Ўз жонига қасд қилган аёл ноласи: “Синглимдан бошқаси йўқмиди, дадаси?!”

Silnaya_Zhenschina_plachet_u.jpg

Куни кеча бир аёл ўз жонига қасд қилди. Ваҳоланки, аёл олий маълумотли, икки боласи бор эди. Бу аёлга нима етишмаган экан? Ё эри кўчада ювош кўрингани билан хотинини калтаклаб турарканми? Бечорани жонидан тўйдириб юбордимикан? Энди икки боласининг тақдири нима бўлади? Ўгай, барибир, ўгай-да. Оналик қилармиди шўрликларга?

Шармандаликдан қутулишни ўйлаган аёл кўнглидаги гаплар: «КУНДОШИМ ҚАРИНДОШИМ ЭКАН…»

«Бугун бошқача кун. Шунинг учун қўлимга қалам олиб, бахт ҳақида ёзишга тутиндим. Бахт нима ўзи? Бизга олислардан қўл силкиб, яқинимизга келишга эринадиган сароб. Сароб деб алдамадим. Унга яқин борганинг сари олислаб кетаверади. Ким билан гаплашмайин доим шундай дейди. Демак, бахт дегани шунчаки тасаввур. Агар шундай бўлса, у ҳолда нега бахтга атаб қасидалар, асарлар битилган? Бунга сира ақл бовар қилмайди. Мен нега бахт ҳақида сўзлаяпман ўзи? Бугун қон йиғлаётганим учундир, эҳтимол. Онам турмушга чиқаётганимда эримга кўнглим бўлмаган вақт: «Она қизим, муҳаббат тўйдан кейин туғилади. Тўйдан кейин эрингни севиб қоласан. Аслида, тўйдан бурун севиб турмуш қурадиганлар қайтага бахтсиз бўлади», деганди. Мен ҳам шу гапга ишонгандим. Тўйдан кейин эримни севолмай азоб тортаман, деб хаёлимга келтирмасдим. Ҳаётда ҳеч ўйламаганинг юз бераркан. Ҳа, азизим, сизга кўнглим бўлмади. Менга қўл теккизишингизни асло истамасдим. Сизни кўргани кўзим йўқ эди. Мени тинч қўйинг, дегим келарди. Буни сезардингиз. Бугун сиздан нолишга ҳақим йўқ, дадаси. Қизимиз туғилганида ҳам ўзгармадим. Сизга нисбатан совуқ ва ҳиссиз яшардим. Оқибат бу ҳақда ошкора айтадиган бўлдингиз. «Нигора, менда кўнглинг йўқ. Бу мени адо қилади», дердингиз. Бу гапингизни эшитганимда ич-ичимдан титраб кетардим, лекин кўнглимда сизга нисбатан илиқ ҳислар уйғонмасди негадир. Илгари бошқа бировни севганимда ҳам майли эди, ўзимдаги ҳиссизлик тушунардим.

Менга билдирмай уйланибсиз. Сизнинг ўрнингизда бошқа биров ҳам шундай қиларди, лекин кундошим ўз холамнинг қизи, жондан азиз қариндошим, синглим дейдиганим, курсдошим эканлигини эшитиб, эсдан оғиб қолишимга оз қолди. Сизни севолмаганим учун менга шундай оғир жазони раво кўрдингизми? Одамда инсоф бўлади. Уйланинг, деб ўзим айтганман. Фақат қариндошимга эмас. Энди элнинг юзига қандай қараймиз? Бизнинг оилани ҳамма қўли билан кўрсатади. Нималар қилиб қўйдингиз, дадаси? Қариндошим мендан бир кунгина кичик. Унга ҳам «Сен кичиксан», дердим. Бундан жаҳли чиқарди. Мен каттаман, деб жаҳл қиларди. Холам бечоранинг қаттиқ қўрққанидан сути келмай қўйди. Иккимизни онам эмизиб катта қилди. Наҳот шунинг ҳам андишасини қилмади? Эшитишимча, ҳомиладор экан. Бу гапларни ҳали оналаримиз эшитгани йўқ. Агар улар бундан хабар топса, иккиси ҳам бу шармандаликни кўтаролмайди. Мен жуда кўп ўйладим. Бўлиб ўтган воқеаларни тарозига қўйиб кўрдим ва шармандаликдан қутулиш йўлини топдим. Иккингиз бирга бўлишингиз ва беташвиш яшашингиз учун шу йўлни танлашга мажбур эдим. Қизларим улғайгач, нега бундай қилганимни тушуниб етар. Бу уларнинг қисматини ҳам асраб қолади.

