Пластик картадаги пулни нақдлаганда фоиз олиш мумкинми?

Muxlis.uz сайти маъмуриятига қуйидаги савол берилди:

“Пластик картага савдо қилаётиб ёхуд пластик картадаги маблағни нақдлаштиришда маълум миқдорда фоиз олиб қолса бўладими. Бунинг ҳукми қандай?”

Бунга эса шундай қайтарилди:

“Бу саволга жавоб беришдан олдин муҳим бир нарса ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. У ҳам бўлса рибо масаласидир. Рибо бу судхўрлик дегани. Маълумки, инсонларда иккита заиф ва нозик нуқта бор. Бири молиявий муносабатлар бўлса, иккинчиси аёллар билан бўлган муносабатларни ўз ичига олади. Шу боис ҳам мазкур икки нарса хусусида Китобу Суннатда кўп ва хўп ўгит ва огоҳлантиришлар келган. Шариат илмига оид китобларимизга назар солсак, касбу кор ва пул топишга оид кўплаб ҳукмлар баён қилинганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳам бўлса пул топиш, мол дунё орттириш каби ризққа оид масалаларнинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутганлигидан дарак беради. Инсон топаётган пулини қаердан келиб, қаерга сарфлаётганига жиддий аҳамият бермоғи лозим.

Зеро, инсоннинг ризқи ҳалолдан бўлса, кўнгли хотиржам бўлади, дуоси тез ижобат қилинадиган бўлади. Кимнинг дуоси мустажоб экан, дунёда ундан кучли инсон бўлмайди. Набий алайҳиссалом Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуга ”эй Саъд, ҳалқумингни покла, дуоси ижобат қилинадиганлардан бўласан!”, деган эканлар (Имом Табароний ривояти). Боз устига топаётган ризқининг ҳалолдан бўлишига эътибор бермасдан аралаш – қуралаш, ҳаром – ҳариш еб – ичиш, одамларни алдаб ёки зулм қилиб пул топиш дунёю охиратда ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Болалар тарбияси бузилади. Уларнинг яхшиликка бўйин эгиши, мўмин-қобил бўлиб вояга етиши қийинлашиб қолади. Чунки, ҳаром луқма кишининг табиати ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Охиратда ҳисоб-китоби эса ҳаммасидан ёмон оғир бўлади. Шу боис Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳалол-покиза нарсалардан ризқланишга тарғиб этилар экан, айни чоғда ҳаром йўллар билан касб қилишдан қаттиқ қайтарилади. Рибо-судхўрлик эса ҳаром қилинган касбларнинг энг аввалида туради.

Шариатимизда умумий маънода рибонинг икки хил тури ҳақида сўз боради. Бири насия рибоси, иккинчиси фазл (ортиқлик) рибоси деб аталади. Насия рибоси маълум муддатга қарз бериб, уни қайтариб олаётганда берилган қарздан ортиқроқ миқдорда пул олишда намоён бўлади. Замонавий ва халқона ибора билан айтганда бу процентга пул бериш деб аталади. Фазл (ортиқлик) рибоси эса иккита бир жинсдаги нарса айирбошланаётганда тенг равишда айирбош қилинмаслигида кузатилади. Бунга мисол тариқасида иккита тилло ёки иккита кумуш ёхуд бирор валюта бир-бири билан айирбошланаётганда 100 грам тиллани 110 грам тиллага алмаштириш ёки 100 000 сумни 90 000 сўмга алмаштириш каби ҳолатларни олиш мумкин. Агар шундай қилинса, бу шубҳасиз рибо бўлади ва уни қилганлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.

Абу Саъид Ал – Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Олтинни – олтинга, кумушни – кумушга, буғдойни – буғдойга, арпани – арпага, хурмони – хурмога ва тузни – тузга алмашганингизда тенгма – тенг ва қўлма – қўл алмашингиз. Энди ким зиёда қилса, ёки зиёда қилишни сўраса, бас у рибо қилибди. Олувчи ҳам, берувчи ҳам тенгдир.” – дедилар.

Фазл рибоси шу олти нарсанинг ўзида бўладими ёки шуларнинг иллатларига (яъни сифатларига) эга бўлган, шуларга ўхшаган, бошқа нарсаларга ҳам қиёс қилинадими? Бу масалада жумҳур уламолар мазкур нарсаларнинг вазифасини бажарадиган ва уларнинг хусусиятларига эга бўлган бошқа нарсалар ҳам шулар ҳукмига киради, дейдилар.

Ҳозирги замонда тилло ёки кумушнинг ўрнига қоғоз пуллар муомалага кириб кетган. Тилло ва кумуш эса айирбошлаш воситаси эмас, балки, тақинчоқ, мулк ва ҳоказо сифатида ишлатиладиган нарсаларга айланиб қолган. Бугунги кунимизда қоғоз пуллар қадимда тиллою кумуш бажарадиган вазифани бажаради. Демак мазкур нарсаларда ҳам рибо ҳосил бўлиши мумкин.

Шунга кўра пластик картадаги пулни нақд қилиб бераётганда мисол учун 100 000 сўмга 90 000 сўм бериш шаръан рибо ҳисобланади ва бу иш ҳаром бўлади. Негаки, пластикдаги пул билан қўлингиздаги нақд пул биржинсли нарса. Юқоридаги ҳадиси шарифда эса биржинсли нарсалар айирбошланганда тенгма – тенг ва қўлма – қўл бўлиши лозимлиги айтилган эди. Демак, бировнинг пластик картасидаги пулни нақдлаб бермоқчи бўлган одам ҳеч қандай ортиқча пул олмаслиги керак. Акс ҳолда рибо содир қилинган бўлади”.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s