Хориждаги қўшмачи аёлнинг ўзимиздаги ҳамтовоқлари фаолиятига чек қўйилди

420x232_article_1477891550_gxcZP-.jpg

Ҳудуд ва чегара билмайдиган жиноятлардан бири бу одам савдоси. Мазкур жиноят инсон ҳуқуқларини поймол этиб, унинг шаъни, қадр-қимматини топташи ҳақида бугун билмайдиган одам бўлмаса керак. Мамлакатимизда эса фуқароларимизнинг одам савдоси қурбони бўлмаслиги учун тушунтиришлар, кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. ОАВ орқали бир қатор чиқишлар билан бу жиноятнинг оқибатлари очиб берилмқода. Албатта, бу каби ёндашувлар сабаб кўпчилик фуқароларимиз одам савдоси каби жирканч жиноят оқибатида завол топишдан ҳимояланмоқда. Бироқ бунинг акси ўлароқ, ушбу жиноятнинг оқибатларидан бохабар ҳолда ўзини чоҳга отаётганларни ҳам учратиш мумкин. Йўғ-е, дейсизми? Ушбу саҳифадаги жиноят тафсилоти “қаҳрамони”нинг ҳаракатларини ўқиб, ўзингиз ҳам бунга гувоҳ бўласиз.

АЖРАШГАН АЁЛГА “ҒАМХЎРЛИК”

Ойдина Рўзиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи билан шахсий келишмовчилик сабаб ажрашади. Cўнгра эса ишлаб келиш мақсадида Россияга жўнайди. У ерда у кафеда идиш ювувчи сифатида ишлай бошлайди, кафеда ишлаб юрган вақтларида, Наташа исмли аёл билан танишиб қолади. — Арзимас пулга бундай қийин ишни қилиб юрасанми, хоҳласанг сенга яхши иш бор, — дейди Наташа унга.

— Қандай иш экан? — қизиқиб сўрайди Ойдин.

— Унчалик қийин эмас, мен топган мижозлар билан яхши муносабатда бўлсанг бўлди. Нархини яхши тўлайди. Шу баҳонада мўмайгина пул топасан, — жавоб қилди Наташа.

Ойдина ўша вақтларда моддий жиҳатдан қийналиб юрганлиги сабабли бу таклифга розилик билдиради.

1 ОЙЛИК “ХИЗМАТ” ВА ШЕРИК

Ойдина қўшмачи аёл қўл остида тахминан 1 ой давомида фоҳишалик билан шуғулланиб юради. У асосан Наташа топган мижозлар билан саунада “суҳбат қуриб” юради, мижозлар унга бу “хизмати” учун соатига тахминан 2500 ёки 3000 рублдан ҳақ тўлашади. Лекин пулларни барчасини Наташанинг қўлига тутқазарди. Келишувга кўра унга шу пуллардан 800 рублигина тегарди. У Наташа билан 1 ой ишлаганидан кейин, Ўзбекистонга қайтиб келади. Уйда юрган вақтида қўшниси Назира уни йўқлаб чиқади.

— Ҳозир моддий томондан қийналиб турибман. Иш йўқми? Россияда ўзи нима иш қилдингиз? — деб сўрайди қўшниси Ойдинадан. У қўшнисига Россияда шуғулланган ишини сўзлаб беради.

— Мени ҳам ўша жойга олиб кетинг, бундай ишни қила оламан. Пули яхши бўлса… — дея илтимос қилди Назира. Ойдина эса Россиядаги қўшмачи аёлдан сўраб кўришини, рози бўлса олиб кетишини айтади.

2012 йил 27 сентябрь куни икки қўшни биргаликда поездда Россия давлатининг Самара шаҳрига жўнаб кетишади. У ерда уларни Наташанинг ўзи кутиб олиб, квартирасига жойлаштиради. Улар ҳар куни Наташа топган мижозлар билан саунада учрашиб юрадилар. Улар қилган “хизмат” учун ҳақни Наташанинг ўзи оларди, уларга ҳақ сифатида пулларнинг бир қисмини, яъни 800 рублнигина берарди. Кўп ўтмай соғлиғи тўғри келмаган Назира дўконга савдо ишларига ўтиб кетади. Ойдина эса маълум вақт Россияда ишлаб, яна Ўзбекистонга қайтади.

ТУЗОҚҚА ИЛИНТИРИШ ХИЗМАТИ

Ойдина Ўзбекистонга қайтгач, пул топишнинг янги усулидан фойдаланди. Уйда юрган вақтида қўшниси Назира Ойдинанинг қўл телефонига қўнғироқ қилади. Ўзаро суҳбат давомида Ойдина Назирага иккита қиз борлиги, улар моддий томондан қийналиб қолишгани, кўп микдорда қарзи борлиги сабабли ишлаб пул топиш учун чет давлатга кетиш ниятида юришганини айтиб қолади.

— Наташага қўнғироқ қилиб, уларни ишга жойлаштириб қўйишни илтимос қилиб кўринг. Ишимиз ўхшаб қолса, иккаламиз ҳам моддий манфаат кўришимиз мумкин, — дейди Ойдина Назирага. Назира эса Ойдинанинг таклифига розилик билдиради. Шундан сўнг Назира Наташа билан гаплашиб, Ойдинанинг таклифини айтади. Наташа рози бўлгач, бу ҳақда Ойдинага хабар беради. Ойдина эса қизлар билан учрашади. Уларга қандай ишга кетаётгани, аэропортдан ўтаётганда савол берилганда қандай жавоб қайтариш кераклигини тушунтиради ва қизларнинг расмларини олиб Россиядаги танишига юборади. Бироз вақт ўтиб Ойдина қизларга танишига маъқул келганини, уларга ўз ҳисобидан авиачипта сотиб олганини, тез кунда йўлга чиқишлари кераклигини, у ерда уларни Наташанинг ўзи кутиб олишини айтади. Ойдина қўшниси Назира билан биргаликда қизларни Тошкентга олиб келиб ўзлари жўнатиб юборишга келишиб олишади. 2015 йил 10 август куни йўлга отланишади. Лекин улар кўзлаган манзилларига етиб боришолмайди. Қонун ҳимоячилари уларнинг жиноятига чек қўйишади.

Зуҳриддин РАҲМОНОВ
Darakchi.uz

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s