Замонавий совчиларнинг илк саволи: Қизингиз «facebook»ка кирадими?

1449388965_sad-facebook-girl-1024x768.jpg

ЗАМОНАВИЙ СОВЧИНИНГ ИЛК САВОЛИ: ҚИЗИНГИЗ facebookКА КИРАДИМИ?

Оила қуриш масаласи ҳамма даврларда ҳам энг муҳим мавзу бўлиб келган. Сабаби, жамият, давлат ва ҳатто замон тараққиётида оила аталмиш қўрғоннинг ўрни устувор. Лекин буни қарангки, ҳатто Аршни ларзага келтиргувчи оиланинг барбод бўлиши, ажралиш ҳолатлари илгари аҳён-аҳёнда юз берган ва ҳаммани таажжубга солган бўлса, бугунги кунда бу жараён ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди.

Оилаларнинг бузилиши, сабаблар, оқибатлар ҳақида бугунгача жуда кўп баҳслар ва тортишувлар бўлган. Аммо бизнингча пойдевори мустаҳкам иморат ҳар қандай тўфонга, ҳар қандай тўполонга бардош бера олади. Шу сабаб оиланинг пойдевори бўлмиш келин ва куёвликка номзодларнинг оилавий ҳаётга тайёрлиги, уларнинг руҳий ва жисмоний етуклик даражаси бугун диққатимиз марказида.

“ҲОВЛИНГИЗНИ СУПУРГАНИ КЕЛДИК, ЎРГИЛАЙ…”

Унчалик қадим бўлмаган замонларда, (ҳархолда, бизнинг оналаримиз бу даврни жуда яхши эслашади) бўй етган қизларнинг уйлари бир гуруҳ аёллар учун “ов майдони” бўлиб ҳисобланган. Бу аёллар совчилар деб аталиб, уларнинг вазифаси бўй етган қиз истиқомат қиладиган хонадонларни аниқлаб, уйланиш арафасида турган йигитларга бу ҳақда хабар бериш ва ўртада воситачилик қилиб, уларни бир оилага бириктириб қўйиш бўлган. Совчилик анчайин масъулиятли вазифа бўлиб, шу оиланинг тўйдан кейин бўладиган ҳар қандай қўйди-чиқтиларда ўртада турган совчи тенгма-тенг айбдор ҳисобланган. Одатда совчилар кўпни кўрган, эл-халқнинг ҳурматига сазовор бўлган кишилар орасидан танланган. Балки шу сабаб ҳар тарафлама бир-бирига муносиб жуфтликни аниқлаб, уларни тўй қилиш қийинчилик туғдирмаган… Балки шу сабаб оилалар парокандалиги, етим фарзандлар ноласи ҳам кам бўлган…

СОВЧИЛАР НЕГА “ОВ”ГА ЧИҚМАЙ ҚЎЙИШДИ?

Замон тараққиёти айрим соҳаларда кашфиётларга сабаб бўлса, айрим урф-одатларнинг йўқолиб кетишига олиб келмоқда. Бугуннинг ёшлари ҳар жабҳада фаол – оила қуриш масаласида ҳам. Ахир, улар катталар совчиликка эшик қоқиб боргунига қадар барча масалани ўзлари ҳал этиб қўйишмоқда. Аммо шу ўринда савол туғилади: бугун оилаларда кўпайиб бораётган қўйди-чиқтиларнинг асл сабаби ҳам аслида мана шу – ёшларнинг мустақил танлови эмасмикан? Ёшлар ўз номи билан ёш, тажрибасиз, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган бўлишса…

Илгарилари уйма-уй юриб, келинликка номзод қизларнинг туриш-турмуши, авлод-аждодини суриштирган, муносиб топилган қиз хонадонининг эшигини тақиллатган совчилар бугун ёшлар кўришиб, катталар келишиб бўлганидан сўнггина шунчаки урф-одат юзасидан қиз сўрашга боришмоқда.

