Хиёнат кўчасидаги тавба

5-krasivaya-jenshhina-chitaet1.jpg

2010 йил 9 июнь

«Кундалигим! Кеча маош олганим учун рафиқам ва фарзандларимни боққа олиб бордим. Уларнинг хурсандчилиги, қувончдан ҳайқиришлари, хушмуомала рафиқамнинг меҳрла кулиб қўйиши — мана бахт! Ахир оилавий хотиржамликдан муҳимроқ яна нима бор?! Биз кун бўйи шаҳар айландик, овқатландик, кинога тушдик ва оқшом чўкканда уйга қайтдик. Мана шундай кезлари ҳаётимдан жуда мамнун бўламан!

2010 йил 13 август

Кундалигим! Уч кун олдин рўпарадаги хонадонга янги оила кўчиб келган. Уларнинг буюмларини ташишга ёрдам бериб, хонадонларига кирганимда бир аёл сув тутқазди. Аёл гарчи уй ишлари билан овора бўлса-да, бежирим кийинган, сочлари, пардозидан байрамга йўл олган одамга ўхшарди.

— Жуда чарчадингиз-а, мана бу чойдан ичинг. Йўқ, шошманг, ҳозир шарбат келтираман, сиз ёқтирадиганингиздан…

— М-мен ёқтирадиганим?!

— Ҳа-да, ахир гилосни яхши кўрасиз-ку! Кўча тарафда гилос дарахти кўп экан.

Унинг эътибори, ширинсўзлиги, худди юз йиллик қадрдонлардай муомаласи ҳар қандай инсонни ўзига ром этади. Йўқ, мен ёмон хаёлга асло бормадим. Шунчаки яхши, жуда яхши аёл экан-да!

2010 йил 9 сентябрь

Кундалигим! Эрталаб қизим билан унинг боғчаси томон кетардик. Бирдан қўшни аёл бизга ҳамроҳ бўлиши ҳақида айтиб қолди. Тавба, аслида, ҳеч қандай ёмон хаёлда эмасману, лекин рафиқам эшикдан чиқиб қолмасмикин, дея жоним ҳалак.

— Қизингиз жуда ёқимтой экан-да, худди ўзингиз!

— Ҳ-ҳа, раҳмат. Сизнинг ҳам фарзандларингиз борми?

— Турмушимдан ажрашганман. Эрим бечора ёмон одам эмасди, аммо шунга мажбур бўлганмиз…

Оила хусусида ортиқча савол бермай қўя қолдим. Аёл укаси ва келини билан бу уйга кўчиб ўтганидан бахтиёрлиги ҳақида ўзи гапириб қолди. У, албатта, яхши аёл. Акс ҳолда барча айбни собиқ эрига ағдарар, уни боплаб ғийбат қиларди-ку. Йўқ, бундай аёллар шунчаки муомалани ўрнига қўйишади ва айнан шу хислатлари сабаб жуда кўпчилик уларни кўра олмайди.

2010 йил 3 октябрь

Кундалигим! Тунов куни синфдошларим билан улфатчилик қилдик. Дўстларим орасида енгил ўйлайдиганлари борлиги учун алламбало мавзулар ҳақида суҳбат очилди.

— Тузсиз таом еб юрган одам тузли таомни кўргач, аввалги емагига қайрилиб қарамаслиги рост.

— Гап фақат аёл зотига бориб тақалмайди, шунчаки ишда ҳам…

— Бу гапга мен ҳам қўшиламан. Осмондан тушгандай кимдир ёки нимадир ҳаётингни ўзгартириб юбориши мумкин.

— Осмондан тушган ҳар қандай одамга ҳам ишонч йўқ-да. Синалмаган иш, синалмаган аёл…

Хуллас, улар бу мавзуни, барибир, аёлларга тақашди ва ичимга шайтон оралади. Эҳтимол, менда ҳам айни шу ҳолат юз бераётгандир. Ахир менинг ҳам ҳаётимга «осмондан тушгандай» кириб келишди-ку! Рафиқамни кузата туриб, ўйга чўмяпман. У жуда ориқ, сочлари тўзғиган, қўлидаги болани ҳадеб силкитяпти, ҳаракатлари беўхшов, қошлари чимирилган… Хуллас, тузсиз таом шундай бўлади чоғи.

