“Эрга тегмай мен ўлай…”

330.jpg

— Раҳматли онам: «Эр кўрган аёлнинг боши очиқ юриши яхши эмас», дерди. Лекин мен уларнинг гапига эътибор қилмасдим. Умр йўлдошим вафот этганида йигирма беш ёшда эдим. Икки қизим билан ҳай-ҳотдай ҳовлида ёлғиз қолиб кетдик. Баъзи-баъзида яна турмуш қуриш ҳақида ўйлардим-у, бироқ бегона эркак икки қизимга қандай ота бўлишини ўйлаб, бу фикримдан қайтардим. Гулдай қизларимни ўгай отанинг қўлида хор қилдириб қўймайман, дердим. Кўз очиб-юмгунча йиллар кетини йиллар қувиб ўтди. Қизларимнинг бўйи чўзилиб қолди. Уларни турмушга узатдим. Яратганга шукрки, қизларимнинг иккиси ҳам яхши оилага келин бўлди ва ўзидан тиниб-тинчиб кетди. Ҳамма она каби мен ҳам шундай кунларни орзу қилгандим-ку, лекин уйда ёлғиз қолишдан оғири йўқ экан. Кун бўйи ишда юрардим ва уйга кеч қайтардим. Чунки тўрт девор мени сиқиб қўйганди. Назаримда, ўзимни тириклай гўрга тиқаётгандай эдим. Ёлғизликда руҳан азобланиб, тобим қочиб қолди ва касалхонага тушдим. Шифокорлар турмушга чиқишим кераклигини маслаҳат беришди. Ўзим ҳам барча дардларим ёлғизлик туфайли эканини билардим. Хуллас, ўйлай-ўйлай охири турмушга чиқишга қарор қилдим. Мазам йўқлиги учун касалхонага қатнаб, муолажа олиб юргандим. Шундай кунларнинг бирида касалхона эшиги тагида сарғайиб турган бир эркакни кўриб қолдим. У мендан шаҳардаги марказий дорихонанинг манзилини сўради. Ўзим ҳам ўша томонга кетаётгандим. Хуллас, ўша одам билан бирга дорихонага бордик. Йўл-йўлакай у дардини айтди. Фарзандларининг онаси касалхонада экан. Бечора оғир дардга чалиниб қолибди. Дўхтирларнинг айтишича, унинг саноқли умри қолганмиш. Эркак қиз-ўғиллари ҳали ёшлигини, уларга она кераклигини айтиб қолди. Унинг дардини эшитиб, раҳмим келди. Биз мана шундай қилиб танишдик, дардлашдик ва яқинлашдик. Ҳали хотини ўлмай туриб мен ўзимни унинг фарзандларига оналик қилаётгандай тасаввур қилардим хаёлимда. Ўшанда биров ўлим тўшагида азоб чекаётганда ўз ҳаловатим ҳақида ўйлагани виждоним қандай йўл қўйди экан, ҳайронман. Хуллас, унинг хотини чиндан ҳам кўпга бормади. Ўн беш кун ичида жон берди. Мен бўлажак умр йўлдошимнинг уйига ҳали хотинининг маъракалари ўтмай туриб, кўчиб ўтишни истамагандим, бироқ у қўярда-қўймай никоҳ ўқитиб, мени ўз уйига олиб кетди. Бошида фарзандлари билан чиқишиш осон кечмади. Бироқ «Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади», дейдилар-ку, мен ҳам болаларнинг кўнглига йўл топишга муваффақ бўлдим. Марҳума онасининг ўрнини босдим, деб айтолмайман, бироқ орадаги совуқ муносабатлар ўз-ўзидан барҳам топди. Уларнинг тоға ва холалари жиянларига насиҳат қилиб, менга эл бўлишни тайинлашгандан кейин болалар буткул ўзгарди. Қизларига қизимдай, ўғлига ўғлимдай қарадим. Қизларни узатдик, ўғилни уйлантирдик. Буларнинг ҳаммасига пул керак эди. Эрим мендан марҳум эримдан қолган ҳовлини сотишни сўради. Мен ҳам у хафа бўлмаслиги учун бунга дарҳол кўндим. Хуллас, ҳовлининг пулига катта тўй қилиб, келин туширдик. Бироқ эримнинг муносабати бирдан ўзгариб қолди. У мени кўп уришадиган, кейинчалик калтаклайдиган одат чиқарди. Мен табиатан нимжон аёл бўлганим учун унинг муштларига дош беролмасдим, сўнгги бора урганида мазам қочиб, касалхонага тушиб қолдим. Уйга соғайиб қайтгунимча эрим бошқа аёлга уйланиб, уни уйга олиб келиб ўтирибди. Шундагина унинг нега бунчалар ўзгарганини тушундим. У аллақачон ёшгинасини топган экан. Бу эркакка касал хотиннинг кераги йўқлигини, ширин сўзлари уйимни соттириб, қўлимдан пулимни олгунгача эканини тушундим, бироқ тушунганимда кеч бўлганди. Қонуний никоҳимиз йўқ. Шу сабаб судга мурожаат қилиш бефойда. Эрим мени остона ҳатлаб, уйга киришга қўймади. Фарзандалари, қавму қариндоши ўртага аралашди ҳам ҳеч нарса ўзгармади. У марҳум хотинини ҳам кўп азоблагани, бечора ўлиб, унинг озорларидан қутулганини эшитдим. Ҳозир ўзим билан бирга ишлайдиган танишимнинг уйида турибман. Қизлариму куёвларимнинг олдида юзим шувут. Чунки улар мендан уйни сотмаслигимни ялиниб-ёлвориб сўрашганди. Баъзан ўзимга-ўзим «Эрга тегмай мен ўлай», дейман. Боши очиқ аёлман, ёлғизликдан қутулайин, деб эрга тегдим-у, мана, бугун ҳаммасидан айрилиб ўтирибман. Эллик икки ёшимда хор бўлиб бировларнинг эшигида сарсон-саргардон яшагандан кўра, умуман, турмуш қурмаганим афзал эди, деб ўйлайман. Айбим нима эди? Қариганда нега тақдир бошимга бундай синовларни ёзди экан, ҳайронман? Бева бошим билан икки қизни улғайтириб, уйли-жойли қилгунимча еган азобларим каммиди? Хуллас, ўйлаб, ўйимга етолмаяпман…

