Юзсиз келин дардлари: «Мен бу қишлоқда яшолмайман…»

Kachestva-i-kriterii-istinnoj-zheny-2.jpg

Одамлар орасида бошини тик тутиб юрадиган тоғамнинг қадди эгилганини, янгамнинг эса мунғайиб қолганини кўриб, оғир аҳволга тушдим. Тоғам узоқ-узоқ хаёл сурадиган, янгам унини чиқармай йиғлайдиган бўлиб қолган. Иккиси ҳам ўғлига куяди. Соддагина, бўш-баёв фарзандига нега бу қадар айёр, инсофсиз қиз учради? Энди унинг қисмати нима бўлади? Ҳаёти ҳаёт, оиласи оила бўлармикан?

Келинидан ихлоси қайтган қайнонанинг ўйлари:
«ЎҒЛИМНИНГ ЎША МЕГАЖИН БИЛАН ЯШАШИГА ҚЎЙМАЙМАН!»

«Мен боламни бундай ниятда ўстирмадим. У шундай кунга лойиқмиди, Тангрим?! Нега менинг жондан азиз суйган фарзандимга бундай қисматни раво кўрдинг?! Келинимни кўрсам, титраб кетадиган бўлибман. Олий маълумотли, ақлли, эсли-ҳушли деганларида ўйлаб ўтирмай уни келин қилибман-а? Ўғлим ҳам учрашувга чиқди-ю, юзи ёришиб қайтиб келди. «Чиройли экан, бўлади, ойижон», деди. Анчадан буён қизларни ёқтирмай, уйланмайман, деб хуноб қилган боланинг бирдан кўнгли чопганини кўриб, қизни суриштирмасдан келин қилибман. Адашган ўғлим эмас, менман. Отаси ҳам ич-этини егани-еган. Менга билдирмайди-ю, бироқ ич-ичидан адойи тамом бўляпти. Ташқарига чиқиб бир айланиб келади-ю, бошини хам қилиб бурчакдаги уйга кириб кетади. Ҳеч кимга бир оғиз гапирмайди. Кўзларимга қарамайди ҳам. Унга яна биров бир нима деганга ўхшайди. Оиламизнинг фожиаси бўлди бу келин. Биз фарзандини хотинидан ажраштирадиганлардан эмасдик. Лекин ким бундай айёр, енгилтак, ўз билганидан қолмайдиган хотин билан ўз ўғлини яшаттиради? У билади, қўлида бизни унинг йўриғига юришга мажбур қиладиган қуроли бор. Дадаси ҳам, мен ҳам неварамиз Ҳанифахонни жондан ортиқ кўрамиз. Уни ўзимиз улғайтирдик. Ширин қилиқлар чиқарган пайтда боласини қўлимиздан юлиб олиб кетди. Эр-хотин оғзимиз куйиб қолди. Опам: «Кундан кунга сўлиб боряпсан. Ўзингга қараб юрсанг бўлмайдими?!» деб койигани-койиган. Тўғри айтади, мен ўзимга қарамай қўйдим, лекин нима қилайки, кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Қайси бир дардимни айтай, опа. Келин қилиб, ундан умримда эшитмаган гапларимними?! Ё келин қилиб, неварали бўлганимда, чилласи чиқмаган бола билан уйда дод, деб қолганимними?! Ҳеч замонда келин дегани қайнона-қайнотадан, эрдан сўроқсиз ҳам уйдан чиқиб, бошқа давлатга кетадими?! Сўраганингда «Эрим ёнимда эмасди, уни соғинганим учун йўлга чиқдим», дейдими?! Лекин эрининг олдига бормай, Худо билади, қаерларда тентираб юриб, бола орттириб қайтиб келадими?! Ҳа, опажон, куёвингиз билан ана шундай кунларга қолдик. Шунда ҳам одамлар эшитмасин, деб дамимиз ичимизда. Қорнидаги боласини аборт қилдик ва уни кечириб, уйга киритдик. Ўғлим шуни истади. Биз ҳам Ҳанифахон учун шуни маъқул кўрдик. Лекин қаёқда?! У буни билмади. Бу сафар кетди-ю, юрагимнинг бир парчасига айланган Ҳанифахонни ҳам олиб кетди. Бошимни қайси деворга урай, опа? Куёвингиз шунинг учун ҳам бугун ташқарига чиқмайди. Келинимизнинг қилмишларидан қишлоқдагилар хабар топиб бўлибди. Нима бўлганда ҳам, энди ўғлимнинг ўша мегажин билан яшашига қўймайман!»

Азоб ичида қолган қайнотанинг хаёллари:
«МЕН МАНҚУРТ ЭМАСМАН!»

