Норасидага урган қарғиш

detskiy-stress.jpg

Дониёр ўрнидан туриб палата эшиги ёнига борганди, йўлакдан отаси ва бош врачнинг сўзлари қулоғига чалинди. Врач бундай вақтда айтиладиган сўзларни тўтидай такрорлади. Содиқ ака эса ғалати овоз чиқарди. Чамаси, у ўкириб йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Тағин врач: «Жим! Беморга сездириб қўйманг. Уни уйга олиб боринг, нима истаса қилсин. Хоҳлаган нарсасини есин», деди. Содиқ ака ўзини қўярга жой топа олмай у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади. Бир зум унга қараб турган врач индамай хонасига қараб кетди. Дониёр эса қайтиб ўрнига ётди ва «Худога шукр, ниҳоят, буларнинг барчасидан қутулар эканман. Алвидо сизга, азоблар дунёси», деди. Аммо кўксида нимадир чирс этиб узилгандай бўлди. Шу пайт палатага отаси кириб келди. У Дониёрни кўриши билан унга:

— Ўғилтой, сизга зўр янгилик, — деди ясама тантанаворлик билан. Аммо гап сўнгида овози титраб кетди. Лекин буни ўғлига сездирмасликка уриниб, йўталиб олди. — Бугун жавоб беришди, энди уйга кетамиз. Врач билан гаплашдим. Жуда зўр, деди. Энди бир-икки ойлардан сўнг келиб кўрикдан ўтиб кетсанг бўлди экан. Ётиб даволаниш шартмас. Тузалиб кетибсан!

Дониёр отасига қараб туриб бўғзи ачишиб, кўзига ёш келганини сезмай қолди. У ўлимдан қўрқиб эмас, отасининг ҳозирги аҳволига кўзёш қилаётганди. Содиқ ака эса ўғлини тузалиб кетганини эшитиб, севинганидан йиғлаяпти деб ўйлади ва баттар кўнгли бузилди.

Улар шоша-пиша нарсаларни йиғиштира бошлашди. Дониёр отасига қарашар экан илк бора шифохонага қайтиб келмайдиган бўлиб кетаётганини ҳис қилди. Кейин дори-дармон ва энди ювилган полнинг намхуш ҳидига тўла палата ҳавосидан ўпка тўлдириб нафас олди. Дониёр учун ҳатто мана шу ҳид ҳам қадрдон эди. У шифохонанинг ҳидига шунчалик ўрганиб қолган эдики, уйига борган пайтлари ҳеч кимга сездирмай укол-дорилар солинган пакетни очиб, тўйиб-тўйиб ҳидларди. Ҳозир ҳам мана шунинг хумори тутиб хонадаги ҳаводан захирага олиб кетадигандай чуқур-чуқур нафас олди. Содиқ ака унинг бу ҳаракатини кўриб:

— Ҳа, ўғлим, тинчликми? — деди хавотир билан.

— Тинчлик, ўзим шундай, — деди Дониёр ва игна суқилавериб кўкариб, қорайган билагига термилиб қолди.

Кейин ҳар бир игнанинг изига синчиклаб қаради. Тағин ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан чап билагидаги игна изларини бирма-бир ушлади. Ҳар бир ҳамшира қандай укол урадию, ундан сўнг қайси шаклда из қолишигача биладиган Дониёр уларни номма-ном айтиб чиқди: «Нодира, Дилбар, Ойқиз ва Хуршида». Кейин чап кўксида оғриқ турди. Буни отасига сездиргиси келмай аввал ўрнига ўтирди, кейин уйқуси келганини баҳона қилиб ётиб олди. У ўрнига ётиб, кўзойнагини олган эди, палата шифтини оппоқ туман қоплаб, ҳеч нарса кўринмай қолди. Дониёр «Буткул кўр бўлиб қолмай куним битса яхши эди», деб ўйлади.

