Шаҳзода Матчонованинг жўнатилмаган мактуби

420x232_article_1478251366_J2ENZQ.jpg

«Кинода ўйнашни истайсанми, қизалоқ?» Бу фильмни ҳойнаҳой сиз ҳам кўргансиз. Қарангки, қаҳрамонимиз ҳаётида ҳам худди шундай воқеа юз берган. Шаҳзода Матчанова дугонаси билан театр остонасида замонамизнинг энг кучли режиссёрларидан бирини учратиб қолади. Зулфиқор Мусоқов «Кинода роль ўйнашни истайсизми?», дея сўрайди. Ва ота-онасидан рухсат олиб, расмини «Ўзбекфильм»га олиб боришини айтади. Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон халқ артисти Байрам Матчановнинг невараси, бир пайтлари актриса бўлиш истагида санъат институтида ўқиган, аммо орзуларини фарзандлари келажагида кўрган аёлнинг тортинчоқ қизалоғи Шаҳзода Матчанова кинога тасодифий, шу билан бирга, кутилмаган учрашув сабаб кириб келади.

— Ва ниҳоят, орадан 7 йил ўтиб, режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан суратга олиш майдончасида — «Новда»да учрашдингиз.

— Менимча, юқоридаги учрашувни Зулфиқор ака унутиб ҳам юборган бўлса керак. Мен эса ҳамон ҳаяжон билан хотирлайман. Ҳаддан зиёд тортинчоқлигим сабаб кинода роль ўйнаш истаги кўнглимда пинҳонлигича қолиб кетади, деб ўйлардим-да. Йўқ, қарангки, тасодифлар сабаб инсоннинг истаклари, барибир, юзага қалқиб чиқаркан.

Зулфиқор ака билан илк бор «Новда» фильмида бирга ишладим. Аввалига чўчиганман. Профессионал режиссёр, бунинг устига, жамоа ҳам кучлилардан ташкил топган. Лекин суратга олиш ишлари давомида қийинчилик сезмадим. Чунки Зулифиқор Мусоқов жуда очиқкўнгил инсон. Актёрни доим рағбатлантириб, «Зўр», дея мақтаб туради. Бошқаларни билмадим-у, мен иш жараёнидаги мақтовлардан куч оламан, янада ролимни яхши ижро этишга ҳаракат қиламан.

— Ижодий танаффусдан кейин фильмографиянгиз анча бойиди, назаримда. «Кузда гуллаган дарахт», «Новда», «Балли, Камолиддин», «Меҳмонхона» сериали.

— Рўйхатда ҳали экранга чиқмаган «Эҳ, Салима, Салима» картинаси ва «Устюрт йўллари» номли бадиий фильм ҳам бор. Сиз санаб ўтган фильмлар ўтган икки йил давомида томошабинларга намойиш этилгани боис худдики танаффуссиз ишлагандек туюлишим мумкин. Аммо аслида, уларнинг барчаси турли вақтларда суратга олинган. Бундан ташқари, режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Сув парилари учун уй» фильмида ҳам суратга тушдим.

— Хўш, Ёлқин Тўйичев билан ҳамкорлик ижодингизда янгича бурилиш ясай олдими?

— Албатта! Ёлқин Тўйчиевни жуда ҳурмат қиламан. У нафақат истеъдодли режиссёр, ўз дунёқараши ва фикрига эга шахс. Бу инсон билан ҳамкорлик мени янгича амплуада кашф қилибгина қолмасдан, кинога бўлган қарашларимни кенгайтирди. Ёлқин Тўйчиевнинг таклифини актёрлар сценарийни ўқимасданоқ қабул қилишлари сабабини ҳам тушундим. Картина иккита халқаро кинофестивалда намойиш этилди. Энг муҳими, мен ўз фильмографиямда бу фильм ва Ёлқин ака билан бирга ишлаганимни алоҳида белгилаб қўйдим.

— Шаҳзода, сизни кино оламида нималар ушлаб турибди?

— Ижод завқи! Шу соҳага бўлган муҳаббатим! «Кино домига тушганлар ҳеч қачон ундан чиқиб кета олишмайди», деганлари тўғри экан. Мен ҳам келажагимни кинода кўраяпман!

— Халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олгансиз. Дипломатия йўналишини мажбуран танлаганмидингиз?

