Тош ҳайкалнинг қасоси

kapriznyy-starik-6.jpg

— Бува, анави одам ким? — сўради Мансур сартарошхонанинг олдида хаёлга чўмиб ўтирган чеҳраси тунд, уст-боши кир одамни кўрсатиб.

Неварасининг қўлидан етаклаб, сартарошхона томонга келаётган Муҳаммад ота Нурмат чолни кўрди-ю, ранг-рўйи оқариб кетди. Кейин қошларини чимириб:

— Э, Худо уриб қўйган банда-да, болам, — деди-ю, тағин тилини тишлади. — Астағфируллоҳ, Ўзинг кечир! Юр, болам, уйга қайтамиз. Соқолни қиртишлагани бошқа куни келамиз.

Мансур бобосининг бирдан ортига ўгирилганига ҳайрон қолди. Ахир ҳамма ишини ташлаб, шу ерга келаётганди-ку! «Ўзинг кечир!» деб кимга айтди? «Худо уриб қўйган банда» нима дегани? Бундай гапни ҳеч эшитмаган экан.

— Худо уриб қўйган банда, нима дегани, бобо? — дея сўради болакай бу сўзларнинг маъносини англашга уринаркан.

— Катта бўлганингда тушуниб оларсан, болам, — деди чол бошини эгиб.

Болакай бобосининг феълини билади. У жавоб беришни истамаганида доим бошини эгиб, жим бўлиб қолади. Ҳозир ҳам шундай қиляптими, демак, минг чирангани билан бу саволига жавоб ололмайди. Мансур ғизиллаб ўтиб-қайтаётган машиналарга завқ билан қаради. Ҳалиги чол бирпасда эсидан чиқиб кетди. У билан бирга бобосига берган саволи ҳам. Муҳаммад ота эса ўйга чўмиб борарди. Қанийди у ҳам барини унутса, ҳамма нарсадан ҳайратланадиган мана шу боладай бирор нимага андармон бўлса. Невараси танимаган Нурмат чол яқиндагина бу ерларга келиб қолган. Бу одамни Муҳаммад ота яхши танийди. Бир умр унга нисбатан нафрат ҳисси билан яшади. «Учратиб қолсам, ўз қўлларим ўлдираман!» деб юрарди. Аслида, ифлослик қилиб, қишлоқдан қочиб кетган номардни излаб, шаҳарга келганди. Кейин бегона жойларда, бегона одамлар орасида яшаб қолди. Шу ерда уй-жой қилди. Уйланди. Бола-чақали бўлди. Мана энди невараларини етаклаб юрибди. Юзига ажин тушди, сочлари оқарди, соқоли кўкрагига тушадиган мўйсафид чолга айланди, лекин Нурматни асло унутмади, у қилган ёвузликни ҳам. Нафрати юрагини тарк этмади, муҳаббати ҳам. Бироқ ёши бир жойга бориб қолганда уни учратди. Ичиб-ичиб абгор бўлган чолнинг таъбни хира қиладиган даражадаги кир-чир уст-бошини кўрганда, бирдан юрагини оловлантирган нафрати сўнди-қолди. «Буни Худо уриб қўйибди-ку, нимасини ўлдираман», деб ўйлади ўзича. Кексалик гаштини суриб, фарзандлари ардоғида ўтирадиган ёшга етган чол бировларнинг эшигида тентираб юрибди. На уй-жойининг ва на еяр-ичарининг тайини бор. Ит эди, итдай ўлиб кетади. Рисолатнинг уволи тутди уни. Шулар ҳақида ўйларкан, бирдан Муҳаммад отанинг кўз ўнгида илк муҳаббатининг қиёфаси гавдаланди. Чиройли қадди-қомат, майда ўрилган узун сочлар, қора кўзлар, қайрилма қошу узун киприклар… Қизнинг гўзал чеҳрасию жон олувчи қарашларини эслади. Юрагини бир нима куйдириб ўтди. Мана шу ғараз ниятли Нурмат бўлмаганда, у Рисолатга уйланар, она қишлоғида бир умрга яшаб қоларди.

Муҳаммад Нурмат билан ёнма-ён қўшни эди, болаликдан бир мактабга, бир синфга боришган, бирга тўп тепиб, катта бўлишганди. Тақдир экан, бир қизга кўнгил қўйдилар. Бироқ сулув қиз Рисолатнинг кўнгли Муҳаммадда эди. Қиз талашиб, икки дўст даланинг ўртасида ёқалашиб қолишди.

— У меники бўлади, барибир! — деди Нурмат дўстидан хафа бўлганча ортига қарамай кетаётган Муҳаммаднинг ортидан бақириб.