* * *

Дониёр ўн ёшга тўлганда Содиқ ака ўғли олисга қараганда кўзи ғалати бўлишини пайқаб қолди. Уни қаратиш учун шифохонага олиб борди. Шифокорлар касаллик сабабини ахтариб Дониёрда мия саратони борлигини аниқлашди. Ўсимта жуда секин ривожлангани билан кўпаядиган туридан бўлиб чиқди. Шу боис уни операция қилишмади. Аммо муттасил равишда ўсимтани ўсишдан тўхтатадиган укол-дорилар бериб туришди. Шу боис у ўн ёшидан буён тез-тез касалхонада даволаниб чиқарди. Охирги уч йилда эса ўсимта нафақат кўзига, балки асаб толаларига ҳам таъсир кўрсата бошлади. Унинг кўзи хира тортиб борар, боз устига тез-тез бошида оғриқ туриб, ўзини лоҳас сезадиган бўлиб қолди. Шунга яраша укол-дорилар миқдори ҳам кўпайди. Доимий даволанишлар ва ҳасталик азоби Дониёрни жонидан тўйдириб юборганди. У боя сўнгги куни яқинлигини эшитиб, унчалик ваҳимага тушмаганининг сабаб шу эди.

* * *

Энди бу азоблардан осонгина қутуламан, деб ўйлаган Дониёр ҳақиқий қийноқлар олдинда эканини уйига қайтиб келгач уч кун ўтиб билди. Боши шу қадар кучли оғриқ бердики, энг яхши дорининг ҳам нафи тегмади. Дониёр жон аччиғида азоб чекаркан «Нега айнан мен?» деб ўйлади. Сўнг палатадошини ёдга олди. Умри поёнига етиб бораётган отахон ўшанда: «Бу дунёда қувонч ҳам, қайғу ҳам бесабаб рўй бермайди», деганди. Дониёр шу гапни эслаб, болалигидан то шу кунгача боши хасталикдан чиқмагани учун сабаб ахтара бошлади. Аммо арзирли сабаб тополмади. У ўзини қийнаётган саволга жавоб топиш учун отасини сўроққа тутди:

— Дада, — деди у иккинчи қаватдан пастга қараб тураркан, — илтимос, ростини айтинг, нима учун айнан мен касал бўлганман? Бунинг сабаби нима?

Содиқ ака ўғлидан кўзини олиб қочди ва:

— Худо суйган бандасига дард беради-да, ўғлим. Мана энди яхши бўлиб кетасан, оз қолди, — деди зўрға тили сўзга айланиб.

— Алдаманг! Ҳаммасини яхши биламан… Ўлишдан қўрқмайман, фақат… сизни ва онамни ўйлаб сиқиламан. Дада, илтимос, айтинг, нима учун айнан мен?! Гуноҳим нима?

Содиқ ака ўзини босиб туролмади. У юзини кафти билан тўсиб, ўкириб йиғлаб юборди ва хонадан отилиб чиқиб кетди. Шундан сўнг Содиқ ака туни билан ухлай олмади. Ўғлининг саволи жон-жонидан ўтиб кетганди. У шулар ҳақида ўйларкан бир замонлар бўлиб ўтган воқеа кўз ўнгига келди.

Ўшанда Содиқ ака иккинчи курс талабаси эди. У ёзги таътил бошланишидан олдин курсдоши Сабоҳатга дил изҳори қилди. Сабоҳат ҳам унга бефарқ эмас эканми, тезда розилик берди. Шу билан уларнинг бахтли кунлари бошланди. Иккаласи дарсдан сўнг хиёбонларда айланар, таътил вақтида ҳам бирор баҳона билан уйдан чиқиб, учрашиб туришарди. Кунлар ўтгани сари уларнинг муносабатлари чуқурлашиб борди. Энди улар бир-бирисиз яшай олмайдиган бўлиб қолишди. Шу тариқа янги ўқув йили ҳам бошланди. Улар учинчи курсга ўтганида Содиқни ота-онаси уйлантирмоқчи бўлишди. Шу боис ундан кимгадир кўнгил берганми ёки йўқлиги ҳақида сўрашди. Содиқ эса Сабоҳат ҳақида ота-онасига айтди. Улар вақт ўтказмай совчиликка бориб келишди. Сабоҳатнинг ота-онаси ҳам рози бўлишди. Аммо улар тўйга бироз шошмай туришларини, ёшлар аввал ўқишни тамомлаб олиб, ишга жойлашишларини айтишди. Содиқнинг уйидагиларга ҳам бу таклиф ёқиб тушди. Шундан сўнг улар очиқ-ошкора учрашадиган, институтда ҳам бир-биридан айрилмай юрадиган одат чиқаришди. Улар ана шундай бахтли юрган кунларнинг бирида Сабоҳат:

