Келинга “СОЛИҚ” солманг!

29efc352fed15e64775bf310b77d1b4f.jpg

Не-не орзулар ила кутганингиз – хонадоннинг янги бекаси эрта-индин остона ҳатлаб кириб келади. У нафақат ўғлингизга жуфти ҳалол, балки бўлажак невараларингиз, наслингиз давомчиларининг онаси, биринчи ва асосий тарбиячиси бўлади. Қадами қутлуғ келсин, ўзи имонли – инсофли, маърифатли бўлсин, илоҳим… хаёлингиздан мана шундай ўйлар ўтяптими ёки тўйнинг дабдабасию, келадиган мебелларнинг шаклу шамойили муҳимроқми сиз учун?

Кейинги йилларда матбуотда тинимсиз бонг урилгани, маҳалла ва жамоатчилик аралашуви ўз самарасини кўрсатди: тўй тадбир-маросимлари бироз ихчамлашгандек, 40–50 талаб тоғора олди-бердисига чек қўйилгандек бўлди.

Аммо, таассуфки, уларнинг ўрнини исрофга олиб келувчи бошқа “орзу-ҳаваслар” эгаллади. Энди қиз томонга “солиқ солиш” одат тусига кирмоқда. Ёзилмаган қонунларга кўра, юртимизнинг айрим ҳудудларида (Тошкент ва водий томонларда) янги рўзғорга керакли барча ашёлар, мебеллар тўплами, уйни жиҳозлаш тўлиқ қизнинг ота-онаси зиммасига тушади. Бунга қўшимча янгидан-янги талаблар урфга киряпти: ҳайит айёмига – автомат кир ювиш машинаси, куёвтўранинг туғилган кунига – телевизор, чақалоқ туғилса, яна қимматбаҳо жиҳозлар…

Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлдик. Уйнинг тўй олди таъмири ниҳоясига етгач, келиннинг яқинлари уни жиҳозлашга киришган.

– Гилам деворлар рангига мос тушмабди, ҳажми ҳам кичик экан. Алмаштириб, қандилларни ҳам шуларга мослаш керак, – дебди куёвтўра бўлажак қариндошларига. Буни эшитган қайнота қаттиқ ранжиган, куёвини майдакашликда айблаган. Икки тараф бир-биридан норози, ўртага совуқчилик тушган.

Бу ўринда йигитлик, эркаклик орияти қаерда қолади? Бундай нарсаларга ортиқча аҳамият бериш аёлларга хос, кўпгина хотин-қизларнинг мол-давлатга ўчлиги сир эмас. Сўнгги пайтларда эркакларимиз, айниқса, тўй-ҳашам масалалари, ёш оилалар муаммоларини ҳал этишда тизгинни кўпроқ хотинлар қўлига бериб қўймоқда. Оила бошлиғи – эркакларнинг фикри, қарори бирмунча қадрсиз. Шу боис баъзи қайноналар келин томонни “солиқ”қа тортишдан уялмайдилар.

Аслида оилани баҳоли қудрат уй-жой, жиҳозлар билан таъминлаб, никоҳни эл-юртга ошкор қилиш фақат куёв томоннинг вазифасидир. Икки томоннинг келишуви билан ёшларни энг зарурий жиҳозлар билан таъминлаш ҳам мумкин. Қолганини эса эр-хотин пешона териси билан, ҳамжиҳатликда топгани маъқул. Шунда бор-йўғининг қадрига етади, яхши-ёмон кунларида елкадош бўлган жуфти ҳалолини ардоқлайди.

Бизда тўй олди-бердилари, уларнинг сони ва қиймати кўп муҳокама қилинади. Аммо икки ёш мустаҳкам оила қуришга, жиддий муносабатларга, соғлом ва баркамол фарзандларни тарбиялашга тайёрми ёки йўқми, шу ҳақда қанчалик қайғуряпмиз?! Ҳаётнинг мазмуни ҳою ҳавас, дабдабадан иборат эмас. Маблағни кўпроқ фарзандларнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши, жамиятга фойдаси тегадиган комил инсон бўлиб етиши йўлида сарфласак, ҳам уларнинг, ҳам ўзимизнинг икки дунёмизга фойда келтирган бўламиз, иншааллоҳ.

Динимизда исрофгарчилик қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло: «Енглар, ичинглар, исроф қилманглар» (Аъроф, 31); «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26), деб огоҳлантиради.

Ортиқча дабдаба риёкорликка, манманликка, кимўзарга, ўзаро ҳасадга, имкони йўқларнинг кўнгли ўксишига олиб келади. Исрофгарчиликнинг барча кўринишларига барҳам бериш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифаси. Фақат илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, гўзал ахлоқ асосида қурилган оилагина мустаҳкам ва бахтли бўлади.

Мунира ЭРКИН қизи,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s