ҚОПҚОН ёхуд алданган аёлнинг хориждаги кўргуликлари

копкон.jpg

Бугунги кунда xалқаро тeрроризм, наркотрафик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятлар инсон ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган омиллар сифатида жаҳон ҳамжамиятининг глобал муаммосига айлангани ҳеч кимга сир эмас.

Ирқ, миллат, ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятлар жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига катта xавф солиб келмоқда. Улар орасида, айниқса, одам савдосидек оғир ва мудҳиш жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу боис ҳам кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда.

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда одам савдоси жиноятлари аввалги йилларга нисбатан сезиларли равишда камайган бўлса-да, айни вақтда ҳам бот-бот учраб тургани ачинарли ҳол, албатта.

“Диёнат” газетасининг ёзишича, 1979 йилда Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилган А. Ш. ҳам ана шундай мудҳиш жиноятга қўл урган кимсаларнинг бири. У 2010 йилдан буён Қозоғистон Республикасига ишлаш учун бориб-келиб юрарди. 2013 йилнинг август ойида А. Ш. Уйчи шаҳарчасидаги тамаддихонада холасининг қўшниси М. ни учратиб қолди. Жувон бу ерда официант бўлиб ишлаётган экан. Ўзаро ҳол-аҳвол сўрашишгач, йигит Қозоғистонда ишлаётгани, тузуккина даромад топаётганини айтиб, аёлга луқма ташлади:

– Агар хоҳласангиз сизниям ўзим билан олиб кетишим мумкин. Мўмайгина пулга ишлайсиз. Бирингиз икки бўлади.

– Қанийди, ишлаб яхшигина пул топсам. Биласиз, биттагина боламни ўзим тарбия қиляпман. Бунинг устига, онам касал, унинг ҳам ёлғиз боқувчиси менман.

– Унда нимага иккиланяпсиз? Юринг, мен билан. Сизга ўзим ёрдам бераман, – темирни “қизиғида” босди А. Ш.

– Қайдам… Сизга ишонсам бўладими? Алдамайсизми? – ботинмайгина сўради аёл.

– Унақа деб мени хафа қилманг, – жиддий тусда жавоб қайтарди йигит. – Мени яхши биласиз-ку. Наҳотки мен ўз танишимни чув туширадиган одамлардан бўлсам? Ниятим савоб йўлида сизга яхшилик қилиш, холос.

Хуллас, А.Ш. ўзининг “софдиллиги”га жувонни ишонтирди. Эртасигаёқ Қозоғистон қайдасан, дея йўлга равона бўлишди. Шошилинчда М. ўзининг эмас, синглисининг паспортини олган экан, ҳартугул, ана шу ҳужжат билан Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган чегара масканидан қўшни республика ҳудудига “эсон-омон” ўтиб олди. А.Ш. эса, шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги сабабли айланма йўллар орқали Қозоғистонга кириб борди.

Шу тариқа аёлга қоп-қоп ваъдалар бериб, турли алдовлар билан чет давлатга олиб ўтган фирибгар йигит уни Мержан исмли қозоқ шахснинг қўлига топширди.

– Ахир мен қурилиш ишларини билмайман-ку, сиз ошпазлик қилишимни айтгандиз, – эътироз билдирди аёл бу ерда нима иш қилишидан бохабар бўлгач.

– Ана, асосий ишларни Маҳмуд қилади, у бизнинг шеригимиз. Сиз унга ёрдамлашасиз холос, – деди А.Ш. унга жавобан пинагини ҳам бузмай. – Хўп, сизлар ишни бошлайверинглар. Мен уч кундан сўнг келаман.

А.Ш. кетганидан сўнг Мержан келиб, жувон билан Маҳмудга дўқ-пўписа аралаш деди:

– Сенлар учун А.Ш. мендан катта пул олиб кетди. Аслида менга у бир гуруҳ болаларни олиб келаман, дея ваъда берганди. Аммо фақат икковингни бошлаб келди холос. Энди сизлар мана шу қурилишни битириб чиқиб кетасизлар, акс ҳолда менда хафа бўлманглар.