2010 йил 6 декабрь

Кундалигим! Кеча одатий вақтда ишга отландим ва кўчага чиқдим. Уйидан югуриб чиққан қўшни аёл саросима ичида мен томон шошиб келди ва қўл телефонимдан фойдаланиш учун рухсат сўради. Хавотирга тушиб телефонимни унга узатдим, аёл эса нарироққа ўтиб гаплашди-да, сўнг менга телефонни қайтарди. Унинг сочлари доимгидай турмакланган, юзида эса нафис пардоз. Очиғи, унинг ҳафсаласига қойил қоласан киши! Менинг хотиним нега шундай юрмайди-я?!

2011 йил 14 январь

Кундалигим! Бугунги воқеа жуда ғаройиб. Буни сенга ёзмасам ёрилиб кетишим аниқ. Ишда ўтирганимда қўл телефонимга SMS келди ва мен хабарни очдим. «Байрамингиз муборак! Сиз жуда меҳрибон, тарбияли, кўркам инсонсиз», дея ёзилганди унда. Аввалига хабар адашиб юборилганига шубҳа қилмадим. Бироқ иккинчи хабар мени мутлақ ҳайратга солди. «Ҳа, айтгандай, бу мен, қўшнингиз…» Қайси қўшним менга бунчалар хушомадли SMS юборгани ичимни қизитди, албатта, ва шу важдан хабар келган рақамга қўнғироқ қилдим.

— Бу сизми?

— Ҳа, мен. Яхши одамларни бундай кунда эсга олмаслик катта хато!

— Ташаккур! Ҳ-ҳалиги, сизни ҳам байрамингиз билан… Л-лекин бугун қандай байрам ўзи?!

— Ие, ўйлаб кўринг…

У билан суҳбатлашиш мароқли. Аммо телефон рақамимни қаердан топгани, нима учун менга ширин гаплар айтаётганига ҳайрон қолдим. Бир томондан, бу аёлни айблашга ҳам кўнглим бормайди. Тўғри-да, у мен билан жуда яхши муомалада.

2011 йил 2 февраль

Кундалигим! Рафиқам тузукроқ суҳбат қуришни ҳам эплолмайди. Унинг хаёли фақат кечки овқатга нима тайёрлаш ёки болаларнинг боғча пулини тезроқ тўлаш билан банд. Мана, ҳозир ҳам кенжа фарзандимизни қўлида кўтариб, гоҳ у ерга, гоҳ бу ерга ўтиб юрибди. Ҳатто овози ҳам асабимга тега бошлади. Куну тун алла айтиш, болаларга бақириш учун сарфланадиган бу овоз мени чунонам зериктиряптики! Сўнгги пайтлар шунчаки бу уйдан, бу ҳаётдан, одатий турмушдан қочиб кетиш истагидаман. Қўшни аёлдан яхши ҳамроҳ чиқарди. Тавба, тавба, нималар деяпман?!

2011 йил 23 март

Кундалигим! Баҳорнинг
майин нафаси сезилиб турган ёқимли кун. Эрта тонгда ишга шошиляпманми ёки мени кутиб турган ҳамроҳим ёнигамикин? Ойна қаршисида туриб, ўзимга оро беряпману, унга қайси ранг ёқиши мени қизиқтиряпти. Шу пайт кайфиятимнинг белига тепиб яна рафиқам қаршимдан чиқди. Қўлида бола.

— Ишга кетяпсизми?

— Кўрмаяпсанми?

— Шунчаки бирор зиёфатга кетаётгандак ясаняпсиз-да…

— Билмасанг билиб қўй! Одамлар фақат зиёфат ёки тўй олдидан эмас, ҳар куни ўзига оро бериши керак! Айниқса, аёллар!

— Гапларингиз тўғри. Лекин аёллар уй иши, болалардан ортиб…

— Бўпти, бўпти, йўлдан қоч, кеч қоляпман.

