Синоат: Жинкўйлак

420x232_article_1476078985_TGOiH7.jpg

“Бувимнинг кўйлаги аммамни қабр томонга етаклаган экан”

Мактублар бизга муштарийлардан турли янгиликлар, кечмишлар, қувончу андуҳлар келтирувчи восита десак янглишмаймиз. Сабаби, кимдир дардини ёзиб юборса, бошқа бироқ севинчини бўлишади. Яна кимдир ҳаётидаги сирли воқеани ҳаяжон билан бизга битиб йўллайди. Ушбу хат ҳам ана шундай ғаройиб воқеани жиззахлик мухлисимиз Назира Қулмуҳамедова тилидан ҳақида сўзлайди.

Бу воқеа содир бўлганида мен кичкина қизалоқ эдим. Ўшанда ҳамма ёппасига Гулсара аммам ҳақида гапирарди. Элас-элас эслайман, ҳатто бир қўшнимиз мени тўхтатиб, “Аммангни кўрдингми? Жинни бўлиб қолибдими? Ўз-ўзидан югуриб кўчага чиқиб кетяптими? Уйларингга олиб келдингларми?” деб сўраганди. Мен ҳали бола бўлганим боис, елка қисиб қўяқолгандим. Лекин уйда ҳам отам, амакиларим, онам ва янгаларим барчаси пичир-пичир қилиб нималарнидир гапиришар, ора-сира “Гулсара” деган гап қулоғимизга чалиниб қоларди.

— Ваҳима қилманглар. Эри билади. Қайноналарининг қулоғига етмасин. “Ажраштираман”га тушади, — отамнинг ташвишли гапларини яққол эшитгандим ўшанда.

— Ўтиб кетади. Энамнинг ўлимини кўтара олмаяпти. Қайнонаси ҳам тушунар, — деганди онам далда бермоқчи бўлгандек бўлиб.

Нималар бўлаётганини биз болалар билмасдик. Билганим, икки ойча аввал бувим вафот этганди. Ҳамма қайғуда. Лекин бирдан бу ғам унутилиб, бошқа бир ташвиш бошлангандек, уйда тинимсиз шивирлашишлар ва шошиб чиқиб кетишлар бошланганди. Гоҳида отам ярим кечаси ҳам чиқиб кетарди.

— Уйга олиб келамиз. Бунақада бўлмайди. Ўтган сафар нимадан яхши бўлганди? — деди бир куни отам тонг саҳарда уйга кириб келиб. — Кечаси билан олишиб чиқдим. Куч бермайди. Худди ичида дев бордек. Аёл кишида ҳам шунча куч бўладими?

— Болалар қўрқиб қолмайдими? — онам хавотир билан гапирди.

— Безарар. Фақат… кўчага интилади. Жа бўлмаса, бойлаб қўямиз… Бошқа чора йўқ…

Шу суҳбатдан сўнг тушга яқин машинага ўтқизиб аммамни уйга олиб келишди. Очиғи, ўшандаги аммамнинг чеҳраси кўз ўнгимда қолиб кетган. Бақрайган кўзлари, рангсиз юзи, тўзиган сочлари…

Жуда қўрқинчли эди. Меҳрибон ва маъсума аммамдан асар ҳам қолмаганди.

— Жойимга бораман! — машинадан чиқа солиб, кўчага қараб югурди аммам.

Отам ва амаким зўрға ушлаб қолишди. Уйга олиб кириб, устидан қулфлаб қўйишди.

— Очинг! Очинг, жойимга боришим керак! — тинмай бақирарди аммам.

— Яхши бўлиб қолганди-ку, — биз каби онам ҳам қўрқиб кетди.

— Ҳа, туппа-тузук бўлиб қолганди. Бирдан яна ўзгарибди… — отам ҳорғин ва анча чўкиб қолганди. — Нима қилиш керак, ҳайронман… Кечдан буён туз тотмаган. Бирор ниманг бўлса, бер. Едириб чиқайлик…

Онам дарҳол овқат сузиб келтирди. Амаким ва отам таомни олиб, аммам ўтирган уйга кириб кетишди.

— Бир қошиқ ҳам ичмай туриб, ўзини эшикка урди. Овқат ҳам тўкилди. Кийими ҳам равсо бўлди. Кўйлагингиздан бераркансиз. Кириб алмаштириб ҳам қўясиз-да, — деди амаким бўш косани кўтариб чиқиб.

Онам ўзининг кўйлагидан олиб кириб кетди. Отам чиққач, онам аммамга ширин гапириб овқат тўкилган кийимини алмаштиришга киришди. Отам ва амаким эса эшик ёнида ғамга ботиб ўтирарди. Ўн дақиқа ўтди, йигирма дақиқа ўтди, онам чиқмади. Охири отам эшикдан ичкарига мўралади:

— Нима қиляпсизлар?

Аммам ўтирган хонага кирган амаким ва отам ҳайратдан донг қотишди. Мен ҳайрон эдим. Сабаби, бояги қўрқинчли аммамдан асар ҳам қолмаган, аввалгидек беозор ва ширинсухан аммам жилмайиб ўтирарди. Мени кўриши билан қучоқ очди:

— Кел асалим, соғиндим сени…

Мен ўзимни аммамнинг қучоғига отдим.

— Тузукмисан? — отам хавотир билан сўради.

— Ҳушдан кетдимми, ака? Кўзимни очсам, янгам олдимда экан, — аммам ўзининг аҳволидан бехабар эканлигини маълум бўлди.

— Ҳа, овқат бераман, деб кийимингни ҳам расво қилдик… — гап топа олмай ерга қаради отам.

— Онамнинг кўйлаги. Шу кўйлагини кийсам, оғирлашяпман ўзи. Энди киймайман. Ўтган сафар кийганимда ҳам сизлар уйга борган экансизлар. Ўшанда ҳам ҳушдан кетганмидим? — отамга қаради аммам.

Ўша-ўша аммам ўзи айтганидек, бувимни кўйлагини бошқа киймади. Қайтиб қўрқинчли тусга кирмади ҳам. Айтишларича, ўшанда чиндан ҳам бувимнинг кўйлаги аммамни қабр томонга етаклаган, шунинг учун “Жойимга бораман”, деб кўчага интилган экан. Шундан сўнг бувимнинг кўйлагини қабристонга олиб бориб, ёқиб юборишди. Аммам ва кўйлак билан боғлиқ воқеа эса ҳамон сир. Оддийгина кўйлакнинг қандай қилиб аммамни жинни бўлар ҳолга солганини ҳеч ким изоҳлаб бера олмайди. Аммам эса бу воқеани кулиб “Жинкўйлак кийган пайтларимда”, деб эслайди…

КАМИНА оққа кўчирди

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s