Жувон наилож тақдирига тан бериб, бу ерда аёл боши билан уч кун умрида қилмаган сувоқ ишларини бажарди. Уч кундан сўнг А.Ш. қайтиб келиб, нарсаларини йиғиштиришларини, энди Қарағанда шаҳрига бориб ишлашларини айтди. Айтилган манзилга етиб боришгач, уста Али исмли шахс бошқараётган қурилишга жойлашишди. Ҳарқалай, Наманган шаҳрилик бу одамнинг инсофи бор экан, жувонга ишчилар учун овқат пишириш, уларнинг кийим-кечакларини ювиб-тозалаш сингари юмушларни топширди. А.Ш. эса, шу шу қорасини кўрсатмай кетди. Боз устига, аёлнинг паспортини ҳам у “рўйхатга қўйдираман”, деган важ билан олиб қўйганди. Бу орада жабрланувчи фирибгар йигит билан икки маротаба телефонда гаплашишга муваффақ бўлди, холос.

– Паспортимни олиб келиб беринг, рўйхатга қўйдириб бўлгандирсиз, – сўради телефон орқали суҳбатда М.

– Паспортингиз жияним Адҳамда, танийсиз-ку, бизни кутиб олган йигит. Унга айтаман, сизга етказади. Мен ҳали бери ёнингизга боролмайман, муаммоларим кўп, ҳал қилишим керак, – гапни қисқа қилди А.Ш.

Аммо “жиян” ҳужжатни қайтариш учун аёлдан 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилди. Шу тарзда ҳаш паш дегунча орадан икки ой ўтди. Жувон уста Алидан иш ҳақини сўраган эди, у ва Маҳмуднинг ойликларини олдиндан А.Ш. олиб кетганини айтиб, ҳафсаласини пир қилди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бир куни Али кўчадан хафақон авзода кириб келиб, аёлдан сўради:

– Сен аввал Мержан исмли шахснинг қурилишида ишлаганмидинг?

– Ҳа, уч кун ишлаганман, – жавоб қайтарди жувон.

– Унинг одамлари бизни топишибди. А.Ш. сенинг устингдан катта пул олган экан, аёлни бизга берасан, дейишяпти. Уларнинг айтганини қилмасам, мени ўлдириб юборишдан ҳам тойишмайди. Мени тўғри тушун, бошқа иложим йўқ, – деди тушкун кайфиятда.

Бировларнинг қўлида хўрланиб, мисоли бир коптокдек тепилган аёл шу тариқа яна Мержаннинг қурилишига қайтиб, ўн кунча ишлагач, қозоқ одам уни яна бир бошқа нотаниш шахсга сотиб юборди. Шаҳардан олисда, овлоқ чўлда ҳақоратланиб, мол-қўй боқаётган чўпонларга ёрдамчи бўлиб яна икки ой ишлаган жувонни шу вақт ичида ўша нотаниш шахс муттасил равишда номусини ҳам топтаб келди. Бундай азобларга чидай олмаган аёл бир неча марта қочиб кетишга ҳам уриниб кўрди, аммо қўлга тушгач, бошига аёвсиз калтаклар ёғилаверди.

Охири Мержаннинг онасига ялиниб-ёлвориб ўғлига ўзини уста Алининг ёнига юборишини айтишини қайта-қайта сўрайверди. Ниҳоят, кекса момо аралашиб, унинг илтимоси ерда қолмади.

Аёл Алининг кўмагида чегарага келиб, паспорти йўқлиги сабабли айланма йўллар орқали давлатимиз ҳудудига ўтаётганида ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ходимларига рўбарў келди…

Судланувчи А.Ш. жиноий хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси, иккинчи қисми, “з, и” бандлари ҳамда 223-моддаси, иккинчи қисми, “в” банди билан айбдор, деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судининг ҳукми билан А.Ш. га Жиноят кодексининг 59-моддаси, учинчи қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан беш йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s