Абдулла Ориповнинг сўнгги шеърларидан «Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.»

aripov.jpg

ХАЛОЙИҚ ХОҲИШИ

Қудуқ қаздинг чўл ўртасида,
Суви ширин, албатта, текин.
Тенги йўқдир унинг аслида,
Биров ичмас бу сувни лекин.
Шиддат билан оқади дарё,
Кўприк қурдинг ба ҳаққи савоб.
Бирор кимса ўтмади аммо,
Қолиб кетди гуёки сароб.
Қора тунда ёқдинг-ку гулхан,
Келгайми, деб бирор йўловчи.
Бироқ ҳечким ўтмади йўлдан,
На бир ҳайвон ва на бир овчи.
Шеърлар ёздинг бамисли олов,
Яхшиларни куйладинг роса.
Қизиқмади ва лекин биров,
Ўқимади шеърингни кимса.
Тилла дўкон очдинг бир куни,
Бирданига ўзгарди олам.
Кутган экан халойиқ шуни,
Босиб кетди тумонат одам.

Хьюстон, 10.09.2016

МАНТИҚ

Дунёдаги жамики неъмат,
Инсон учун яралган, дерлар.
Дарёлар ҳам теграда фақат
Бизлар учун таралган, дерлар.

Ер остида конлар ҳам шундоқ,
Тайёрланган фақат биз учун.
Ёғ билан сут, патир ва қаймоқ
Оширади танамиз кучин.

Мен мантиқни севдим жуда ҳам,
Лекин чиқди саволлар доим.
Хўш, ким учун яшайди одам?
Ёлғиз Ўзи билгай Худойим.

Хьюстон, 10.09.2016

ФАСЛЛАРИМ

Етаклашиб қатор ва қатор,
Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.
У баҳорлар меники эди,
Болам, бари сеники энди.

Йўлдан ўтди ёз билан куз ҳам,
Улар менга бўлганлар ҳамдам.
Иккови ҳам меники эди,
Эгалик қил, сеники энди.

Ортда қолди чаманлар, боғлар,
Йўл сўнгида кўринди тоғлар.
Музликларга бориб етдим мен,
Фақат қишни ола кетдим мен.

Хьюстон, 13.09.2016

ЧИРОҚ

Уйдами, кўкдами – нур сочса порлоқ,
Унинг оти эрур, албатта, чироқ.
Қалбингга яшириб қўйгин қуёшни,
Кўргайсан, қанчалар буркама бошни.
Агар юрагингда бўлса зимистон,
Ҳеч ким ёритолмас, билиб қўй, Инсон.
Яхшиси сўқирдан олгин сен ибрат,
Йўлида чироқдир орзуси фақат.
Ёлғиз битта нур бор, йўқдир қиёси,
У Аллоҳ зиёси, Аллоҳ зиёси!

Хьюстон, 13.09.2016

ОЛАМ МАНЗАРАЛАРИ

Тунларим бедор ўтди, мижжа қоқмайин гоҳо,
Бир зум ором олмоқни қўмсаб яшадим ҳар дам.
Теграмда ноз-неъматнинг ками йўқ эди асло,
Ва лекин томоғимдан ўтмади бурда нон ҳам.

Қай бир ишга қўл урсам, акси бўлди, во ажаб,
Дўстларимни чорласам, ғанимлар етиб келди.
Бахт изладим бир умр орқа-олдимга қараб,
Ташвиш доим сўрамай, ғовлардан ўтиб келди.

Баъзан эса тушингнинг тескариси бўлармиш,
Ойнинг орқа томонин кўрмаганмиз ҳеч қачон.
Ҳолингга кимдир йиғлаб, кимдир зимдан кулармиш,
Омад белгиси эмиш ойдинда ётган илон.

Йиғлай-йиғлай тугатди қувноқ достонин шоир,
Теракнинг узунлиги йиқилганда билингай.
Ушбу нисбат, чеки йуқ фазоларга ҳам доир,
Нур дастаси зулматда кўзга аниқ илингай.

Чорасиз қолсанг агар, ўкиниб юрма зинҳор,
Сендан ҳам бечорароқ кимсалар кўп дунёда.
Кимдир амал соҳиби, кимдадир бойлик бисёр,
Балки ўшаларнинг ҳам ғами ҳаддан зиёда.

Ҳар ишнинг асосида қиёс ётар, албатта,
Бир ёнда тоғу тошу, бир ёнда турар уммон.
Каҳкашонда зарранинг салмоғи беҳад катта,
Фалакни суяб турган мантиқдир неча замон.

Сизу биз кўриб турган рангбаранг ушбу ҳилқат,
Эҳтимол ўзга олам аксидир, соясидир.
Инсонни бунёд этган фақатгина Муҳаббат,
У коинот бешигин тебратган доясидир.

Хьюстон, 17.09.2016

ТЕХАС ОСМОНИ

Техас осмонининг йўқдир қиёси,
Шу қадар мовийдир, шу қадар тоза.
Гўё Амриқонинг ишчан қуёши,
Артиб чиққанидек ойнани роса.

