Ўзи тенги аёлни келин қилган она изтироби:“Мени кечир, ўғлим!”

mature_woman_crying_90d7.jpg

Келишган, кўркам йигит бир аёлнинг олдида бошини эгиб турарди. Танимаганлар уларни она-бола бўлса керак, дейди. Таниганлар эса бошини эгиб: “Қандай замонларга қолдик”, деб ёқа тутиб ўтиб кетяпти. Ким улар? Нега одамлар ёқа тутади? Аёлнинг нозу карашмаси асло ёшига ярашмайди. Йигит унинг ёнида иложсиздай ўтиргани сезилиб турибди. Иккисининг хатти-ҳаракатини кузатганлар уларнинг онаю ўғил эмаслигини дарров англайди…

«КЎКРАГИМИЗГА ШАМОЛ ТЕГИШИ БИЛАН ЎҒЛИМНИ АЖРАТИБ ОЛАМАН»

“Оҳ, болажоним, онанг ўлсин, ўғлим. Нуридийдам, сени шундай кунларга қолдирган менман. Отанг вафот этгач, рўзғорни қўлимга ололмадим. Сизларни бошпанасиз қолдирдим. Бугун шундай аҳволга тушишларингга мен айбдорман. Ёнингда ўзинг тенги эмас, онанг тенги аёл ўтирганига мен айбдорман. Бундай кунларни кўрганимдан кўра, ўлганим афзал! Мени кечиринг, дадаси. Сизнинг васиятингизни амалга оширолмадим. Болаларимнинг кўчада қолишига мен сабабчи бўлдим. Бечоралар ижарада яшашга қийналиб кетди. Уларнинг кўзларига қарашга уяламан. Нималар қилиб қўйдим-а. Ҳаммасига нўноқлигим сабаб. Бир амаллаб мактабда ишлаётган эдим-ку. Ҳеч нарса орттирмасам ҳам, ҳарқалай рўзғор ўтаётган эди. Мен аҳмоқ бир дугонамнинг гапига кириб, яшаб турган уйимни сотдим. Бизнес қилсам, бойиб кетаман, бирданига икки ўғлимга иккита уй оламан, деб ўйладим. Тежаб-тергаб ишлатишдан чарчаб кетган эдим. Борига шукр қилмадим, дадаси. Бир куннинг ўзида бор пулимдан айрилиб қолдим. Ноқонуний молларни мусодара қилишди. Менинг дод деб қолганимга биров аҳамият қаратгани йўқ. Йиғлаганим ҳам бефойда бўлди. Молларимни ололмадим. Фақат бир қисминигина қайтардим, бироқ унинг пули ғижимлаганда кафтга сиғарди, холос. Болаларимнинг кўзларига қаролмадим. Тўнғич қизим билан ўғлим институтда ўқирди. Шартнома пулини тўлолмай қолдим. Иккиси ҳам мени деб ўқишини ташлади. Қолган учтаси кичкина эди. Нима бўлганига ҳали ақли етмасди. Мана шу воқеага ҳам етти йилдан ошди. Ҳамма бараварига ишласа-да, топганимизда барака йўқ, пулларимиз ижарага кетарди. Болаларим ўзимга ўхшаб қийинчиликка чидай олишмайди. Нима қилиб бўлса-да, бу ботқоқликдан чиқиб кетишни ўйлайди, лекин иложсиз. Биз бораётган йўлнинг охири кўринмайди. Бугун яна катта хатога йўл қўйганимни тушуниб турибман. Мен фарзандларимга сабрни ўргатмадим. Бу синовли кунларга ўзим сабр қилолмаяпман-ку, фарзандларим қандай сабр қилсин. Қизларимга бойнинг, ўғлимга давлатманд қизнинг қалбини забт этишни маслаҳат берганимдан афсусдаман. Эндигина йигирма иккига кирган кичкина ўғлим ўзидан йигирма ёш катта аёлнинг ёнида эр бўлиб ўтирганини кўриб, ич-этимни ит тирнаяпти. Аммо иложсизман. Шу аёлни деб ижара балосидан қутулдик. Худо хоҳласа, кўкрагимизга шамол тегиши билан ўғлимни бу аёлдан ажратиб оламан. У фарзандимнинг тенги эмас. Ҳэ, ўл, эрсирамай, ўзингдан йигирма ёш кичкинага ҳам назар ташлайсанми, уятсиз! Кўзимга балодай кўриниб кетяпсан. Қарийб ўзинг тенги аёлни бошқаларга келиним, деб кўрсатиш азоб экан…”

Оиласини оғир кунлардан олиб чиқишни кўнглига туккан ўғил ўйлари:

“ОЙИЖОН, ЙИҒЛАМАНГ, ОТАМНИНГ РУҲИ ОЗОР ЧЕКМАСИН…”

