«Қўшнимнинг бефарзандлигига мен айбдорман…»

420x232_article_1477473163_QgmNPp.jpg

Виждонимни қийнаётган гуноҳимни тўкиб солмоқчиман. Бундан енгил тортмаслигим ўзимга аён. Асли ниятим шуки, кўзига тик қаролмайдиган аёлдан мактубим орқали чин дилдан истиғфор сўраш…

Ўшанда ўн олти ёшли йигитча эдим. Ўсмирликнинг бебош ишончию жиловсиз ҳисларини танига сиғдиролмайдиган даражада норғул ва қизиққон йигитлар гоҳида ўзини идора этолмай қолишади. Ўзининг куч-қуввати ва ғайратини нималардир қилиб синаб кўргиси келади. Йигит пайтимда оқибат ҳақида ўйлаш тугул, қилаётган ишимдан мақсадим нима эканлигини ҳам билмаганимни, ўзимни кўрсатиб қўйишга уринишларимни, “йигитлик ҳақиқатларим” учун курашишларимни эсласам, шунчалик ҳам бетарбия ва бетийиқ бола бўлганмидим, деб ваҳмим келади. Ёшимиз улғайган сари ҳаракатларимиз ва хоҳишларимиз ақлимизга бўйсуниб, ўзимиз босиқлашиб, мулоҳазалашиб бораверар эканмиз.

Шукрки, оилам тўкис, ота-онам, аёлим, бир ўғил, бир қизим билан иноқ яшаймиз. Умр йўлдошим ҳаммамизга меҳрибон ва ғамхўр. Яқин-яқингача ҳамма, ҳатто ўзим ҳам ҳар томонлама бахтли эканлигимга ишонардим. Бироқ ёшликдаги биргина хатом қанча одамга азоб-уқубат келтираётганини ўйласам, ўзимни бировнинг бахтини ўғирлаган, энг тоза туйғуларига чанг солган бадбахт одам эканлигимдан юрак-бағрим куйиб кетаяпти.

* * *

Бир куни ота-онамиз қўшни туманга, узоқроқ қариндошимизникига азага кетишди. Уйда синглим иккаламиз ёлғиз қолганимиз учун синглим рўпарадаги уйда яшовчи қўшни қиз — Умидани чақириб чиқди. Умидаларникига ўша куни тоғасининг қизи ҳам келган экан. Синглим билан учаласи узоқ суҳбатлашиб, кашта тикиб ўтиришди. Тун ярмидан оғгач улар меҳмонхонага кириб ётишди. Ўша вақтда турли бепарда ва ҳаёсиз видеокассеталарнинг яширин сотуви авж олган, биз бўз йигитлар икки-уч марта томоша қилишга улгурган пайтлар эдик. Уйдагилардан яширинча сигарета чекиб, катталарга тақлид қилишни ҳам бошлагандим. Қизларнинг ухлаб қолганини кўриб, анча вақтгача ҳовлида ота-онам йўқлигидан фойдаланиб, сигарета тутатиб ўтирдим. Сўнг ҳайвоний ҳисларнинг қутқусига учиб қизлар ётган хонанинг деразасига билдирмай қулоқ тутдим. Ҳеч қандай товуш эшитилмагач, қизлар чуқур уйқудалигига ишониб, меҳмонхонага кирдим. Қўшнимиз Умида жуда чиройли қиз эди. Мактабда биздан бир синф пастда ўқийдиган, ақлли, иболи, тадбирларда фаол бўлган бу қизнинг ошиқлари кўп, мен ҳам улар қаторида эдим. Кўча-кўйда кўрганимда зимдан кўз ташлаб ўтардим-у, лекин юрак ютиб гап отишга журъат қилолмасдим. Умида кўз олдимда узун сочлари паришон ёйилиб, енгилгина ёзги кийимда сокин ухлаб ётарди. Секин яқинлашдим…

Ҳалигача нега шундай қилганимни, бунчалик бетизгин қарорга қандай келганимни аниқ эслаёлмайман, виждоним олдида сабабини тушунтириб беролмайман. Умида бирдан уйғониб, мени кўрди. Мен эса уни бақириб юборишининг олдини олиб, «Умида, ухлайвер», деб сочларини силаб, тинчлантирмоқчи бўлдим. Бироқ у нималар юз бераётганини англади-да, юзимга тарсаки тортиб юборди. Шу заҳотиёқ ҳушим ўзимга келиб, хонадан отилиб чиқдим. Тарсакининг овозидан синглим ва Умиданинг қариндоши уйғониб кетганини билдим. Эшик орқасида уларнинг гапини пойлаб, Умиданинг «ёмон туш кўрдим шекилли», деганини эшитиб, хотиржам тортдим.