Ортимдан қараб турганини сездиму, ўгирилиб қарамадим. У шунақанги соддаки, ҳатто кинояларимни ҳам тўғри қабул қилади. Бировларнинг хотинига ўхшаб жанжал кўтаришни, «У ерга бораман, бу ерга бораман», дея нолишни, янги кўйлак, дея хархаша қилишни ҳам билмайди. Шуларни ўйлаб ташқарига чиқдим ва дарҳол кайфиятим кўтарилди. Чунки баҳор гуллари каби ним пушти ранг кўйлак кийиб олган қўшни аёл табассум қилганча мени кутиб турарди.

2011 йил 4 апрель

Кундалигим! Қўшни аёл ҳақида сенга кўплаб яхши гапларни ёзишим мумкин. У жуда латофатли, ширинсўз, хушомадларни ўрнига қўядиган, меҳрибон, хуллас, бошқача аёл. Ҳар бир ишда уни рафиқамга қиёслайдиган одат чиқарганимни ўзим ҳам биламан, аммо бу менинг айбим эмас. Бир ишора қилсам бас, қўшни аёл билан жиддий муносабат ўрнатишим аниқ. Лекин мени нимадир тўхтатиб турибди-да! Эҳтимол, рафиқамга ачинаётгандирман… Ачинишга ўрин йўқ! Ахир ҳозир кўпчилик шундай яшаяпти-ку!

2011 йил 12 май

Кундалигим! Бир ой аввал бу ҳаёт билан видолашишимга бир баҳя қолди ва айнан шу сабаб кўзларим очилди. Янги сотиб олган машинамда қўшни аёл билан ишга кетиб борардик. Шайтон йўлдан ураётган, мен муло-йим аёлга жиддий таклиф билдирмоқчи бўлган вақт. Аллақандай нур туфайли бирдан нимадир содир бўлди ва мен ҳушимни йўқотдим. Фақат касалхонада ярим ҳушсиз ҳолатда ётганим, эс-эс эшитилаётган овозларгина ёдимда.

— Қон гуруҳингиз тўғри келаркан-ку, ўтинаман, эримга ёрдам беринг!

— Эсинг жойидами, кимгадир донорлик қиладиган ҳолатда эмасман. Қани мендан узоқроқ тур, ҳаво етишмаяпти. Қаерданам шу довдир эрингнинг машинасига чиқдим?!

— Ҳомиладорман. Шифокорлар мендан қон олишга рози бўлишмайди…

У ёғи эсимда йўқ. Мен шунчаки рафиқамнинг «Ҳомиладорман» дея йиғлаганини ва қўшни аёлнинг бақир-чақирини эшитардим. У ширин гапи, одоби, назокати билан мени ўзига ром қилган аёлга сира ўхшамас, аммо овоз уники эди.

Ҳа, аёл кишининг макри қирқ туяга юк. Чалажон ҳолатимда қўшни аёлнинг асл қиёфасини билиш насиб этган экан. Ундайлар томирингда оқаётган шайтон сингари аста, шошилмасдан, энг мақбул ролга кириб, сени ўзига мафтун этишини ўша он тушуниб етдим. Ҳақиқатан ҳам, уларнинг қалқони ширин муомала! Ширин сўз қайси инсоннинг қалбига хуш ёқмайди, ғазабини қўзғатади, ёмон хаёлга олиб боради дейсиз?! Аммо ўзимни оқлашим ҳам адолатдан эмас. Наҳотки қалби пок, ҳаёли, тарбия кўрган аёлнинг оилали эркакка ишва қилиши ноўрин, ҳаттоки бориб турган виждонсизлик эканини тушуниб етмаган бўлсам… Тўғри, мен хиёнат кўчасига кириб улгурмадим, бироқ автофалокат бошимга тушмаганида каттароқ ҳалокатга йўлиқиб, ҳаётимни барбод этишим муқаррар эди. Фарзандларимни тирик етимга айлантиришдан, вафодор рафиқамни увол қилишдан Худонинг ўзи сақлаб қолгани менга берилган имконият бўлса ажаб эмас!»

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s