Ўзаро никоҳи ҳаром бўлганларга никоҳланиш

Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқаларнинг яна бир кўриниши ўзаро никоҳланиши ҳаром бўлганларнинг никоҳланишидир.

Улуғ Аллоҳ эркак учун никоҳланиш ҳаром бўлган аёлларни қуйидагича баён қилиб берган: “Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир!

Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир”.

Никоҳ муқаддас нарсадир. Албатта, бу алоқани тўғри ҳолда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса, уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт – хотинликка танланаётган аёлнинг никоҳи танловчи эркакка ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида баён қилинган.

Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни поклик ва зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир”. (Нисо сураси, 22‑24‑оятлар).

Ўзаро никоҳланишнинг ҳаром бўлиши икки турлидир:

Аввалгиси: Никоҳланиш абадий ҳаром.

Иккинчиси: Никоҳланиш вақтинчалик ҳаром.

Эркак учун никоҳланиш абадий ҳаром бўлган аёллар:

1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам.

2. Қиз, қизнинг қизи, қанча пастласа ҳам.

3. Опа‑сингиллар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.

4. Амма ва холалар.

5. Ака‑укалар ва опа‑сингилларнинг қизлари.

6. Хотинининг онаси, яъни қайнона (Хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

7. Хотинининг бошқадан бўлган қизи, яъни ўгай қиз (Бунда эркак ўша аёлга уйлангач жинсий яқинлик қилмасдан ажрашган бўлса, ўша аёлнинг бошқа эрдан бўлган қизига уйланиши жоиз бўлади).

8. Ўз сулбидан (яъни пуштикамаридан) бўлган ўғлининг хотини, яъни келин (Ўғил хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

9. Отасининг хотини, яъни ўгай она (Ота хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.

Эмикдош деб ҳисобланиш учун икки ярим ёшдан кичик бўлган гўдакнинг ўз онасидан бошқа онанинг сутини бир маротаба комил суратда ичиши тушунилади. Бундай бўлмаса, эмикдош ҳисобланмайди.

11. Бирор аёл билан зино қилган бўлса ёки унинг фаржининг ичига шаҳват ила қараган бўлса ёки эркак аёлни ёки аёл эркакни шаҳват ила ушлаган бўлса, эркак учун ўша аёлнинг онаси ва қизларига никоҳланиши ҳаром бўлади. Санаб ўтилган ҳолатлардаги аёл киши тўққиз ёшдан кичик бўлиб жуссаси катта бўлмаса, зино қилгандан бошқа ҳолатларда ўша аёлнинг онаси ва қизлари ҳаром бўлмайди.

Аёллар учун турмуш қуриши абадий ҳаром қилинган эркаклар юқоридаги санаб ўтилган эркак учун никоҳланиш абадий ҳаром бўлган аёлларга қиёс қилинади.

Эркак учун никоҳланиш вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар:

1. Токи хотини билан ажрашмагунча хотининг опаси ёки синглисига никоҳланиши ҳаром.

2. Токи хотини билан ажрашмагунча хотининг аммаси ёки холасига никоҳланиши ҳаром.

3. Токи ўз эридан ажраб иддаси ўтмагунча эри бор аёлга никоҳланиши ҳаром.

4. Ўзи уч талоқ қилган аёлни токи у бошқа эрга тегиб, сўнг ўша эрдан ажраб иддаси ўтмагунча унга қайта никоҳланиш ҳаром.

5. Ғайридин бўлган аёлга токи у муслима ёки китобия (Пайғамбаримиздан олдин келган Аллоҳнинг пайғамбарларидан бир пайғамбарнинг динида бўлган аёл. Масалан насрония ёки яҳудия) бўлмагунича никоҳланиш ҳаром. Исломда китобия бўлган аёлга никоҳланиш ҳалолдир. Аммо муслима аёллар китобий бўлган эркакларга турмушга чиқишлари мумкин эмас. Улар фақатгина мусулмон эркакларга турмушга чиқадилар.

Аёллар учун турмуш қуриши вақтинчалик ҳаром қилинган эркаклар, юқорида санаб ўтилган эркак учун никоҳланиш вақтинчалик ҳаром бўлган аёлларга қиёс қилинади.

МУТЪА ВА ВАҚТИНЧАЛИК НИКОҲ

Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқалардан яна бири бу мутъа ва вақтинчалик никоҳ ақди боғлашдир. Араб тилидаги “мутъа” сўзини тилимизга ўгирганда “фойдаланиш”, “ҳузурланиш” маъноларида келиб чиқади.

“Мутъа” никоҳида эркак ва аёл бирор вақт мобайнида бирга яшаб ўзаро фойдаланиб, кейин ажрашиб кетишга ақдлашадилар.

Вақтинчалик никоҳнинг кўриниши ҳам шунга ўхшайди. Бунда эркак ва аёл муайян бир вақт эр-хотин бўлиб яшаш, сўнгра ажралиб кетиш учун никоҳдан ўтадилар.

Никоҳнинг ушбу икки кўриниши Исломда мутлақо жоиз эмас. Зеро, динимизда никоҳ муқаддас нарса бўлиб, унинг муддатини маълум вақт ёки ҳолатгача таъйин қилиш жоиз эмас.

Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рукн билан эшик орасида тик ҳолда туриб: “Эй одамлар! Мен сизларга аёлларнинг “мутъа”сига ижозат берган эдим. Энди эса Аллоҳ бу нарсани то қиёматгача ҳаром қилди. Кимнинг шу тарзда никоҳланган аёли бўлса, унга йўлини очиб қўйсин ва уларга берган нарсаларингизни қайтариб олманглар” деганларини эшитдим” (Муслим ривояти).

ЭР–ХОТИН ОРАСИДАГИ ҲАРОМ ҚИЛИНГАН ЖИНСИЙ АЛОҚА КЎРИНИШЛАРИ

Қуйида биз эр–хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритамиз.

ҲАЙЗ ВА НИФОС КЎРИШ ВАҚТИДАГИ ЖИНСИЙ АЛОҚА

Хотини ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: “У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт” ( Бақара сураси, 222‑оят).

Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар. Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар” (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.

Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.

Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам таъаллуқлидир.

РЎЗАДА ОҒИЗ ЁПИҚ БЎЛГАН ВАҚТДА ВА ҲАЖ ВАҚТИДА ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИК ҚИЛИШ

Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.

Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.

Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!” (Бақара сураси, 197‑оят).

Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.

Islom.uz
Афзал Аброр таржимаси

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s