Ўша тун юзим қаттиқ тарсакидан эрталабгача ловиллаб чиқди. Қилган ишимдан бир-икки кун қўрқиб юрдим. Умида акаларига айтса, отам ҳам бундан хабар топса-я… Шарманда бўлиб, ўлиб кетаман, деб ич-этимни едим. Вақт ўтгач эса, мен унга ҳеч нима қилмадим-ку, деб ўзимни овутиб, воқеани эсимдан чиқариб юбордим. Фақат Умида ўшандан кейин уйимизга қадам босмай қўйди. Маҳалла, мактабда мени кўрса, кўрмаганликка олар, менга нисбатан нафратини сездириб турарди.

Мактабни тугатгач, Умида шаҳарга ўқишга кетди. Кейин вилоятимиз марказига келин бўлиб тушди. Уйида бирор тўй-маърака бўлса келар, аммо ҳамманинг олдида на менга салом берар, на саломимга алик олар эди. Мен эса арзимас шу нарсага шунчаликми, деб ҳайрон бўлардим. Вақти келиб, мен ҳам уйландим, биринчи фарзандимиз қиз бўлди. Онам «Умидага жуда хавасим келарди, шу қизни келин қилиш ниятим бор эди, набирам ҳам унга ўхшаб ақлли, гўзал бўлиб юрсин», деб қизимга унинг исмини қўйди. Онам ва аёлимнинг гап-сўзларидан Умиданинг жуда яхши хонадонга келин бўлиб тушганини, оиласи ўзига тўқ, обрўли эканлигини, турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам яхши жойда ишлашини эшитганман. Аммо улар тўйлари бўлганига ўн икки йилдан ошган бўлса ҳам фарзандсиз эдилар. Аёлим ҳамиша: «Умида жуда яхши аёл-да, ҳар доим ўзига қараб чиройли бўлиб юради, турмуш ўртоғи ҳам жуда яхши кўради. Мана, неча йилдан бери умид билан бир-бирини суяб яшашаяпти. Ҳар доим ойисиникига қучоғи совға-саломга тўлиб келади. Яна денг, роса болажон. Жиянларининг биттасини тиззасида, биттасини қўлида ушлаб олиб ўйнатиб ўтиради. Онаси шўрлик эса бурчак-бурчакда қизининг бефарзандлигидан куйиб йиғлайди».

Эркак киши бўлганим учун бу гапларни бировнинг дард-ҳасрати сифатида бепарво эшитардим. Бир куни Умиданинг онаси Малика опанинг қон босими ошиб, ўғли югуриб чиқди. Хотиним ҳамшира бўлгани учун «Тез ёрдам» келгунча қараб туринг, деб чақириб кетди. Бироздан сўнг хотиним кўзлари қизариб келди. «Ҳа, тинчликми?» десам, «Шу қўшнимизга қийин бўлди-да, шундай яхши одамларни ҳам тақдир шунчалик қийнар эканми-а», деб росмана йиғлаб юборди. Айтишича, Умиданинг ота-онаси шаҳарга қизининг уйига меҳмонга боришган экан. Қайтганидан бери Малика хола тинмай йиғлайверади. «Қизим бечоранинг дарди ичида. Бизга ҳеч сир бой бергиси келмай, ҳар доим кулиб туради. Отаси билан мени ҳам кулдиришга, ўзини бахтли кўрсатишга уринади. Боласи кўпайгур боламнинг уйи дори-дармонга тўлиб кетибди. Ошқозоним оғриб қолди, деб соатма-соат белгилаб олиб, дорилар ичади. Отаси ҳам, мен ҳам сезиб турибмиз, аслида фарзандли бўлай, деб тинимсиз даволанаяпти. Бола зоти шунчалар азиз бўлар экан, қизим бола бўлиши учун куйса, мен унинг куйишига куяман», деб аёлимга дардини тўкиб солибди.

Шу воқеадан кейин кўнглимнинг бир чети Умида ва унинг оиласига ачиниб қолди. Севган инсонига турмушга чиққан, бировга ҳеч ёмонлиги йўқ, кўз олдимда улғайган шу муштипар аёлнинг тақдири тез-тез эсимга тушадиган бўлди. Нега шундай бўлаётганини эса у билан кутилмаган учрашувимиздан сўнг тушундим. Бу ҳолатнинг бир учи мен билан боғлиқ эканлигини кўнглим аввалдан сезган экан.