— Тўйни тезлаштирмасак бўлмайди, — деб қолди.

— Нега? — ажабланиб сўради Содиқ.

Бунга жавобан Сабоҳат фарзанд кутаётганини айтди. Буни эшитган Содиқнинг фиғони чиқди:

— Эсинг жойидами? Ўйлаб гапирсанг-чи! Ахир қандай қилиб сени бу аҳволда уйга киритаман, эшитган кулмайдими? Ўзинг биласан, синфдошим шундай аҳволга тушгани учун ўртоқларим ҳалиям уни гапирмайди.

— Бу нима деганингиз ахир?! Ҳаётимизни бировларнинг гапига қараб ўзгартирмаймиз-ку!

— Менга ақл ўргатма, билдингми! Хуллас, гап шу: ё болани йўқ қиласан, ёки алвидо! — деди Содиқ.

— Нима, бунинг учун фақат мен айбдорманми? Қолаверса, агар ундан воз кечсам, кейин ҳеч қачон болали бўлмаслигимиз мумкин. Шуни биласизми?

— Билишни ҳам, эшитишни ҳам истамайман!

Содиқдан буни кутмаган Сабоҳат кўнглидаги гапларни тўкиб солди. Бундан ғазабланган Содиқ кетар экан атайлаб Сабоҳатни қаттиқ туртиб юборди. Зина ёнида турган Сабоҳат йиқилиб тушди. Унга қайрилиб ҳам қарамаган Содиқ зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди. Сабоҳат эса зўрға ўзини ўнглаб, ташқарига чиқди. Аммо тоби қочиб ўриндиққа ўтириб қолди. Унинг аҳволини кўрган курсдошлари «Тез ёрдам» чақиришди. Кўп ўтмай Сабоҳатни жарроҳлик столига ётқизишди. Шифокорлар унинг жонини сақлаб қолишди-ю, аммо Сабоҳатга бир умр бефарзанд ўтишини айтишди. Бу хабарни эшитган Содиқ шифохонага уни кўриш учун келди. Сабоҳат эса юзини терс буриб:

— Бир умр болангнинг қийналаётган юзига қараб азобланмасанг, рози эмасман! — деди.

Шундан сўнг у бошқа бирор сўз айтмади. Кейин Содиқ бошқа қиз билан ҳаётини боғлади. Кўп ўтмай улар фарзанд кўришди. Аммо уларга Дониёрдан бошқа бола насиб етмади. Дониёр ўн ёшга тўлгач эса Содиқ аканинг бахтли ҳаётига соя тушди. Ўғли тузалмас дардга чалинган эди. У шу вақтгача бунинг сабаби ҳақида ўйламас, Сабоҳатнинг гапларини эса аллақачон унутиб юборганди. Дониёр ундан «Дунёда ҳеч нарса бесабаб бўлмас экан. Хўш, унда мен нима учун бундай азоб чекишим керак? Гуноҳим нима эди?» деб сўраганидан кейин Сабоҳат билан боғлиқ воқеани эслади. Сўнг кўз олдига ўғлининг илтижо билан қараб турган нигоҳи келди ва бир вақтлар қилган хатосини тушуниб етди. Аммо энди кеч бўлганди…

Қувончбек ХУДОЙШУКУР

 

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s