«Тўйга борсанг, тўйиб бор!» ёхуд тўй дастурхонидаги ижарага олинган ноз-неъматлар хусусида

hguyeogyo73895784tujh.jpg

Тўй ўзбек халқининг яхши куни, хурсандчилигини ёру дўстлар билан баҳам кўриш мақсадида уюштириладиган маросим. Юртдошларимиз орасида бу кунни унутилмас қилиб нишонлаш орзусида бўлганлар бисёр. Ахир, “Ўзбек пули кўпайса ё уй қуради, ёки тўй қилади” каби ҳазиломуз гаплар бекорга пайдо бўлмаган. Аммо дабдабали тўй қилиб эл оғзига тушиш мақсадида ҳаддини билмай қолаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Ана шундай ким ўзар тўй эгаларининг саъй ҳаракатлари билан ҳаттоки янги хизмат турлари, янги касб эгалари пайдо бўлаётганига нима дейсиз?!

“ТЎЙ – ТЎЙДАЙ БЎЛСИН..! МАҲАЛЛАДА ДУВ-ДУВ ГАП БЎЛСИН..!”

Ҳа, бугун тўй маросимларини шоҳона қилиб ўтказиш мақсадида ўйлаб топилаётган янгидан-янги дабдабаларнинг барчаси “маҳаллада дув-дув гап” бўлиш орзусидаги тўй эгаларининг изланишлари сабаб пайдо бўлмоқда. Хулоса чиқаришга шошилманг. Биз ушбу мақола орқали тўйлардаги ортиқча сарф-харажатларни танқид қилишдек сийқаси чиққан гапларни яна бир бор такрорлаш ниятидан йироқмиз. Аксинча, тўйни тежамкорлик билан ўтказиш борасидаги айрим устомонликлар ҳақида фикрлашамиз.

ТЎЙНИ КАМЧИҚИМ ҚИЛИБ ЎТКАЗМОҚЧИМИСИЗ – ИЖАРАГА ОЛИНГ…

Бугунги кунда тўй тадбирлари учун таклиф этилаётган хилма-хил хизмат турлари мавжуд бўлиб, улар асосан ижара шартлари асосида амалга оширилади. Мана, масалан, тўйхона – ижара, автомобил – ижара, келин ва куёвнинг тўй либослари – ижара, саҳна безаклари – ижара ва ҳоказо. Биз санаган ушбу воситалар тўй ўтгач бус-бутунлигича эгасига топширилиш шарти билан вақтинчалик фойдаланишга берилади. Ўз ўрнида ижара нархлари анча арзонга тушувчи бу воситалардан яна қанчадан-қанча юртдошимиз қайта фойдаланиш имконига эга бўлади. Аммо… бугун ана шундай вақтинчалик фойдаланиш усулларидан устомонлик билан фойдаланаётган баъзи бир тўй эгаларининг топқирлигига таҳсинлар айтсанг арзийди.

ДИҚҚАТ! ДАСТУРХОНДА ИЖАРАГА ОЛИНГАН НОЗ-НЕЪМАТЛАР..!

Тўйхонани, бошқа буюмларнику, ижарага берса бўлар, чунки улар бир марта ишлатилганида “ейилиб қолмайди”. Аммо айнан “ейилиб қоладиган” маҳсулотларни тўйларда вақтинча фойдаланиш учун ижарага бериш одатига нима дейсиз? Ҳа, бугун айрим тўйларда меҳмонлар тановул қилишлари учун ёзилган тўкин дастурхон устида ял-ял ёниб турган ноз-неъматлар ижарага олинган! Уларни тўй эгалари вақтинчалик фойдаланиш, янаям аниқроғи кўз-кўз қилиш учун олиб, тўй ўтгач яна эгаларига қайтиб беришмоқда. Пайдо бўлганига бир неча йил бўлган ушбу ҳол аллақачон пойтахт аҳолисини ҳайратга солмай қўйди. Аммо донғи кетган Тошкент тўйларини бир марта бўлсада кўриш орзусида бўлган юртдошларимиз бу мақолани ўқигач ҳафсалалари пир бўлиши аниқ.

