“Иффатимни сақлай олмаганимга бувим айбдор”

420x232_article_1476165502_X5GV8l.jpg

— Яқинда 17га кираман. Тиббиёт коллежининг биринчи босқичини тамомлаяпман. Бир йил аввал амаким бизнинг ҳовлимизни сотиб, ўрнига ўзи учун бошқа уй олди. Шунинг учун бувимникига кўчиб ўтишга мажбур бўлдик. Ўшандан буён бошимиз муаммодан чиқмайди. Биз бувимларга, улар ҳам бизга ўрганолмай қийналдик. Нимага у киши ўз набирасини бунчалик ёмон кўришини ҳеч тушунолмайман. Дадамга «Қизинг йигитлар билан «юради», жуда очиқ кийинади» деб ёмонлагач дадам биринчи марта менга қўл кўтарди. Бир ойлардан кейин аммамларникига йиғинга бордик. Дастурхонларни йиғиштираётгандик аммам бизни ҳамманинг олдида ўғрига чиқариб, изза қилди. Эртаси куни ўқишдан келсам, онам уйда йўқ. Суриштирсам бувим онамни бузуққа чиқариб, роса дўппослатиб, отасининг уйига жўнатиб юборибди. Ўшанда чидаб туролмай у кишига қаттиқ гапирдим ва укамни олиб, онамнинг олдига ташлаб келдим. Келсам уйдан пул йўқолганини айтишди. Табиийки, бунга мен айбдор эдим… Яна ўша аҳвол, дадам мени урди, йиғладим. Кўнглимдан нималар кечганини таърифлаб беролмайман. Энди бу уйга қадам босмайман деган қатъи қарор билан анҳорга бордим. Сув бўйида ўтириб бироз тинчландим. Шу пайт ёнимга бир йигит келди. У билан танишдик. Бирга айландик, суҳбатлашдик, кинога тушдик. Ўша пайтда ҳаёлимдан дунёда яхши инсонлар ҳам бор экану деган фикрлар ўтарди. Соат 22:00 бўлди ҳамки уйга бориш ҳақида ўйламасдим. У ишлайдиган ташкилот шу яқин атрофда экан, иш жойини менга кўрсатиш учун олиб борди. Хуллас тунни ўша йигит билан ўтказдим. Эрталаб эса ҳеч нарса бўлмагандек, чиқариб юборди. Бўлиб ўтган воқеани онамга айтгандим, дарҳол шифокорга етаклади. Аксига олиб шифокор аммамнинг таниши экан, бу гаплар охир оқибат дадамнинг қулоғига етиб борди. Отам «Ўзини ўлдирсин, мени бундай қизим йўқ» дебди. Онам ва аммам ўша йигитнинг иш жойига боришди, бироқ у тан олмади. Энди бувим ҳар куни қилган хатомни юзимга солиб, мени қийнаяпти. Дадам эса гаплашмаяпти. Нима қилишни билмай қолдим. ҳаёлимда худди ҳамма қўлини бигиз қилиб мени кўрсатаётгандек туюлаверади.

Исми сир тутилди.

Қайнонажон: — Афсус, минг бора афсус. Оиладаги кўнгилсизликлар тўлқини сизни умидсизлик, бахтсизлик қирғоғига чиқариб ташлабди. Кимнинг оиласида ҳар куни байрам экан, ўйлаб кўрдингизми? Ҳаммада ўзига яраша муаммолар, ташвишлар, тушунмовчиликлар бор. Бувижоннинг хавотирларида ҳам жон бор экан-да аслида. Наҳот билмаган, танимаган бегона эркакка ишониб кетаверасиз. Эҳ, нодонгина қиз-а… Бу шармандаликни отангиз кўтариши қийин-да, болажоним. Бироқ бўлган иш бўлди, энди тўғри йўлни танлаш керак. Шу ўринда катталарга айтадиган икки оғиз сўзим бор. ҳаёт ташвишларида сочи оқарган бувижони, болангизни боласига бунчалик бераҳм бўлманг. Ўйнаб гапирсанг хам ўйлаб гапир дейдилар. Ёшлар ғўр, нодон, қизиққон бўлишади, буни биласиз. Балки, қизгина сўзларингизга аччиқ қилиб, шу мудҳиш хатога йўл қўйгандир, шу ҳақда бир ўйлаб кўринг. Сиз-чи, ОТА номини кўтариб юрган укам. Нега оилангизни, аҳли аёлингизни ҳимоя қилолмай қолдингиз. Хотинни онасиникига ҳайдаб, болаларни ҳайрон-сарсон қилган билан бўйнингиздан оталик карзи олиб ташланмайди, жон ука! Кўзингизни каттарок очинг! Эркаксиз, элнинг улуғи, оила бошлиғи, Худо берган азиз неъмат-фарзандларнинг падари бузрукворисиз. ҳамманинг бошини бирлаштириб, болаларга ўрнак кўрсатиб аҳил яшамаганингизнинг, уларнинг тарбияси билан шуғулланмай, ташлаб қўйганингизнинг, вазият шу ҳолга келгунича томошабин бўлиб ўтираверганингизнинг жабрини тортаяпсиз энди. Шундан кейин ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланмасангиз, ҳолингиз хароб, ишонаверинг. Ақл ўргатишдан йироқмиз. Бир жамиятда, бир замонда яшаяпмиз, шу сабадан ҳам бир-биримиз учун масъулмиз. Ўзингизни қўлга олинг, йўл қўйган хатоларингизни тузатишга ҳаракат қилинг.

Шаҳноза Ҳалилова, руҳшунос: — Муаммо бошқа уйга кўчиб ўтгач бошланди дебсиз, аслида аввал бошдан оилангизда тартиб-интизом йўлга қўйилмаган-у, янги муҳитда шу камчилигингиз кўриниб қолгандек тасаввур пайдо бўляпти менда. Бунда кимнидир айблаш фикридан йироқман. Сиз ҳам хатоларингизга бувингиз ёки бошқаларни айбламанг. Йўл қўйган хатонгизга келсак, агар ёш болаларча тантиқлик билан ҳаётга енгил қарамаганингизда, ўйлайманки, бунчалик ташвишлар гирдобида қолмасдингиз. Кимларгадир аччиқ қилиб, нималарнидир исботлаш учун ҳаётингизни бузишингиз шартмиди? Ҳатти-ҳаракатларингиздан эътибор, меҳр етишмаётганлигини кўриш қийин эмас. Аммо ота-онанингизни қайта тарбиялашнинг имкони йўқ. Шундай экан, ўзингиз ҳаётга катталарча қарашни ўрганинг. Ҳар бир қилган ишингиз учун масъулиятни бўйнингизга олишга ҳаракат қилинг. Хатоларингиздан кейин яқинларинигиз сизга нисбатан қандай муносабат қилишларини кутяпсиз? Тушкун ҳолатдасиз, тушунамиз, бироқ аламларингизни ҳаётнингизни барбод қилиш йўли билан олишни бас қилиб, камчиликларингизни тузатиб, тўғри яшашни ўрганинг. Ховлиқмай, ўйлаб қарор қабул қилишга одатланинг. Ҳаётингиз изга тушиш учун, албатта, тартиб-интизомга ўрганинг.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s