Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов мусофирларни йиғлатди…

hqdefault.jpg

Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов “Миллий телеканал” ижодкорлари томонидан тайёрланган видеороликда мусофирларга аталган шеърни шундай ўзига хос тарзда ўқидики, у ҳар бир юртимиз фуқароси қалбини ларзага сола олди, деб ёзмоқда 1news.uz.

Шеърда муаллиф ўз Ватанидан, оиласидан йироқда, ўзга юртларда мусофир бўлиб юрган ўзбекистонликларга мурожаат қилади. Интернет фойдаланувчиларини ҳайратга солаётган янги видео айни кунгача ўн мингдан ортиқ марта кўрилди.

Қошинг қора, кўзларинг қора,
Юлдузисан қайси осмоннинг?
Эслолмасанг ўзим эслатай,
Боласисан Ўзбекистоннинг!
Қачон келдинг бу ерга ўзи?
Не мақсадда дайдиб юрибсан?
Анчагина улғайибсан-ку,
Қорайибсан, озиб-тўзибсан!
Жилғаларсиз дарё қурийди,
Дарёйингни қўйма қуритиб…
Юр, барини эслаймиз бирга,
Айлантирай қўлингдан тутиб.
Ёдингдами бешигинг, ўғлим,
Ундан ҳали ҳидинг кетмаган.
Маҳаллангнинг йўлига қара,
Босиб ўтган изинг кетмаган.
Ана, онанг тандир ёнида
Ёпаяпти сен учун кулча.
Этагидан ажрамасдинг-ку,
Соғинтирдинг сен уни бунча?
Аканг билан учирган варрак
Боқ, осмондан тушолмаяпти.
Опанг сени соғиниб, йиғлаб,
Тишлаганин ютолмаяпти!
Охирги бор қачон эшитдинг,
Тўйлардаги ёр ёрни, ўйла!
Бор, хаёлан дўстларинг билан,
Ўртага туш, қулоч ёз, ўйна.
Ҳайит байрамини соғиниб,
Оқиздинг-ку кўзинг ёшини,
Сенга асраб чарчади янганг,
Арафанинг ширин ошини.
Қара, ўша таниш чойхона,
Чойлашиб гашт қилар кексалар.
Кўрдинг, отанг кулолмаяпти –
Йўлга қарар, сени ахтарар.
Амманг, холанг, амакинг, тоғанг,
Тарқатяпти сумалакларни.
Наҳот соғинмадинг, жон болам,
Наврўздаги камалакларни?
Қара, бувинг қадди букилиб,
Ушоқдайин бўлиб қарибди.
Бир кўришга улгурмикансан?
Хасталаниб, ётиб қолибди.
Болам, дейсан тилингда минг бор,
Қўлингда даст кўтаролмайсан.
Кечирса ҳам бир кун аёлинг,
Сен ўзингни кечиролмайсан.
Мусофирнинг қабри бўлмайди,
Мусофирнинг қадри бўлмайди!
Мусофирнинг мусофирликдан
Ўтадиган дарди бўлмайди.
Тиш қайрама, ёмон дема ҳеч,
Сени катта қилган Ватанни!
Ким дейдилар эшигин бузиб,
Бешигини тепган одамни?
Яшолмайди новда илдизсиз,
Томиринг сув ичган ерга бор!
Отанг қурган йўлларни яшнат,
Уй олдига яна бир уй сол.
Яхшилик қил, юртингни яшнат,
Қўлдан берма шундай имконни,
Сен ҳеч кимдан кам эмассан, бил,
Боласисан Ўзбекистонни.

This entry was posted in Uncategorized. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s