ЭРКИН ФИКР

Учта фарзандим бор. Каттаси ўғил. Уни уйлайдиган бўлсам, кўнглидаги қизни олиб бераман. Аввал орқа-варотдан қизнинг уйдагилари розилигини оламан. Шундан кейингина уларникига совчи юборишим мумкин. Ҳозир ҳамма шундай қиляпти. Ахир, “совчиси қайтди” деган гап кимга ҳам ёқади…

Санобар, 42 ёш

КЕЛИН ТАНЛАШДА МУҲИМ МЕЗОНЛАР

Суриштиришлар шуни кўрсатдики, бугун келин танлашда биринчи ўринда турган талаб қизнинг ҳусну-малоҳати ҳам эмас, ота-онасининг молу-давлати ҳам эмас, балки бўлажак келиннинг хулқ-атвори, ҳаё-ибоси экан. Хулқ-атворига “яхши” баҳоси қўйилганидан кейингина қизнинг қуйидаги сифатлари ўрганилади:

— ижтимоий аҳволи – ўқиганми ёки бирор касб эгасими;

— ота-онасининг касби, ҳаёт тарзи;

— қизнинг ташқи кўриниши;

— интернет тармоқларида мавжудлиги…

Ҳа, ҳа, ишонаверинг, бугун бўлажак келиннинг интернет аталмиш тараққиёт меваси, айниқса, ижтимоий тармоқлар аро қай даражада фаоллиги совчиларнинг диққат марказида! Ахир, неча-неча оилаларнинг ҳатто ажрашишгача бориб етган можаролари айнан ижтимоий тармоқлар аро беҳуда сайру саёҳат туфайли рўй бермоқда-ку! Айнан шу сабаб бугун қиз суриштириб келган совчи аёллар унинг қўшниларига, ўқув даргоҳидаги педагогларга биринчи навбатда шу саволни беришмоқда:

— ИНТЕРНЕТГА КИРАДИМИ?

ФИКР

Касб-ҳунар коллежида ўзбек тилидан дарс бераман. Талаба қизларимизнинг ортидан кўпинча сўраб-суриштириб келишади. Уларнинг тарбияси, ўқишдаги фаоллиги ҳақида билганларимизни айтамиз. Лекин охирги пайтларда кўпчилик қизларимизнинг “facebook”ка кириш-кирмаслигини сўраяпти. Баъзи аёллар танлаган қизининг бу ижтимоий тармоққа кириши ҳақида эшитиб, у ҳақда ёмон хулоса билан кетмоқда.

Педагог

БЎЙИ ЕТГАН ҚИЗИНГИЗНИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН АСРАНГ

Ўзаро мулоқотни осонлаштириш мақсадида ўйлаб топилган ижтимоий тармоқлар ўзбек оилаларида ҳовлидаги гапнинг кўчага чиқиб кетишига, келин-куёвнинг ўртасида рашк, ишончсизлик девори пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун бўй етган қизи бор оналарни янада хушёрликка чақирамиз. Энди қизингизнинг нафақат юриш-туриши, балки унинг телефон ёки компьютер қаршисидаги хатти-ҳаракатини ҳам назорат остига олишингизга тўғри келади. айрим замонавий дунёқарашга эга оилаларда телефон ўта шахсий буюм ҳисобланиши мумкин, аммо, қадрли оналар, сиз фарзандингизнинг ҳар бир қадамидан огоҳ бўлишга ҳақлисиз. Қизингизга доим тўғри йўқ-йўриқ кўрсатиб туриш учун у билан ўртангизда сир бўишига йўл қўйманг. Ахир, оналар барчасини билишга ҳақли!

ҚИЗНИНГ ИЖТИМОИЙ АҲВОЛИ ҚАНЧАЛАР МУҲИМ?

Авваллари уй-рўзғор ишларини ўрнига қўйиб бажарадиган уй қизларига талаб юқори бўлган бўлса, ҳозирда бундай дунёқараш анчайин эскирган. Сабаби, бугун ўқимишли ёхуд бирор касб билан шуғулланиб ютуқларга эришган қизларимизнинг бозори чаққон. Оила аталмиш қўрғоннинг моддий ва маъновий ҳаётида аёллар ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаб бўлди. Ҳозирда ҳатто кўпни кўрган онахонлар ҳам “Уйда ўтирадиган келиннинг нима кераги бор? Ишласин, рўзғорнинг бир учини кўтарсин…” деган фикрда! Бунинг сабаби эркакларимизнинг рўзғор юкини торта олмаётганида эмас. Балки аксарият аёлларимизнинг уй-рўзғор ишларидан ортиб, қўшимча даромад келтирувчи ишлар билан шуғулланишга ҳам вақт топа олишаётгани туфайли халқ орасида ана шундай дунёқараш шаклланмоқда.

Дилдор тайёрлади

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s