Куёв рекламага муҳтожми, ёхуд сохта «реклама»дан оғзи куйганлар

paren-buket-mashina-ozhidanie.jpg

Барча халқларда куёв танлаш, куёв қилиш ўзига хос гўзал урф-одат ва анъаналар билан амалга оширилади. Бизнинг халқимизга хос никоҳ тўйларидан олдин совчилик урф-одати, никоҳдан кейин эса келин-куёв расм-русумлари ва анъаналари бетакрордир.

Икки ёшнинг тенгини топиш осон иш эмас, албатта. Ёшларнинг бошини қовуштиришда жонбозлик кўрсатаётган совчиларимизнинг иши бугунги кунда оғир кечмоқда. Бу борада улар анча малака оширган бўлиши, керак бўлса, камида ҳар йили совчиликка қайта тайёрлаш курсларидан ўтиш зарурати туғиляпти, назаримда. Чунки айрим совчилар замонавий интерфаол усуллардан фойдаланишни аллақачон бошлаб юборишган.

Илгари бир хонадон дарвозасининг тагини бир неча маротаба бориб, чуқур қилишган бўлса, ҳозирги совчилар бир мартанинг ўзидаёқ қизнинг ота-онасини кўндиришга эришяпти. Бунга фақат ҳайратланасиз, холос.

Ҳозир совчиликка борганлар куёвни ўзида йўқ сифатлар билан мақтаб, реклама қиладиган бўлишган. Талайгина пул эвазига хола-амма, тоға-амаки, ҳожи ая, ҳожи ота ё бошқа кишилар совчиликка ёлланяпти. Совчилик жараёнида йигитнинг бойлигини ишонарли даражада кўпиртириб, айтайлик «Матиз» русумли машинаси «Эпика»га, йигитнинг бўлмаган уйи эса, «қаср»га айлантириб таърифланади. Йигитнинг касбини ўзгартириб, оддий ходим бўлса, ташкилот раҳбари курсисига ўтказишади. Феълидаги нуқсонлар (ичиш, чекиш, …кабилар)ни яшириб, унинг тескарисини ишонарли қилиб таърифлашади. Ҳатто илгари уйланган бўлса яширишга ҳаракат қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Бу каби «реклама» ҳаётда учраб турибди. Ҳақиқатда ҳам келин излаб келган «делегация аъзолари» замонавий рекламанинг сирларидан хабардор, билағон, анча-мунчага курашда ютқазмайдиган кишилар бўлади. Реклама усулларидан куёв томон шу даражада фойдаланадики, унинг кучини қаранг-а, аввал она, онанинг ёрдами билан ота ва оиладаги бошқалар тасаввурида ҳақиқий эртаклардагидек шаҳзода гавдаланади.

Қанийди ушбу саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси ҳам ижобий тус олса. Баъзида ёлғонлар эвазига барпо қилинган ёш оила тезда инқирозга юз тутмоқда. Тўйдан олти ой, бир йил, борингки, икки йил ўтар-ўтмас, ўша «шаҳзода» «Эпика»сида қизни ота уйига ташлаб кетганда реклама қилинган «маҳсулот»нинг «сертификат»и йўқлиги, «лицензиясиз», яроқсиз маҳсулот экани аниқ бўлади!

Халқимизга хос куёв танлаш, уни синаш ва совчилик жараёнидаги удумларга назар ташласангиз, уларда тўйдан олдин йигитнинг қўлидаги ҳунари, маълумоти, жамоатчиликнинг фикри, йигитлик фазилати, куч-ғайрати, меҳр-оқибати ва энг асосийси, етти пуштигача сўраб, кейин бир қарорга келинган. Ҳозирги вақтда бир ёқлама ёндашувга оғибми ёки «қизим шундай қолиб кетади», деган ваҳимага тушибми, билмадим, бу «реклама»дан оғзи куйганлар сони қанча…

Бир қарашда енгил ва ёқимли туюладиган айрим хорижликлар оиласининг ажабтовур маънавияти, маданияти бизни маҳлиё қилиб, ғоявий қарашларига шундоққина эргашиб кетаверишимиз қанчалик тўғри бўларкан?! Менимча, умр савдосига, аввало, миллий анъана ва урф-одатларимиз, қолаверса, инсонга хос соғлом ақл билан ёндашиш керак.

манба: Oila davrasida

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s