“Онажон, кўнглингиздан ўтаётганларини тушуниб турибман. Лекин иложсизман, нима қилай? Опамнинг ёши ўттизга, акамнинг ёши йигирма саккизга чиқиб қолди. Иккиси ҳам билимли эди, лекин бири қурилишда, бири тикувчилик цехида ишлаяпти. Бу адолатдан эмас! Опамнинг ҳуснини кўрганлар ҳозир ҳам ҳавас қилади, лекин умри шундай ўтиб кетаётганига ачинганим учун шундай қарорга келдим. Бу аёлнинг менга қандай назари тушди, ҳайронман. Сиз бой аёлни илинтиришимни астойдил истаганингиз учундир, эҳтимол. Мана, оҳингиз Худога етди. Энди йиғлаб нима қиласиз? Қувонмайсизми, онажон? Опамни узатадиган бўлиб турибмиз. Мана шу аёл ўзининг жиянига уни мўлжаллаяпти. Чиндан ҳам орзуингиздагидек бой хонадоннинг эрка келини бўлиб ўтиради. Бола хорижда ўқиб келган экан. Қизларга умуман қарамаскан. Опам қатори йигит. Унга бундан ортиқ бахт топишнинг иложи йўқ. Акамга ҳам бадавлат хонадон қизи кўзланган. Мен уни кўрдим, ойдеккина қиз экан. Акам ҳам қиз билан учрашди. Қайнона-қайнотаси билан ҳам гаплашди. Ҳаммаси аниқ, ҳал бўлган. Сизга яқин орада ҳаммасини маълум қиламиз. Сал қаддимизни ростлаганимиздан кейин сингилларимга ҳам яхши жойлардан совчи чиқишига аминман. Фақат бунинг учун икки ўғлингиз қурбон бўлиши керак. Нима қилибди? Сиз ва опа-синглимнинг ҳаловати учун мен ҳамма нарсага тайёрман. Акам бутун умр уйсиз ва хотинсиз ўтгандан кўра, ақли ноқисга бўлсаям уйлангани яхши. Бу аёл мени бошига кўтариб яшайди, бирорта қиз бундай қилмаслигига ақлим етади, ойижон! У ҳамма томондан девор қўйиб чиқаётганини биламан. Акамнинг ва опамнинг ҳаёти бузилиб кетмаслиги учун ҳам у билан яшашимга тўғри келади. Мен севган қиз уйим йўқлиги учун менга турмушга чиқишдан воз кечди. Отаси ҳам, барибир, рози бўлмасди. Юрагимдаги ғалаёнларни бировга билдирмадим. Ҳеч кимга оғиз очмадим. Ўзимни қўлга олишим қийин бўлди. Мен ишлайдиган ресторанга шу аёл ташриф буюрди-ю, ҳаётимиз ўзгариб кетди. Бундай ҳашаматни икки дунёда ҳам топмасдик, ойи. Мен ўзимдан катта аёлга уйланганимдан хафа эмасман. Чунки энди пулим кўп. Пули, давлати бор аёлни бахтли қилсам, савобга қоламан-ку. Ойижон, фақат сиз йиғламанг, отамнинг руҳи озор чекмасин…”

Бахтдан масрур аёл кўнглидаги гаплар:

“БУ ЙИГИТНИ ИККИ ДУНЁДА ҲАМ ҚЎЙИБ ЮБОРМАЙМАН!”

“Мен шу йигитга ўхшаган инсофлисини узоқ изладим. Мана, топдим ҳам, бироқ кўнглимдаги ғашлик тарқагани йўқ. Онаси мени ёқтирмаяпти. Албатта, ёқтирмайди-да, ахир келини қарийб ўзи тенги бўлганидан кейин. Нима қилай, шу йигитчани севиб қолдим. Уни йўлдан уриш хаёлимда ҳам йўқ эди. Шунчаки гаплашмоқчи бўлдим. Унинг бошига тушган ташвишлардан мен ҳам азоб тортдим. Ёш бўлишига қарамай, улғайиб қолганини пайқадим. У бошқа йигитларга ўхшамайди. Тўғри, унга турмуш қуриш таклифини мен бердим. Бу худбинлик, биламан. Бироқ бахтли яшашга менинг ҳам ҳақим бор-ку! Мен шу йигитнинг ташвишларини аритиш учун ҳамма нарсага тайёрман. Мендан пул олиб, ўғлини ўқитган холам ҳар доим қарздорлигини айтиб, бир йиғлаб оларди. Чунки мен кетган пулларимни сўрамаганман. Холамдан шу йигитнинг опасини ўқийман деб ўттизга кирган ўғлига келин қилишини илтимос қилдим. У раъйимни қайтармади. Қиз йигитга, йигит қизга маъқул бўлди. Акаси ҳам ёмон эмас экан. Уни амакимнинг қизига уйлантириш ҳақида ўйладим. Амаким суюнганидан бўлажак куёвига машина олиб берди. Акасининг рангига ранг кириб қолибди. Қизнинг бироз ақли калталигига аҳамият қаратаётгани ҳам йўқ. Унинг ўзи бой хонадоннинг қизига уйланиш орзусида эканини айтганди. Мана, ниятига етди. У мендан миннатдорлигини ҳам кўряпман. Сингилларининг ҳам бўйи етиб қолган. Уларни ҳам имкон топиб, яхши оилаларга келин қиламиз. Шу йигитнинг кулиб юриши учун ҳамма нарсага тайёрман. Бироқ мен бу йигитни икки дунёда ҳам ўзимдан узоқлаштирмайман. Онаси ҳали ҳаммасига кўниб қолади…”

Беш тақдир бир хато туфайли энди нималарга гирифтор бўларкин? Беш фарзанд йўлини топиб, бахтли бўлиб кетармикин? Ҳаёт синовларга тўла. Улардан сабр қилгангина ўтиб кетиши мумкин.

Шаҳноза РАҲМОНОВА

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s