Қашқадарёдаги мудҳиш қотиллик тафсилоти: Жоҳил куёвнинг жанжали йиллар ўтиб, фожиа билан тугади

420x232_article_1477292165_HHmzhc.jpg

– Дадаси, куёвингиз меҳмонга чақираяпти, бориб келамизми? — деди Зуҳра опа (жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) томорқадан чиқиб келаётган эрига.

– Қандай бўларкин? Ўғлинг ҳали тўйнинг кассетасини ҳам тайёр қилгани йўқ. Қизингни безовта қилиб қўймасмикинмиз?

– Юрақолинг энди. Кассетани кейинроқ олишар. Баҳонада улардан хабар олиб қайтамиз.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, кечга яқин Зуҳра опа эри билан куёвининг уйига борди. Зоира келинлик либосида янаям очилиб кетганлигини кўриб, “илойим, бахтли бўлгин”, дея дуо қилишди. Куёв ҳам қайнона-қайнотасини илиқ кутиб олди…

– Тўйнинг кассетасини олиб келишмабдими? — сўради Дилшод меҳмонлар кетгач дастурхонни йиғиштираётган хотинидан.

– Ҳали тайёр бўлмабди. Кейинроқ келтириб беришаркан, — деди Зоира эрига жилмайиб.

Бу жавобдан Дилшоднинг кайфияти бузилди. Хотинига зарда қилди.

– Укангнинг тайини йўқлигини бошдан билардим. Бошқа видеочи чақирсам бўларкан. Ҳе, уруғинг-ни…

Зоира биринчи бор бундай ҳақоратли сўзни эшитиши эди. Ўзини қўлга олиб, “Битта кассета учун сўкиниш шартми”, деди.

Дилшод жавоб бериш ўрнига Зоиранинг юзига тарсаки туширди. Ҳали чилласи ҳам чиқмаган келинчак учун бу кутилмаган зарба бўлди. Зоира олдинда уни бундан ҳам баттар кўргуликлар кутиб турганини ҳали билмасди.

Орадан йиллар ўтди. Оилада фарзанд дунёга келди. Дилшод тез-тез ичиб келиб, тўполон кўтарар, кейин муштига эрк берарди. Ёшгина аёл эрининг асоссиз зуғумлари остида кун сайин ҳаётдан безиб борарди.

Орадан ўн йил ўтса-да, Дилшоднинг феъли ўзгармади. Баъзан кўчадан эшитган ғийбат гаплар, баъзан эса арзимаган баҳона сабаб Зоирага кун бермади. Аёл бу хўрликларга чидай олмай, ўз жо-нига қасд қилди. Хайриятки, шифокорларнинг ёрдами билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Хотинининг бу ҳаракатидан Дилшоднинг бир муддат кўзи очилгандек бўлди. Бироқ кўп ўтмай, эски одати қўзиб, яна Зоирани калтаклай бошлади.

Зуҳра опа қизи хўрланиб яшаётгани учун ич-ичидан эзилиб юрарди. Аммо куёвининг бир кун инсофга келишидан умидвор эди.

Зуҳра опа қизидан хабар олиш учун унинг уйига борди. Ҳовлидаги бақир-чақирдан куёви яна жанжал қилаётганлигини тушунди.

Дилшод қайнонасини кўргач, баттар жаҳли чиқди. Гўё хотини шикоят қилгандек туюлди. Шундай хаёл билан яқинида турган офтобани олиб, Зоирага отди. Ҳайтовур мўлжалдан адашди. Йўқса…

– Бунчаликмас-да, энди куёв, — деди Зуҳра опа ошкора жаҳл билан. – Қайси айби учун қизимни бунча хўрлаяпсиз? Яшагингиз келмас экан, ана, судга мурожаат қилинг, қонуний ажрашинг.

Зуҳра опа бошқа гапирмади. Ичкарида уларни қўрқув билан кузатиб турган набирасига кўзи тушди. Қизига, набирасига раҳми келиб, бўғзига тиқилган ёшини тутиб тура олмади.

– Қизинг мендан ўлиб ажралади. Бошқа йўли йўқ, – Дилшод чорасиз қайнонасига ғазаб билан ўшқириб кўчага чиқиб кетди.

* * *

– Қаердасан? Ҳе…

Зоира дарвозадан аранг кириб келаётган эрини кўриб муқаррар тўполонни ҳис қилиб, ноилож қаршисига чиқди. Деворга суяниб турган эрини уйга олиб кириш учун қўлтиғидан тутди. Аммо Дилшод уни тепиб юборди. Кейин устма-уст юз-кузи аралаш мушт туширди. Зоира амаллаб кўчага қочиб чиқди ва тўғри маҳалла участка нозирига борди.

Шу куни Дилшодни наркология диспансерига олиб кетишди. Зоира ўғлини етаклаб отасининг уйига борди.

Дилшод диспансердан чиқиб, уйига келганида хотини ва ўғли ҳали қайтмаганди. Хотини қайтавермагач, уни ўлдириб, қутулишга аҳд қилди. Ошхонадан пичоқ олиб, қайнонасининг уйига йўл олди.

– Бу ёққа кел!

Баҳромжон отасига кўзи тушди-ю, қўрқиб онасининг олдига югурди. Дилшод ўғлини яна чақирди. Баҳромжон, агар келмаса, дадаси онасини калтаклашини билиб, унга секин яқинлашди. Дилшод ўғлини бўйи баравар кўтарди ва ерга улоқтирди. Буни кўрган Зоира боласига ёрдамга ошиқди.

– Инсофинг борми? Ахир, ўз боланг-ку! — кўксида йиллар давомида йиғилиб ётган хўрлик бош кўтариб, Зоира илк бор эрига тик гапирди. Зоира ўғлининг юз-кўзини артиб тураркан, кўчага чиқиб кетган Дилшод яна қайтиб келди. Бу сафар ўғлининг юзига тарсаки туширди. Бола ҳовлидан ўтган ариққа йиқилди. Дилшод эса вазиятдан фойдаланиб, боласини кўтаришга уринаётган Зоиранинг бўйнига пичоқ санчди…

Ҳовлида қий-чув кўтарилди. Бу воқеани кўриб, бозордан қайтаётган Зуҳра опанинг эси оғаёзди. Зоиранинг жонсиз танасини қучиб, ўкириб йиғларди…

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди Дилшод Нарзиевга узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

One Response to Қашқадарёдаги мудҳиш қотиллик тафсилоти: Жоҳил куёвнинг жанжали йиллар ўтиб, фожиа билан тугади

  1. Акмал says:

    Бундай инсонларни халк куз унгида дорга осиб улдириш керак. Шу жазони яна йулга куйиш керак

    Like

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s