Зум ўтмай осмонга атайлаб уммон,
Иркит булутларни юборар сочиб.
Техас осмонида шундоқ жараён,
Асло кетолмайсан сен бундан қочиб.

Хьюстон, 18.09.2016

ҚУЁШ ВА ШАЪМ
Набирам Мумтозбегимга

Абадият муҳри бор гўзаллик туйғусида,
Қудратин у йўқотмас ҳаттоки уйқусида.
Тобланиб юрса арзир қуёш нурида, аммо
“Хамса” яратса бўлар шаъмнинг ёғдусида.

Хьюстон, 22.09.2016

ФОЛБИНЛАР

Халқ ўзи яратар даҳоларини,
Сўнгра ўзи берар баҳоларини.

Фолбинлик қилишни жуда севасан,
Сен- қора қуртдирсан, қора бевасан.

Аллақачон кетган бошингдан томинг,
Ўттиз милён халққа очмагин роминг.

Гар ўрта асрлар келсайди қайтиб,
Сени жанозангга юрмасдик айтиб.

Содда одамларнинг ўчин олардик,
Бир йўла, бигизлаб қўяқолардик.

Гўё сен бўлмасанг тонглар отмайди,
Сендан сўрамасдан қуёш ботмайди.

Эртадан то оқшом “Мен!” дейсан фақат,
Забонингга лаънат, фикрингга лаънат.

Қандай таом еймиз, борамиз қайга,
Балки учажакмиз юлдузга, ойга.

Балки тонга қадар китоб ёзармиз,
Тоғларни тешармиз, конлар қазармиз.

Ҳеч нарса боғлиқмас сенинг измингга,
Ҳеч кимса тобемас айтар сўзингга.

Чақалоқ йиғласа, сўрарми сендан,
Кимдир бахтли бўлса, кўрарми сендан.

Набирам мактабдан беш олиб қайтди,
Сўзсиз, устозига рахматлар айтди.

Жавоби бўлади ҳар битта ишнинг,
Тўйнинг, маъраканинг, оддий ташвишнинг.

Ҳикмат билан машғул буюк авлиё,
Сен каби ўтирган бекорчимас, ё.

Ҳар ким меҳнатига раҳмат олғувси,
Тарихда албатта номи қолғувси.

Мудом яхшилардан сен ҳам ибрат ол,
Сира ўлмас гап бу: “Камтарга камол!”.

Менга шеър ёзишни ўргатолмассан,
Тоғдирман, ўрнимдан қўзғатолмассан.

Сен мантиқ ҳақида бермагин эълон,
Мантиқнинг ўзига эргашар инсон.

Сенинг пандларингга халқим зормикан,
Айтишга маънавий ҳақинг бормикан.

Ақл ўргатмоқни бас қил, халқимга,
Битта талабим бор: – Тегма қалбимга!

Дунёни бошимга кўтаргум йўқса,
Очиқ қозон бўлса тўнтаргум, йўқса.

Сендек фолбинларга зор эмас ватан,
Ниятинг бошингга етгай даъфатан.

Ўйлама, бу дунё шунчаки кордир,
Унинг ҳам дарвоза, эшиги бордир.

Мард бўлсанг, ҳамиша садағанг кетай,
Яхши-ёмон кунинг қадрингга етай.

Асл инсон шаъни ҳар недан юксак,
У Арши Аълонинг бандаси, бешак.

Ўзи ҳам азиздир нон билан туздек,
Улуғ дарвозанинг посбони Ўзбек!

Хьюстон, 25.09.2016

СОВҒА
(Ҳазил эмас)

Менга ҳеч қанақа совға бермангиз,
Ўғирлаб кетишар уни барибир.
Шу боис, шеъримда алам ва ангиз,
Шу сабаб, совға деб айтмасман такбир.

Совғадан айрилиб, куйиб тургандан,
Унинг асли ўзи бўлмагани соз.
Сейфга қулфлаб кўйиб, пойлаб юргандан,
Тинчгина ухлайсан – ташвишинг ҳам оз.

Хьюстон, 27.09.2016

ЎЖАР ДЎХТИР ВА ЧОРАСИЗ БЕМОР ҲАНГОМАСИ

Йиғлатиб беморнинг икки қароғин,
Кесиб ташладилар бир кун оёғин.

Бадантарбияни севарди дўхтир,
Беморга: – Кезавер, – деярди дўхтир.

Бемор ёлворарди: – Йўқ, деб оёғим,
Олиб қўйишганлар ҳатто таёғим.

Дўхтир уқтирарди: – Юргайсан, тамом,
Менинг гапим шулдир, бўлди, вассалом.

Не қиларин билмас бемор бечора,
Ўйлай-ўйлай топди охир бир чора:

У икки қўлида юра бошлади,
Дунёни тескари кўра бошлади.

Ўжар дўхтирдан-ку асрасин Худо,
Аввало, оёқдан бўлмагин жудо.

Турфа ҳангомага тўлиқдир олам,
Учраб турар гоҳо шунақаси ҳам.

Техас.29.09.2016

Манба ва фото: Diydoraziz.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s