ТЎЙДА ИЖАРАГА БЕРИЛУВЧИ ЕГУЛИКЛАР РЎЙХАТИ

Ушбу одат ҳали нотаниш бўлган мухлисларимизга шуни маълум қиламизки, бугунги тўйлар учун ижарага олиш мумкин бўлган маҳсулотлар қатори анча узун бўлиб, улар сони борган сари ортиб бормоқда.

Дарвоқе, ҳозирда тўй учун асосан тез бузилмайдиган ва узоқ вақт давомида истеъмол қилиш мумкин бўлган ноз-неъматлар ижарага берилмоқда. Булар қаторига чет элдан келтирилган ёхуд топилиши мушкул бўлган, килоси фалон пул турадиган камёб мевалар, писта-бодом, чақ-чуқлар, шоколаду конфетларни киритиш мумкин.

Ҳа, тўй дастурхонининг ўртасида ястаниб ўтирган сават ичидаги банану апельсин, ананасу мандарин, киви, манго каби киши қўл узатишга чўчийдиган чет эл меваларидан тортиб, юртимиз боғларида етилган олма-ю узумларнинг аксарияти ижарага олинган. Тўй сўнгида меваларнинг асл эгаси келиб, уларни бирма-бир саноқдан ўтказади ва кўрикда туриб берганлари учун тўй эгасидан ҳақларини ундириб олгач, яна ўз уйига олиб кетади. Ушбу ҳол тўйга ташриф буюрган бирор мард уларга қўл узатишга журъат этгунига қадар давом этаверади, этаверади…

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА! Ноз-неъматларни ижарага олиш дастлаб наҳор ошларида пайдо бўлган бўлса, тўй эгасининг оғирини енгил қилган бу одат бугун тунги базмларни ҳам ишғол этиб бўлди.

ҚАЕРДА ИЖАРАГА ОЛИШ МУМКИН?

Ноз-неъматларни ижараси пайдо бўлганига бир неча йиллар бўлган бўлса-да, бундай хизмат кўрсатувчи алоҳида ташкилот ҳалигача тузилгани йўқ. Бу эса ҳайриятки, ушбу хизматнинг етарли даражада оммалашиб улгурмаганидан дарак беради. Аммо саҳифани ўқиб, ушбу одатдан фойдаланиш ёхуд текшириб кўриш истаги пайдо бўлган мухлислар учун бу борада тўплаган маълумотларимизни бажонидил ҳавола этамиз.

Демак, сиз тўй қилмоқчисиз ва дастурхонга қўйиладиган маҳсулотларни ижарага олиш истагингиз бор. Бунинг учун сиз шаҳримиздаги исталган йирик бозорга, айнан ўша маҳсулот сотиладиган растага ташриф буюришингиз лозим бўлади. У ерга боргач, сотувчилардан бирортасини танлаб олиб, тўй қилаётганингиз ва бироз қийналиб қолганингизни айтасиз. (Ахир, ҳозирги замонда тўй қилишнинг ўзи бўладими!?) Гапингиз охирида ундан “Маҳсулотингизни ижарага бермайсизми?” деб сўрайсиз. Бугунги кунда пойтахтнинг деярли ҳар бир йирик бозорида ижарага маҳсулот беришни ихтиёр этувчи сотувчи топилади. Ахир, моли ўз уйида тунади нима-ю, тўйхонада тунни ўтказди нима. Қолаверса, омборда турган маҳсулот учун биров бир сум бермайди, тўй эгаси эса яхшигина пул вада қилиб турибди…

ИЖАРА ШАРТЛАРИ ҲАМДА ТЎЛОВЛАР ХУСУСИДА

Озиқ-овқат маҳсулотларини ижарага бериш аслида мантиққа тўғри келмайди. Ахир, тўй эгаси ижарага олган маҳсулотини бошқа буюмлар каби бус-бутунлигича қайтариб беролмайди. Бунинг сира ҳам иложи йўқ. Аммо устаси фаранг одамлар бунинг ҳам имконини топишибди. Ижарачи фақат дастурхонда қолган ноз-неъматларнигина қайтариб олади. Тўй эгаси меҳмонлар томонидан истеъмол қилинган ҳар бир маҳсулот учун тўй тугашини пойлаб интиқ бўлиб ўтирган сотувчига бозор нархида пул тўлайди. Аммо ижара учун тўлов алоҳида. Бу тўлов маҳсулот миқдори билан эмас, балки унинг нечта столга кўрк бағишлаганлиги билан белгиланади. Қисқаси, ижара шартлари ҳамда қиймати маҳсулот эгасининг инсофи ҳамда ўртада тузилган оғзаки келишувга асосланади.