«Ит ҳурар, карвон ўтар, минг чирангани билан қўлидан ҳеч иш келмайди. Бойвачча бўлса, ўзига, Рисолатнинг кўнгли менда-ку!» дея ўйлади Муҳаммад. Бекор шундай хаёлларга борган экан. Нурматнинг ўта пасткашликка бориши хаёлига ҳам келмаганди. «Рисолат ўзини осиб қўйибди. Нурмат номусини топтаган экан. Орияти устун келиб, қиз шўрлик онасига хат ёзиб қолдирибди-да, саисхонада ўзини осибди. Нурмат эса ерда ҳам, гўрда ҳам йўқмиш, ғойиб бўлибди». Тўрт томонга тарқалган бу шумхабарни эшитган Муҳаммаднинг ҳаловати йўқолди. У Рисолатдай пок қизнинг номуси топталганига, энди ўн етти ёшни қаршилаган сулувнинг ўлимига чидай олмади. Нурматдан қасос олишга онт ичиб, қишлоқдан бош олиб кетди…

* * *

«Мана, ортига қайрилиб кетди. Аслида, шу ерга келаётган эди. Ҳазар қилдиларми?! Мени ўлдирармиш… Ҳе-ҳе… йиғламай нонингни егин, демайди биров! Мени ўлдирадиган ҳали онасининг қорнидан тушмаган», — дея хаёлидан ўтказди Нурмат чол Муҳаммад отанинг ортидан қараб қоларкан.

— Ҳа, амаки, соқол олишга келдингизми? — сўради Азим сартарошнинг ўғли мийиғида кулиб турган қарияга бошдан-оёқ разм соларкан.

— Азимбой бўшадиларми? — ўрнидан туриб, сартарошхонанинг ичкарисига киришга шайланди у.

— Амаки, сартарошхонага келаётган бўлсангиз ҳам мундоқ ўзингизга қараб, ювиниб келсангиз бўлмайдими? — ижирғаниб гапирди ўн беш ёшли ўспирин чолнинг исқирт уст-бошидан кўз узмай.

Бундай гапларни эшитавериб, эти қотиб кетган Нурмат чолнинг бир туки ҳам қилт этмади. Йигитчага бир қараб қўйди-ю индамади. Музей хўжайини мажбур қилмаганида сартарошхонага келиб ўтирмасди. «Шаҳар чеккасидаги кичкинагина музей бўлса ҳам бу ерга сайёҳлар кўп қадам ранжида қилади. Нурмат ака, ўзингизга қараб юринг. Ҳозирги замон одамлари фақат директорнинг эмас, балки қоровулнинг эгнига ҳам эътибор қилади», деб қўлига бир боғлам пул қистирганида унинг раъйини қандай қайтаради. Бахтига музей хўжайини савобталаб чиқиб қолди. Бошпанасиз экан, деб дарҳол бино орқасидаги бир эски ҳужрани бўшатиб, унга шароит ҳам қилиб берди. Шунча яхшилик қилганига қарамай, Нурмат чол бундай савобталаб одамни ёқтирмайди.

Сочини калталатиб, соқолини олиб чиққан қария сал одамбашара бўлиб қолди. Янги уст-бош олишга мўлжалланган чўнтагидаги пулларни силаб қўяр экан, томоғи қилт-қилт қилар, лекин иложсиз эди, ахир директорга сўз берган. Ҳозир бир қултум ичса, кейин ўзини тўхтатолмай, пулнинг барини ичиб қўйиши мумкин. «Бир қултум, атиги бир қултум ичаман, бошқа ичмайман», дея ўйлади у. «Эчкининг қасами сомонхонагача», деганларидай, Нурмат чол ҳам ўзига берган ваъдаларини унутди. Чайқалиб-чайқалиб ҳужрага қайтди. Бирдан кўзи бурчакдаги ҳайкалга тушди. Тўзғиган жингалак сочлар, йиртилган кўйлак, нозик қўллар унга ғоят таниш туйилди. Ҳайкалга тикилиб туриб, Рисолатни эслади. «Қандай қиз эди-я! Фариштанинг ўзгинаси. Қанча қизларни учратдим, бироқ уларнинг ҳеч бири унинг тирноғига баробар бўлолмасди», деган ўй ўтди хаёлидан. У уч марта уйланиб ҳам кўрди. Бирорта хотин тайини йўқ эрга чидолмади. Мана, бугун у ёлғиз. Ўт тушсин барига! Шундай бўлишига Рисолатнинг ўзи айбдор, агар индамай гапларига кўнганида унга уйланарди. Қишлоқда қолган, бундай саёқ юрмаган бўларди. Уни деб қишлоққа отаси ўлса ҳам қайтолмади. Бироқ Рисолат: «Сен итга теккандан кўра, ўлганим афзал!» деди-ю, ўзини осиб қўйди. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам у анави латта Муҳаммадга эмас, унга насиб қилди-ку! У ўрнидан туриб, худди телбадай кулди ва ҳайкалга секин яқинлашди. Кутилмаганда ҳайкалнинг нозик қўллари уни шафқатсизларча бўға бошлади. Нурмат чол эса жон талвасасида номуси топталган ожиз қизнинг титраб: «Мен ўламан, лекин сени ўз қўлларим билан бўғиб ўлдириш учун, барибир, қайтиб келаман», деган сўзларини эслади. Кўзларидан ёш оқаётган сархуш чолнинг кайфи тарқади. Унинг сўнгги сўзлари «Рисолат, мени кечир!» деган жумла бўлди, бироқ тош ҳайкал унинг таваллосини эшитмади

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s