— Йўқ, мен доим ўз истакларим билан яшайман. Болалигимдан дунё кезишни истардим. Давлатлар пойтахтларини ёд олардим. Харитадан мамлакатларни топиш, сиёсат, элчилар ҳаёти, давлат ҳукмдорлари фаолияти менга қизиқ эди. Ақлимни таний бошлагач, менга нималар ёқишини ва қизиқишларимни таҳлил қилдим. Кимнидир ҳимоя қилиш, кимгадир нималарнидир исботлаш феълим бор. Шунгами, аввалига ҳуқуқ йўналиши бўйича ўқишни истадим. Ўқитувчиларимдан бири мени кузатиб юраркан, «Дипломатияга топшириб кўрсанг ҳам бўлади», деб қолди. Ва мен халқаро муносабатлар йўналишини танладим. Ҳозир ҳам бу йўналишни кузатаман, фикр алмашаман.

— Сир эмаски, сиз домига тушган бу оламнинг шундай тўлқинлари борки, ўзни, аслиятни, шахсиятни асраш осон эмас. Шахсий ҳаётини машҳурлик йўлида бой берганлар талайгина. Сиз гап-сўзлар, шов-шувлардан қандай ҳимояланаяпсиз?

— Аввало, мен ўзимни «юлдуз», деб ҳис қилмайман. Машҳурлигидан кибрланадиганларни эса ҳурмат ҳам қилмайман, улар билан муносабат ҳам ўрнатмайман. Қолаверса, ўзимнинг ҳурматимни биламан. Онам доим бир гапни таъкидлайди: «Қанча юқорига чиқсанг, шунча камтар бўл», дея. Менимча, сиз назарда тутаётган гап-сўзлар, шов-шувлар, шахсий ҳаётдаги бўшлиқлар кибр-ҳавонинг натижаси. Яна инсон ўзини кўнглида нималар кечаётганини таҳлил қилиши керак.

— Сиз учун дўстликнинг шарти?

— Самимият ва охиригача дўст тутинганнинг ёнида тура олиш. Кўпчилик, негадир, шоу-бизнес аёллари ҳеч қачон бир-бирига дўст бўлолмайди, дейишади. Бу нотўғри фикр. Мени дугоналарим актриса сифатида эмас, инсон сифатида яхши кўришади. Мен ҳам улар таниқли хонандалар бўлгани учунмас, дунёқарашларимиз, фикрларимиз бир нуқтада кесишгани учун ўзимга яқин тутаман.

— Мен эса дўстни хатолари билан қабул қила олиш керак, деб ўйлайман.

— Тўғри. Чунки бу — тушуниш ҳосиласи. Назаримда, биз атрофдагиларни аввало борича қабул қила олсак, улар билан муносабатларда кейинги босқичларга ўта оламиз. Яна унутмаслигимиз керакки, ҳеч ким хатолардан, нуқсонлардан холи эмас. Шунинг учун кимнидир ўзимизга мослаштиришга, уни истаганимиздек ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз нотўғри.

— Севги-чи? Севиш, бу — ҳаммасига кўз юмиш деганими?

— Муҳаббатнинг ёзилмаган қонуни ҳам аслида шу эмасми? Бу тўғрими ёки нотўғри, буниси бошқа масала.

— Сизни кўчпилик жуда замонавий ва рус табиатли қиз дея таърифлайди. Фотосессия жараёнида кузатсам, тортинчоқ экансиз.

— Охирги икки-уч йил мени анча ўзгартирди. Атрофдагилар билан мулоқот қилишни, давраларга қўшилишни ўргандим. Авваллари жуда уятчан эдим. Болалигимда ҳам шу сабаб фаол бўлмаганман. Эсласам, доим онамнинг панасига яшириниб юрган эканман. Талабалик йилларимда ҳам дарсларда ўрнимдан туриб, жавоб бериш мен учун жуда қийин эди. Ўқитувчиларимдан доим илтимос қилардим, «Биринчи партада ўтириб, гапирадиганларимни ёзиб бера қолай. Ҳеч нимадан кўчирмайман», дея. Аввалари ҳатто суратга олиш майдончасида жамоа билан бирга овқатланиб, гаплашишга ҳам тортинардим.

— Шаҳзода, улғайганингизни қачон ҳис қилгансиз?

— Ўзингиздан қолар гап йўқ, бизда «Энди катта қиз бўлдинг», деган сўзни тез-тез айтишади. Катта бўлиш гапининг маъносини ўзингиз англамагунча тушунмас экансиз. Ўтган йил, 8 августда яна бир туғилган кунимни қарши олган тонгимда хаёлимга бир фикр чақиндек урилди. «Яна бир йилни яшаб ўтдим. Нима қилаяпман мен, нималарга эришдим?» — хуллас, саволларга кўмилдим. Яшаш масъулияти, ўз ҳаётимни ўзим истагандек қуриш мақсади — ҳаммаси ўз бўйнимда ва қўлимда эканлигини тушундим. Шу пайтгача қайсидир маънода масъулиятни ота-онамнинг гарданига юклаб келаётган эканман.