Қўшниларимиздан бири фарзандларига қўшалоқ тўй қилди. Базм тўйхонада бўлгани сабаб болаларни уйда қолдиришибди. Ишдан келсам, эшик-дарвозамиз очиқ, болалар ўйнагани чиқиб кетишибди. Умидаларнинг ҳовлисидан болаларимнинг овозини эшитиб, қўшнимникига кирдим. Ҳовлида ўғлим ўртоқлари билан чопқиллаб ўйнаб юрибди. Шу пайт ошхона тарафдан Умида чиқиб, менинг борлигимни сезмасдан болаларни овқатга чақирди. Ўғлим эса ёш бола эмасми кўзларини жавдиратиб, ўртоқларига қўшилиб дастурхон томон ошиқди. Мен «Жавоҳир, уйга юр, опанг билан бирга овқатланамиз», деб чақирдим. Умида эса мени кўрибоқ, ранги ўчиб, жаҳли чиққанини ошкор кўрсатиб, индамай тураверди. Нима дейишимни билмай:

— Салом, Умида, яхшимисиз? Меҳмонга келганмидингиз? — деб ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлдим.

У жавоб қайтармай орқасини ўгириб нари кета бошлади.

— Тинчликми, Умида? Нега тўйга чиқмадингиз? — дедим. Бу саволимни ҳам жавобсиз қолдириб, жаҳл билан жиянларининг қўлидан ушлаб олиб кириб кетди. Иззат-нафсим ерга урилгандек бўлиб, ўғлимни етаклаб, эшитарли қилиб: «Аёл киши ҳам шунақа бўладими?» деб уйимга чиқиб кетдим. Дарвозага яқинлашганимда Умиданинг йиғлаб юборганини эшитдим. Алам билан ошхонадан чиқиб, кўзимга тик қараб:

— Сиз нимани ҳам билардингиз? Кечалари бола сўраб Худога нола қилганмисиз ҳеч? Айтиб қўйган биргина сўзингизни ортга қайтарай, деб ўзингизга ўлим тилаганмисиз ҳеч? Сизга қўшилиб эзилиб, юраги адо бўлаётган одамларнинг кўзига қандай қарашни билмай қолганмисиз ҳеч? Неча йиллардан бери, ҳар сафар, ҳар ой умидлар чил-чил синганида яна янгидан куч топиб, яшаш нималигини биласизми? Сиз ниманиям эслай олардингиз?! Ҳа, аёл киши шунақа бўлади, қачонлардир номусига тегмоқчи бўлган одамни шунчаки кечириб кета олмайди! Қилган ишингизни эслай олмайсиз ҳам! Мен содда эса 14 ёшимда бир аҳмоқ йигитнинг аҳмоқона иши учун ойлаб «Худойим, бир умр фарзанд бермасанг ҳам майли, фақат ҳозир ҳомиладор бўлиб қолмай, ота-онамни шарманда қилмай, деб ҳар тунда болаларча нола қилиб чиққанман. Билмасдан, тушунмасдан, ўзимни ўзим дуоибад қилиб қўйганман! Ўзимнинг хато ниятимнинг қурбони бўлиб ўтирибман!..

Умида яна нималардир деб уввос солиб йиғлаб, уйга кириб кетди. Қулоқларим ости шанғиллаб, мижжам ёшга тўлиб уйга қайтдим. Ўша кундан бери ором нималигини билмайман. Тўғри, ўзимни ўзим «бунда ҳеч кимнинг айби йўқ, бу бир ғўр йигитнинг хатоси», деб овунтиришим ҳам мумкин. Бироқ бундай қилишга, унутиб юборишга виждоним йўл қўймаяпти. Мен ҳуркак, сувдек тоза бир қизнинг ўсмирлик чоғларини азобга, келажагини уқубатга қўйган эканман. Умиданинг менга қилган нидоси ўтган йилларнинг, ҳеч кимга айтолмаган сирларининг нидоси эди. Буни ақлим ва кўнглим жуда яхши тушуниб турибди. Мана, шунинг учун ҳам бунинг менга алоқаси йўқ, деб айта олмайман!

Синглим Умида, ёзганларимни ўқишингга ишонаман! Мен бадбахт одамни кечир, кечир, кечир! Сенга ва турмуш ўртоғингга фарзандлар ато этишини сўраб мен ҳам Худойимга нолалар қилиб чиқаяпман! Ҳали яхши кунларинг олдингда, ишон, синглим!

Эй азиз ота-оналар, сизларга ҳам айтар гапим бор: ўсмир йигитларингизнинг тарбияси, аҳвол-руҳияти билан жиддий қизиқинг, токи хато қилиб қўйишмасин! Онажонлар, қизларингизга катта ҳаёт ҳақида тўғри тасаввур ва билимни ўзингиз беринг, токи узуқ-юлуқ гапларни кўча-кўйдан эшитиб, чалкаш фикрларга ўралашиб қолишмасин!

АЗИЗА қоғозга туширди
Darakchi.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s