«Отам асраб олинганимни юзимга солди…»

420x232_article_1476856779_mDCvTG.jpg

— Ёшим ўн еттида. Онам уй бекаси, отам эса тадбиркор. Уларнинг ҳар иккиси ҳам иккинчи марта турмуш қуриб, фарзандли бўлишолмай, мени асраб олишган экан. Кейин синглим туғилди. Аммо дадам ўғил фарзанд кўришни жуда истагани боис тоғамнинг ўғлини боқиб олганмиз. Бироқ сўнгги йилларда ота-онамнинг бор меҳр ва эътибори фақат укамга қаратилгандек. Кун кулса ҳам, укамга, ой кулса ҳам… Менинг ҳаётим билан сира қизиқишмайди. Суҳбатлашиш учун атиги бир соат ажратишга вақтларини қизғонишади, истакларимни билишни исташмайди. Яқинда бир йигит билан танишиб қолдим. Яқинроқ билганимдан кейин ёқтириб қолганимни тушундим. Онамга айтгандим, кўришиб, гаплашди. Ҳатто, маъқуллагандек эди. Бироқ отам билгач, бари ўзгариб кетди. Нимагалигини билмади-ку, у киши муносабатларимизга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатмоқда. Охирги пайтларда, ҳатто, қўл телефонимни ҳам олиб қўйди. Паймонам тўлиб, ичимдагиларни тўкиб солгандим, асраб олинганимни юзимга солиб, мени уйдан ҳайдади. Тўғриси, дунёларга сиғмай кетаяпман. Оиламдагиларга қолса, уйдан чиқмасдан ўтираверсам. Эркинлигимни чегаралаб қўйишганига сира чидолмаяпман. Отамни кўрсам, ғазабимни яширолмай қоламан. Агар уларнин озгина эътиборини қозонолганимда ўзимни бунчалик кераксиз ҳис этмасмидим. Ота-онамнинг меҳрини қозонишни истайман. Маслаҳат беринг, нима қилай?

Мадина, Андижон вилояти

Қайнонажон: — Ота-она розилиги билан иш тутиш хайрли амалдир. Тақдирнинг синовлари барчанинг бошида бор. Фақат ҳар кимга ҳар хил тарзда келади бу имтиҳон. Оналарга нисбатан оталар боласининг тақдири учун кўпроқ масъулият ҳис килиб, Худо кўрсатмасин, боласи бахтсиз бўлса, албатта, ўзини айбдор деб биладилар. Отангизни яхши кўринг, қизим, у кишини аччиқ гаплар айтишга мажбур қилманг. «Мен болангизман, сизни йўриғингиздан юраман, отажон, фақат мени ҳам бир эшитиб кўринг-а, мабодо сизга тўғри келмаса, бахтимдан кўраман…» денг. Шунча йил сизни оқ ювиб, оқ тараб, онангиз билан бирга парваришлаб, вояга етказган экан, энди у кишининг гапи ерда қолса, одобдан эмас, она қизим. Ўйлаб кўринг. Сизнингча, укангизга меҳрибонликлари зиёдалигида ота-онани айбламанг. Ўғил боланинг тарбияси оғирроқ бўлади. Сиздек эс-ҳушини таниган қиз беғубор дилингизни бундай икир-чикирлар билан оғритманг. Атрофдаги одамларга, айникса, оила аъзоларингизга нисбатан яхши фикрда бўлинг, яхшилик қилаверади. Бир тасаввур қилинг-а, мабодо мана шу ота-онангиз сизни қарамоғига олмаганида, ҳаётингиз қандоқ кечарди. Шукр килинг. Укангиз ҳам бир кун сизга суянчиқ бўлади. Ўз жигарингиздек кўринг, аҳир битта дастурхонда нон еб, битта хонадон ҳавосидан баҳра олмоқдасизлар. Ҳаёт жуда мураккаб, болам. Оғир-вазминлик билан, гапларингизни ўйлаб гапиришга, ҳар бир ишни тўғри бажаришга ҳаракат қилинг. Сизни бағрига босиб, қадрлаган инсонларнинг қадрига етинг.

Руҳшунос: — Гарчи сизни асраб олишган бўлишса-да, ота-онангиз ва укаларингиз билан ўртангизда руҳий боғлиқлик бор ва буни ҳеч ким четга суриб қўя олмайди. Биринчи навбатда «Мен уларга бегонаман» деган тушунчани бутунлай хаёлингиздан чиқаринг. Кейин ўйлаб кўринг, отангиз билан кўнгил қўйган инсонингиз ҳақида очиқ гаплашганингиз тўғримикан? Чунки ота ва қиз муносабатларида ўзига яраша чекловлар, парда бўлиши лозим. У кишининг жаҳл устида сизга айтган сўзларини сира ёқламаймиз. Аммо бундай вазиятда ҳар қандай ота ҳам, эҳтимолки, қизини койиган бўларди. Демак, отангиз тақдирингиз ва келажагингизга бефарқ эмас. Агар у сизни бегона санаганида асабийлашиб ўтирмасди ҳам. Эътибор фақат укангизга қаратилганидан ҳам хафа бўлишингиз ноўрин. У ҳали кичкина, ўзингиз ҳам унинг ёшида бундан ҳам кўпроқ эътиборга сазовор бўлгандирсиз, балки. Қолаверса, ўсмир ёшда ота-онасининг меҳрига тўймаган қизлар уни кўчадан, аниқроғи, йигитлардан қидиришга ўтишади. Мен мутахассис сифатида сизга бундай йўл тутмасликни тавсия қиламан. Чунки ҳар бир инсоннинг биринчи муҳаббати ота-онасига қаратилган бўлади. Агар киши шу меҳрдан тўлиқ қонмас экан, бошқа ҳеч бир туйғу унинг ўрнини боса олмайди. Бундай ташналик билан хатога йўл қўйиш эҳтимоли ортади. Шунинг учун қанчалар мушкул бўлса ҳам, ота-онангиз билан муносабатларингизни йўлга қўйиб олишингиз лозим.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s