач, Ҳамид уларга нима бўлди, нега жанжаллашаяпсиз, дея гап ташлади турган еридан. Уларнинг аҳволи ҳам Ҳамидникидан асло кам эмасди, иккиси ҳам маст ҳолатда эди.

– Сен бизни ишимизга аралашма, йўлингдан қолма! – деди йигит.

Биргина шу гап Ҳамиднинг қонини қайнатди. Ғазаби қўзиб, оғзига келган ҳақоратли сўзлар билан уни “сийлади”. Икки ўртада чиққан жанжал, бақир-чақирдан хабар топган шишадош ўртоқлар етиб келиб, уларни тинчлантиришга, ажратишга ҳарчанд уринишмасин, алкоголдан тўйган бу гумроҳлар, айниқса, Ҳамид ўзини босиб олиши қийин бўлди. Агар икки таниши унинг қўлидан тутиб, ичкарига судрамаганида ўша пайтнинг ўзидаёқ у бир фалокатни бошлаши аниқ эди. Афсуски, у бу ишни кейинроқ бўлса-да, барибир содир этди…

Улар икки томонга тарқалишганига қарамай, Ҳамиднинг елкасига ўтириб олган шайтон уни тинч қўймади. Бир кўришдаёқ рақибга айланган ўша йигитни бир ёқли қилишини айтиб, уни яна жойидан қўзғатди. Шишадошларнинг кўзини шамғалат қилиб ташқарига чиқди, қараса, ҳалиги йигит шериги билан йўлда кетяпти. Уларга қарата қичқириб, қўлидаги сувенир пичоқни кўрсатди ва пўписа қилди. Унинг ортларидан қутурган шер каби қувиб келаётганини кўрган “рақиб” қўрқиб кетди. Катта йўлнинг қарама-қарши томонига қочиб, темир тўсиқдан ўтаётганида ҳаллослаганича етиб келган Ҳамид йигитнинг уч-тўрт ерига жароҳат етказишга улгурди. Унинг пичоғини кўргандаёқ юрагига ғулғула тушган жабрланувчи эса бир пасда содир бўлган бу воқеадан гангиб, фақат юзини тўсиб ҳимоя қила олди, холос. Яхшиям бу ғазаб отига минган кимсанинг шериклари етиб келишди. Улар озгина кечикишганида жабрдийда йигит омон қолиши гумон эди. Жабрланувчи шифохонага ўз вақтида етказилди. Акс ҳолда бир нечта жойига, айниқса, чап кўкракка икки марта етказилган жароҳат туфайли ҳаётдан кўз юмиши эҳтимолдан холи эмасди. Унга чап томонлама гемопневмотаркс, иккинчи даражали ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Шунга қарамай, у Ҳ. Воҳидовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирди. Балки ўзидан ҳам бирор хато ўтганини англагандир ёки ҳаёт ва ўлим орасида курашиб, инсон ҳаёти бебаҳо эканини, бир тенгдошининг тақдири жиноят билан боғланиб қолмаслигини истагандир. Аммо инсон хато қилмай туриб, ахлоқ нормаларини бузмасдан муносабатда бўлгандагина ўзини муаммолар гирдобидан асраб қолишини вақтида тушунгани тузук…

Ушбу жиноят ишини атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди судланувчи Ҳ. Воҳидовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси, иккинчи қисми, “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топди. Суд жиноятчига ушбу моддалар ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Биргина ичкилик ва арзимаган гап-сўз туфайли икки инсоннинг бири соғлиғидан, хотиржамлигидан, бири озодлигидан маҳрум бўлди. Аслида, бундай кимсалар инсон деган номга лойиқмикин? Лойиқ бўлганида аввалдан қасдлашмаган, бир-бирига бутунлай нотаниш бўлатуриб, икки оғиз ноўрин сўз учун шу ҳолга тушиб ўтирармиди?! Ичкиликни сувсаган туядек симириш шу ёшда улар учун нега керак бўлиб қолди?! Уларни юриш-туришини назорат қилиб, тартибга солиб турадиган ота-она, маҳалла-кўй, устозларнинг насиҳатлари ҳавога учдими ё бундай назорат асли бўлмаганмиди?! Қилдан қийиқ ахтариб жиноятга қўл урадиган бундай бебош ёшлар ҳар доим назоратда бўлмас экан, улар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам ана шундай жабр қилиб қўйиши мумкин. Бундан огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s