СУРАЙЁ, Наманган вилояти

Руҳшунос:

— Аҳволингизни тушунаман, бундай вазиятда кўпчиликнинг одамлардан ихлоси қайтади. Турмушга чиқиб, хато қилдим, деб ўйлаяпсиз. Ўша пайтдаги ҳолатингизни ҳисобга олганда, сиз иккинчи марта турмуш қуриб, хато қилганингиз йўқ. Бироқ сўраб-суриштирмай, умрингизни бир бегона эркак билан боғлаганингиз хато бўлган. Биринчи хотинига оқибат қилмаган одам, бошқага ҳам оқибат қилмайди. Сиздан кейин унга турмушга чиққан аёлни ҳам худди шундай қисмат кутади. Чунки у сиз қилган хатони қилган. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бахт қуриб бўлмайди. Буни аввалдан англашигиз керак эди. Бугунги синовлар ўз тақдирингизга панжа орасидан қараб, шошмашошарлик билан турмуш қурганингизнинг оқибати. Оила меҳрга асосланган бўлиши зарур. Бир-бирига эътиборли бўлиш, муаммолар ечимини биргаликда қидириш керак. Фақат сизнинг турмуш ўртоғингизга ўхшаган одам билан эмас. Сизга ўтган ишларда ўзингизни айблаб, изтироб чекмасликни маслаҳат берамиз. Ҳаётингизда содир бўлган ҳар ишдан ҳикмат изланг ва бошқа бундай хатога йўл қўйманг.

Элликдан ошган аёл экансиз, энди оқ-қоранинг, яхши-ёмоннинг фарқига борасиз. Сизга адолатсизлик қилганлар, албатта, жазосини олади. Ҳамма ҳам хато қилади, ҳамма ҳам адашади. Асосийси, ҳаётингизнинг энг қийин даврида тушкунликка тушиб, тақдирнинг бу синовлари олдида енгилиб қолманг.

Шаҳноза РАҲМОНОВА

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s