— Кўп давлатларга саёҳат қилгансиз. Истакларингиз ва имкониятларингизни бир нуқтада қандай кесиштирасиз? Моддий томонлама мустақилликка эришганмисиз?

— Онам болалигимдан «Истакларингни амалга оширишинг учун, аввало, ўзингни таъминлай олишинг керак», дейди. Тўғриси, ҳисоб-китобга жуда устамасман. Аммо режаларимни амалга ошириш учун пул жамғаришни уддалайман. Ва пулни тўғри сарфлашга ҳаракат қиламан. Кейин менинг сайёҳатлардан аниқ мақсадим бор — бошқа мамлакатлар маданиятини ўрганиш, тарихий жойлар, музейларини кўриш. Бу эса шопинг, қиммат ресторанларда овқатланишдек кўп маблағ талаб қилмайди.

— Юзига тиғ теккизмаган кам сонли актрисаларимиздан бирисиз.

— Фикримча, актриса учун табиийлик жуда муҳим. Чунки катта экран сохталикларни сотиб қўяди. Ахир доим олифта қизлар, нозикойим келинчаклар ролини ижро этавермаймиз. Шиширилган лаб билан маъсума қиз образини тасаввур қилиб кўринг бир. Мен ёшликнинг ўзи гўзаллик деб ҳисоблайман. Балким қирқ-элликларимда бирор-бир сунъий усулга мурожаат қиларман, аммо ҳозирмас. Бунинг устига, уколдан жуда қўрқаман.

— Сизни қаерда учратмаймиз?

— Ошхонада. Негадир қизиқишим йўқ. «Мен ҳамма таомларни тайёрлаб биламан, пишир-куйдирга устаман», деб алдашим мумкин. Аммо ёлғон гапириб, нима қилдим? Оилали бўлгач, ошхона қозон-товоқ билан дўстлашарман.

— Болажонмисиз?

— Жудаям. Акамнинг уч фарзанди бор, улар мени шунақа яхши кўрадики, меҳрларидан ҳаётга завқим ошади. Ўзимни оқ келинлик либосида эмас, чақалоқларимни бағримга босиб турган қиёфада кўпроқ тасаввур қиламан.

— Эртаклар ҳам ўқиб турасизми?

— Албатта. Эртаклар ҳаётни ойдинлаштиради, деб ўйлайман. Инсонлар болаларча беғуборликни йўқотмасликлари учун ҳам эртак ўқиб туришлари керак, менимча.

— Китоб жавонингизда қайта ўқиш учун ўзингизда куч тополмайдиган асарлар ҳам борми?

— «Ёлғизликнинг юз йили» асарини такрор мутолаа қилолмасам керак. Мен учун мутолаа жараёни энг оғир кечган асар. Ўқиб бўлгач, ўзимни жуда, жуда ёлғиз ҳис қилганман. Умуман олганда, инсон умри давомида бир бор бўлса-да ёлғизликни ҳис қилиши керак…

— Қайси бадиий асар қаҳрамонига хат ёзишни истардингиз?

— Сўзсиз, Отабекка. Журъати, муҳаббати учун миннатдорчилик билдирардим.

— Хотирангиздаги энг ёрқин воқеа?

— Энг ёрқин воқеалар кўп. Аммо хаёлимга келган биринчиси — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга қабул қилинган куним. Имтиҳон жавобларини билиш учун ўзим борганман. Университет ҳовлисига илинган тахтачадаги қоғоздан ДТМимнинг рақамларини топганимда, хурсандлигимдан роса йиғлагандим. Бир йил давомида ҳар саҳар туриб, ўқишга тайёрланардим, қўшимча дарсларга қатнардим. Ўз кучим билан эришган илк катта ғалабам эди-да бу.

— Сизнингча, ҳаётнинг энг катта ҳақиқати?

— Яхши савол бердингиз. Мен учун ишонч — ҳаётнинг энг катта ҳақиқати. Инсоннинг Яратганга ишончи, ҳаётга ишончи, ўзига ишониши, яхшиликларга ва яхши инсонлар борлигига ишониши — дунёни ушлаб туришга қодир куч деб ўйлайман. Ахир ишонч бор жойда, алдовлар, хиёнатлар, сотқинликлар, урушлар бўлмайди… Яна мен ўзимни алдаб яшашдан қўрқаман ва инсон кўнглига қулоқ тутиши керак, деб ўйлайман…

Манба ва фото: Darakchi.uz

This entry was posted in Shou-biznes. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s