Кечиккан пушаймон

кечиккан_пушаймон.jpg

Рухсора Парпиева (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг Уйчи туманидаги мактабгача тарбия муассасаларидан бирига раҳбар бўлиб тайинланганига ҳали йил тўлмаганди. Бироқ, жудаям қисқа фурсат, атиги олти ойгина муддатда бу қадар таъмагирлик, нопок йўллар билан пул топишга бўлган иштиёқ унга қандай илашганини изоҳлаш мушкул. Ахир ҳалоллик тарбиясини олган, ўзи ҳам фарзандларини тарбия қилаётган шахс бўлса…

“Диёнат” газетасининг ёзишича, оилавий шароити тақозоси билан муддатидан аввалроқ ишга қайтишга аҳд қилган Малика Тўхтамбекованинг қарори мудира учун айни муддао бўлди.

– Ҳали вақтли-ку қайтишингга, боланг ёш бўлса…

– Ҳа, лекин ишлашим керак, илтимос, ёрдам беринг.

– Яхши, бунинг битта йўли бор. 100 АҚШ доллари олиб келасан, кейин гаплашамиз.

Маликанинг нафаси ичига тушиб кетди. “Ахир, ўзи шароитим оғирлиги туфайли қўлимда чақалоғим билан ишга қайтмоқчи бўлиб турсаму, 100 доллар… айтишга осон экан-да…”.

Ота уйига қандай етиб келганини билмаган аёлнинг миясида айни дамда шу ўйлар чарх урарди. Бу гапни у онасига айтолмайди, отасига ҳам. Мавридини топиб, акасига ёрилди.

– Бу қандай гап ахир, қонун бор, қўрқмас эканми мудиранг?! – жаҳли чиқди аканинг ҳам.

– Ака, илтимос, биров билмасин, мен ўзим ишлаб пулингизни қайтараман, менга қарз бериб туринг.

– Йўқ, қарз бера олмайман, ўзим мудиранг билан гаплашиб кўраман, инсофга келар, озроқ айтса балки топармиз…

Акасининг гапи билан Малика хотиржам тортиб уйига кетди. Эртасига эрталаб синглисининг юмушини бажариш учун боғчага йўл олган Аббос Тўхтамбеков тўғри Рухсора Парпиевага учрашди. Қарангки, мудира инсофга келиш ўрнига иш ўрнининг нархини ошириб юборди.

– 150 АҚШ доллари берасиз, кейин синглингизнинг иши ўнгланади, бўлмаса ишлайман деганлар кўп.

Бу гап А. Тўхтамбековнинг нафсониятига тегди. “Сен кимлигингни, инсоф-диёнатни, барқарор қонунларни унутиб қўйгансан, чоғи?!”, дея аччиқланди. Шу алфозда тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келиб мурожаат қилди.

Махсус ўтказилган тадбирчоғида 800 минг сўм пора билан ушланган мудиранинг қилмишлари фақат шугина эмаслигини фош этди. Муассасада ўтказилган текширишлар жараёнида 2015 йил июнь-ноябрь ойларида боғча тарбияланувчиларининг ота-оналаридан гуруҳ тарбиячилари орқали йиғиб олинган бадал пуллари бўйича ҳисоботлар қалбакилаштирилиб, салкам саккиз миллион сўм маблағ мудиранинг шахсий харажатлари йўлида талон-торож этилгани аниқланди.

Албатта, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Шу маънода, Р. Парпиева аёл киши эканлиги, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги ва ҳозирда ҳомиладор эканлигини суд инобатга олди. Қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларидан келиб чиқиб, унга нисбатан узил-кесил уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 210 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s