ЖАРАЁН РАҚАМЛАРДА! Масалан, пишиқчилик палласида меваларнинг бир столга безак бўлиш нархи беш минг сўмни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу қиймат саккиз-ўн минг сўмга кўтарилганлиги аниқланди.

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ИЖАРАСИ: ФОЙДА ВА ЗАРАР

Тўйларни ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказиш муаммоси мана неча йиллардан бери ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Шу нуқтаи назардан қараганда дастурхондаги ноз-неъматларни ижарага олиш ҳолатининг фойдали жиҳатлари кўзга ташланади. Аммо танганинг ҳам икки тарафи бор.

Фойдали! Тўйда емакларни ижарага олиш аввало тўй эгасининг чўнтаги учун яхшигина фойда келтиради. Маҳсулотни ижарага олиш уни кўп миқдорда сотиб олишдан кўра анча арзонга тушади. Бундан ташқари, ортиб қолган егуликларни бир оила еб битиргунига қадар уларнинг анчагина қисми ўз сифатини йўқотиб, охир-оқибат ташлаб юборишга тўғри келади. Ижарага олинган тақдирда уддабурон сотувчилар уларни нес-нобуд қилмасдан арзонроқ баҳога бўлса-да пуллаб юборишади.

Танганинг иккинчи тарафи..! Емаклар ижараси аввало тўйга келган меҳмонлар учун ноқулайлик туғдиради. Ахир, улар дастурхонга қанча кам қўл чўзишса, тўй қилаётган яқинлари учун шунча яхши бўлади. Бу ҳолатда уларнинг томоғидан қил ўтармиди… Қолаверса, тўй эгаси ҳам “шу мева кесилмасин-да”, “шу шоколад очилмасин-да”, деб юрак ҳовучлаб турган бўлса. Бундан ташқари, ижарага олиш тўй маросимларидаги дабдабанинг янада авж олишига олиб келмоқда. “Барибир ижарага оляпман-ку!” деган ўй билан тўй дастурхонини энг ноёб ва нархи осмон билан тенглашишга баҳс бойлайдиган ноз-неъматлар билан тўлдиришга, шу орқали сохта обру орттиришга уринишлар кўпаймоқда. Натижада топқир ва уддабурон тўй эгалари ҳам тежамкорлик, ҳам ўз қудратини кўз-кўз қилиш орзуларини бир пайтнинг ўзида амалга оширишга муваффақ бўлишмоқда.

ДИҚҚАТ! Ноз-неъматлар ижараси дастлаб пойтахтимиз тўйлари дастурхонини безаган бўлса, бугун айрим вилоятларда ҳам ушбу одатни тажриба сифатида синаб кўриш ҳоллари кузатилмоқда.

“ТЎЙГА БОРСАНГ ТЎЙИБ БОР”ИШ КЕРАКМИ?

Шу ўринда донишманд ота-боболаримизнинг ақл-заковатларига яна бир бор таҳсинлар ўқисак арзийди. Улар “Тўйга борсанг тўйиб бор” нақлини ўйлаб топаётганда ушбу мақолнинг кун келиб жуда ўринли исботини топиши ҳақида ўйлашганмикан?! Дастурхонни ижарага олинган маҳсулотлар билан тўлдириш ўзбек халқини дунёга маълум ва машҳур қилган мемоннавозликдек хислатни йўққа чиқармасмикан?!

Доимгидек, хулоса чиқариш, қадрли мухлис, ўзингизга ҳавола. Ҳар қандай янгиликдан фақат яхши мақсадларда, ўринли фойдаланиш мумкин. Муҳими, меъёр деб аталмиш чегарани бузмасак бўлгани.

ДИЛДОР тайёрлади

Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s