“Тўйим бўлмай, турмушга чиқдим…”

420x232_article_1476508732_uETxHQ.jpg

— 24 ёшдаман, 3 йил аввал бир йигит мени ёқтириб қолиб, совчи қўйганди. Ҳадеб келаверишгач, унаштиришларига кўнгандим. Йигит онамни ҳам, мени ҳам ваъдаларига шундай устомонлик билан ишонтирдики, ҳатто тўй-томоша қилмай туриб ФҲДЁ бўлимида расмий никоҳдан ўтишга ҳам рози бўлибман. Ҳозир бу ҳақда ўйласам, бизни иссиқ-совуқ қилиб қўйишгандек туюлаверади. Устига-устак, бир аёл “Қизингизнинг бош кўзини илму-амал билан айлантириб олишган, қайтариқ қилдириш керак”, деди. Шу туфайли ҳам кўнглимга ғулғула тушиб қолди. Нон синдирилганида олий ўқув юртига ўқишга киргандим, улар ҳам шартнома пулини тўлашларига бизни ишонтириб қўйишган. Аммо кейинчалик бўлғуси қайнонам танишларимизга ўқишни битириб, ишга жойлашганимдан сўнггина келин қилишни айтган экан. Шу йиллар мобайнида қайлиғимга кўнглим йўқлигини тушундим. Ҳозир у билан деярли гаплашмаймиз. Йигитнинг айтишича, мени тўй қилиб, элга ош бериб келин қилишни хоҳлашмаётган экан. Паспортида муҳр турибди, истаса ҳам, истамаса ҳам, шу хонадонга келади, дейишаяпти-да. Икки ўт ўртасида қолдим, орани очиқ қилай десам, гап-сўзлардан истиҳола қиламан. Турмуш қурмай ажрашган аёл деган ном олишни истамайман. Лекин бу инсон билан яшашни ҳам тасаввур қила олмаяпман. Ўзимни жуда нотавон сезаяпман. Маслаҳат беринг, нима қилай?

Қайнонажон: — Асал қизим, элдан бурун бундай масъулиятли қарорни қабул қилишга бироз шошилибсизлар-да. Аввал бўлғуси куёвболани сўраб-суриштириш, синаш керак эди. Энди бу гапларни эслаб, кавлаштириб, дилни хуфтон қилгандан фойда йўқ. Яхшиси, вазиятдан чиқиш чораларини излаш керак. “Иссиқ-совуқ қилиб қўйишибди, ўзим билмай қолибман” деб ўтирганингиз билан бирор нарса ўзгариб қолармиди? Кўчада ким нима деса, ишониб кетавериш тўғримас. Бир қарорга келишдан аввал бўлғуси куёвбола билан ҳам очиқчасига гаплашиб олинг. Бировларнинг бўҳтонларига қулоқ тутавергандан кўра, ўша сизга кўнгил берган йигитнинг дардини ҳам бир тинглаб кўринг. Ахир бежизга шунча қизлар ичидан сизни танлаб кўнглини очмагандир, йиллар давомида қўйиб юборгиси келмаганининг ҳам боиси бўлса керак-да. Ёки олийгоҳда таълим олиб, уни ўзингизга муносиб билмай қўйдингизми? Бу саволларнинг ҳаммасига фақат иккингиз ойдинлик киритишингиз мумкин. Вақтни чўзишдан эса сира фойда йўқ. Ўзингизга четдан бир назар ташлаб кўринг. Сизга журъат ва улкан бахт тилаб қоламиз.

Руҳшунос: — Албатта, қандай қарор қабул қилиш фақат сизнинг ихтиёрингизда. Агар шу йигитни ёқтириб, у билан бахтли бўлишингизга ишонсангиз, муҳаббатингизни орзу-ҳавасларга қурбон қилманг. Мабодо, одамларнинг гап-сўзини деб, кўнгил бермай турмушга чиқсангиз, ёдда тутингки, бир неча йилдан кейин қўлингизда бегуноҳ норисидалар билан қайтиб келгандан кўра ҳозирнинг ўзида вазиятга ойдинлик киритиб олган афзалроқ. Маслаҳатим, “Онам ундай деди, акам бундай деди, қўни-қўшни нима дейди”, деб масъулиятни атрофдагиларга юклагандан кўра, ақл ва юракка қулоқ тутиб, муаммога ўзингиз ечим топинг. Чунки осмондан сеҳргар тушиб, сизга уни ҳал қилиб бермайди. Фақат ўзингиз тиришибгина бахтни қўлга киритишингиз мумкин. Ўйлайманки, сўзларимдан тўғри хулоса чиқарасиз.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s