«Бугун қишлоқдошлар ёмон изза қилишди. «Шундай даюслар борки, кўча кўрган келинини ҳам кечиради. Бошқадан фарзанд орттириб келганига ҳам кўз юмади. Тавба, қандай замон бўлди бу, а?» деди Фозил очиқчасига менга теккизиб. Ер ёрилмади-ю, ерга кирмадим. Ҳаммасига мен айбдорман. Ўғлимни ўзимнинг қариндошимга уйлантираман, деб шундай хатога йўл қўйдим. Бошқа вилоятда яшайдиган аммамнинг қизини сўраб-суриштириб ўтирмай келин қилдим. У хато қилиб қайтиб келганида, аммам ўртага тушди. Уни деб кечиришимни ялиниб-ёлвориб сўради. Ўғлимни шундай хотинни кечиришга ўзим кўндирибман-а! Ўзим хато қилдим. Уни кечирмаслигим керак эди. Мана, эр-хотин бешикда қолганда не азобда катта қилган неварамиздан айрилиб ўтирибмиз. Биринчи марта ҳам ҳе йўқ, бе йўқ нарсаларини йиғиштириб, уйдан чиқиб кетганди. Бугун ҳам шундай қилди. Ўғлим билан телефонда гаплашсам, у хотини келмаганини айтди. Аммамникига борсам, у ҳам мендан баттар ҳайратда. Қизининг бола билан қаерга кетганини билмайди. Жинни деса, жинни эмас, енгилтак деса, овоз чиқармай бир бурчакда ўтиради. Оғир-босиқлигини кўриб, асло ёмон хаёлга бормайсан. Нега у бундай қилади, ҳайронман? Ўғлим билан гаплашиб кўрдим. У ҳам хотинининг нопок йўлга юришига ишонмайди. Қизини ҳам, хотинини ҳам жонидан ортиқ кўради. «Уйда бирор гап ўтгандир, дада. Ўз-ўзидан чиқиб кетмаса керак-ку! Келинингизнинг телефони жавоб бермаяпти», деганда адойи тамом бўлай дедим. У хотинидан кўнгил узган эмас. Нима бўлганда ҳам, хотини қорнини қаппайтириб уйга қайтиб келганини ўз кўзи билан кўрган эмас-да. Кўрганида ҳозир бундай гапларни гапирмаган бўларди. Начора, кўнгил уники. Эҳтимол, уйга қайтганида тақдирга тан бериб, бундай хотин билан яшашдан воз кечар. Энди ўзим ҳам бу келинни кечирмайман. Одамлар ҳақ. Бу даюсликка киради. Мен эса даюс эмасман! Ўғлимнинг ҳам бутун умр бундай тавқи лаънатга қолишини истамайман. Мени шунча изза қилишди. Уни жўралари бутунлай ер билан яксон қилишади. У ҳали қишлоққа қайтган эмас. Қишлоқдошлари билан юзма-юз бўлгани йўқ. Мана, шундай ҳақоратларни эшитсин, ўша куниёқ яшамайман, дейди. Аммо Ҳанифахон кўз ўнгимдан кетмайди. На еганимда ва на ичганимда маза бор. Унинг қисмати нима кечади? Бундай она унга қандай тарбия берарди?».

Юзсиз келин хаёллари:
МЕН БУ ҚИШЛОҚДА ЯШОЛМАЙМАН…»

«Бир марта кечирган одам яна кечиради. Бу сафар жондан азиз невараси мен билан. Демак, ҳаммасининг жони қўлимда. Агар неварасини кўришни истаса, булар менинг айтганимга кўнади. Мен алоҳида яшашни истайман. Бир умр қайнона-қайнотамнинг хизматини қилиб ўтмоқчи эмасман. Эримга бу ҳақда бир неча маротаба айтдим. У алоҳида яшашимизга қарши эмас. «Уйга қайтсам, гаплашамиз», деяпти. «Хориждан қайтганингда бўйингда бор экан, дадам айтди. Шу ростми?» деб сўради. Ўзимни гўлликка солиб, зап иш қилдим-да. Айюҳаннос солиб йиғладим. Бечора бундай савол берганига афсусланиб қолди. «Мен билмабман, кечир», деб роса ялинди. Ота-онасини туҳмат қилганликда айбладим. Онасини ёмонладим, менга кун бермаяпти, дедим. Эрим гапларимга лаққа ишонди. Йиғлаб-сиқтаб алоҳида чиқишга кўндирдим. У қайтиб келиши билан шаҳарга кўчиб келамиз. Асл ҳақиқатнинг тагига етмасидан бу қуриб кетгур қишлоқдан эримни кўчириб олиб кетаман. Ўшанда унга ҳеч ким бир оғиз гапиролмайди. Шундай содда, оқкўнгил одамни қаердан топаман? Ҳаммасига ўша Азим фермернинг ўғли айбдор. У менга қоп-қоп ваъдалар бериб, Тошкентга олиб кетди. Ҳаммага хорижда эдим, деб айтдим. Тўрт ой бирга яшаганимиздан кейин бир кун ғойиб бўлди. Қаппайган қорин билан ҳеч ким мени ишга олмади. Ноилож ортга қайтишга мажбур бўлдим. Азим фермернинг ўғлини кўрсам, ширин турмушимни бузиб, мени йўлдан ургани учун кўзларини ўяман. Ишқилиб, эрим бу гаплардан хабар топмасин-да. Қайнона-қайнотам ҳам боланинг отаси кимлигини билмайди. Билса, ҳаммага эрининг олдига бориб келди, деб айтмасди. Бола ўлик туғилди, деб номимни оқлашмасди. Улар ёмон эмас, лекин энди мен қайнона-қайнотам билан яшамоқчи эмасман!»

Ҳа, ҳаётда нималар содир бўлмайди, дейсиз? Бари одамни ўйлашга, мушоҳада юритишга мажбур қилади. Хўш, энди бир норасида гўдакнинг тақдири қандай кечади? У қандай шароитда ўсади? Хуллас, саволлар чексиз. Жавоблар эса…

Шаҳноза РАҲМОНОВА ёзиб олди

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s