Мен сизни севолмадим. Майли, мени эсламанг, дадаси. Бунда сизни айбламайман. Қариндошим, синглим, сени жонимдан ортиқ кўрардим. Шунинг учун тез-тез уйга чақирардим. Демак, хатони мен қилганман. Ҳаммасига ўзим жавоб беришим керак. Лекин иккингизнинг менга қилган хиёнатингизни Худога солдим…»

Ўз ҳаловатини ўйлаётган эркак хаёлидаги гаплар:«ЯНА БИЛГАНИНГДАН ҚОЛМАБСАН…»

«Нигора, ҳеч қачон гапимга кирмагансан. Мана, бугун ҳам билганингдан қолмабсан. Ўз жонингга қасд қилганингда менинг асло айбим йўқ. Асло! Аммо ҳамма менга еб юборгудай қараяпти. Тавба, хотин ўз жонига қасд қилса, эр шўрлик айбдор бўларкан-да. Қаердан чиққан бундай гап? Нега энди мен айбдор бўлишим керак? Мен Азизани хорижга олиб кетмоқчи эдим. Ўзингга ҳам бу ҳақда айтдим. Сенга ва болаларга яшашларинг учун пул жўнатиб турардим. Азиза билан сафар тадоригини ҳам кўриб қўйгандик. Ҳаммасига ўзинг айбдорсан.

Ўзингни жинниликка солишнинг асло ҳожати йўқ эди. Мени одамлар назарида золим қилиб кўрсатишинг шартмиди? Аввал ҳам кўнглимга қараганинг йўқ, бугун ҳам. Азиза ҳаётимга нур олиб кирди. Тўғри, у сенинг жигаринг эди. Мен бу ҳақда кўп ўйлаганман. Лекин нима қилай, сен заррача ҳам ўйламайдиган кўнглимни бошқаролмадим. Азиза доим кўнглимга қарарди. Унинг менга кўрсатаётган меҳридан ийиб кетардим. Балки, ҳаммаси шундай бўлгани яхшидир. Ҳеч кимга азият етмайди. Ниҳоят, мен ҳам мени севадиган ва қадрлайдиган аёл билан яшайман. Энди уйга хотиним мени қандай кутиб оларкан, деб хавотир билан келмайман. Қизларим бўлмаганида сен билан аллақачон ажрашган бўлардим. Нима қилганда ҳам, мен сенинг ҳамма гуноҳларингни кечирдим. Сен ҳам мендан ўтган бўлса кечир».

Шармандаликдан қутулган сингил ўйлари:«ПОЧЧАМ ШАРМАНДАЛИКДАН ҚУТҚАРАДИГАН ЯГОНА ОДАМ ЭДИ»

«Опажоним-а! Нега бундай қилдинг? Озгина кутганингда хорижга жўнардик. Сенга ортиқча юк бўлмас эдик. Сен оиламиз шаъни учун ўзингни қурбон қилдинг. Сенга оила шаъни жондан азизлигини биламан. Менга эса йўқ. Мен ҳамиша ўз кўнглимни ўйлайман. Ҳаётга бир марта келаман. Ўзим истагандай яшагани ҳақим бор ахир. Мен эрингни йўлдан уришни истамагандим. Ўзи менга илакишиб қолди. Сен йўғингда ёнимга келиб, соатлаб гапириб ўтирарди. Уни меҳрсизлик қийнарди. Мен буни билардим. Аввалига ҳазиллашиб меҳр кўрсатдим. Кейин у мени севиб қолди. Сенга қандай айтишни билмадим. Шунинг учун уйингга келмай қўйдим. Бир йигит билан учрашиб юрардим. Ўша йигитга турмушга чиқмоқчи эди, бироқ номард мени алдаб кетди. Ўзимда ҳомиладорлик аломатларини сездим-у, поччам хотирамга тушди. Фақат у мени шармандаликдан қутқаришини билардим. Поччамни қармоғимга илинтириш қийин кечгани йўқ. Бечора мени севиб қолган, деб ўйлади. Ўртамиздаги муносабатлардан кейин ҳомиладорлигимни айтдим. У хурсандлигидан жинни бўлиб қолди ва дарҳол никоҳ ўқитди. Мен ҳам қаршилик қилмадим. Хориж тадоригини кўраётган эдим. Ҳаммасини нега бунчалар осон ҳал қилиб қўйдинг, опа? Мени ўйладингми? Аслида, ўйлашингга арзийдиган сингил бўлмадим. Мени кечир…»

Бундай аччиқ қисматлар орамизда учрайди. Нега бу тариқа калта фикрлаймиз? Нега хато қиламиз? Ҳаёт аталган бебаҳо неъмат шунчалар қадрсизми? Азиз муштарий, бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Шаҳноза РАҲМОНОВА ёзиб олди.

Hordiq.uz

 

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s