Вайсақиликдан қандай қутулса бўлади?

Muxlis.uz сайти фойдаланувчиларидан бири шундай савол билан мурожаат қилди:

“Аллоҳ кечирсин, бир хунук одатим бор: бўлар-бўлмас гапларни жуда кўп гапираман. Шуни даволашга ёрдам берсангиз. Кўп гапиришга доир оятлар ҳамда ҳадислардан мисол келтирсангиз! Шояд Аллоҳ иродамни кучли қилиб, шу иллатдан қутулсам!”

Бунга эса қуйидагича жавоб қайтарилди:

“Тилни беҳуда сўзлардан тийиш учун тил офатлари ҳақида айтилган оят ва ҳадисларни ўрганиш керак. Бу маълумотлар доим ёдимизда турса, ёлғондан, ғийбатдан, фойдасиз сўзлардан тийилишимиз осон кечади.

Аллоҳ таоло бандага бириктирилган фаришталар ҳақида хабар қилиб шундай деган: “Зотан, ўнг ва чап (томон)да икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса,) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф, 17-18).

Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар бир ҳолатидан хабардордир. Шундай бўлса-да, У Зот одамларга икки фариштани вакил қилиб қўйган. Ўнг ва чап тарафида икки фаришта инсон қилган амалларни, сўзлаган сўзларни номаи аъмолига битиб боради. Ўнг тарафдаги фаришта савоб амалларни, чап тарафдагиси эса гуноҳларни ёзади (Бу ҳақида Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят нақл қилинган. Уни Ибн Жарир ва Ибн Мунзир келтирган).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Банда айтган ҳар бир яхши ва ёмон гапи ёзилади. Ҳатто унинг “едим”, “ичдим”, “бордим”, “келдим”, “кўрдим” деган сўзлари ҳам қайд этилади. Агар пайшанба куни келса, унинг қавли ва амали кўрсатилади. Шунда ундаги яхши ва ёмон нарсалар қабул қилинади (эътироф этилади, қайд қилинади). Қолганлари ташлаб юборилади. Бу Аллоҳнинг “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўчириб, (хоҳлаганини) собит қилади” деган қавлига кўрадир (Раъд, 39)” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Муборак шундай деган: “Бандага беш нафар фаришта вакил қилинган. Тунда икки фаришта, кундузи икки фаришта келиб кетади. Бешинчи фаришта бандани туну кун тарк этмайди” (Жалолиддин Суютий, “Ад-дуррул мансур”).

Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Одам боласи гапирган ҳар бир гапи, ҳатто касаллигида оғриқнинг зўридан инграгани ҳам ёзилади” (Ибн Мунзир ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلا يُؤْذِ جَارَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ. رَوَاهُ الْيُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши (сўзларни) гапирсин ёки тилини тийсин!” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳга ва қиёмат кунига ҳақиқий имон келтирган банда фақат яхши гапларни, дунё ва охиратда фойдаси тегадиган сўзларни гапиради. Беҳуда ва зарарли жумлаларни ишлатмайди. Аллоҳга ва охират кунига бўлган ишончи уни шунга ундайди. Оғзига келганни гапиравериш мўмин кишига тўғри келмайди.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким менга тили ва фаржини (ҳаромдан сақлашга) кафолат берса, мен унга жаннат кафолатини бераман” (Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан “жаннатий” деган башоратни эшитишни ким ҳам истамайди, дейсиз. Ҳадиси шарифга кўра, бунга эришиш учун тилни беҳуда сўзлардан сақлаш ва жинсий аъзони ҳаромдан тийиш талаб этилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مَا يَتَبَيَّنُ فِيهَا يَزِلُّ بِهَا فِي النَّارِ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الْمَشْرِقِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта банда ўзи билмаган калимани гапириб қўяди-да, (кейин) унинг сабабидан машриқ ўртасидаги (масофа)дан ҳам узоқроқ бўлган жаҳаннамга қулайди”, деб айтганларини эшитган экан (Бухорий ва Байҳақий ривояти).

Баъзилар ўйламай-нетмай тилига келганини оғзига чиқариб юбораверади. Сўзлашдан олдин ўйлашни, фикрлашни билмайди. Ҳадисда мана шундай кимсалар оқибати нима билан якунланиши баён қилинмоқда. Яъни, банда тилига келганини гапириб юраверадиган бўлса, борар жойи жаннат бўлмас экан.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا النَّجَاةُ قَالَ: أَمْسِكْ عَلَيْكَ لِسَانَكَ وَلْيَسَعْكَ بَيْتُكَ وَابْكِ عَلَى خَطِيئَتِكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, нажот нимада?” деб сўрадим. У зот: “Тилингни тий, уйинг сенга кенг бўлсин ва гуноҳинг учун йиғла!” дедилар” (Термизий ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Банда тилини фойдасиз сўзлардан тийиш билан нажот сари қадам ташларкан. Айнан тилни кераксиз гапларни сақлаш нажот келтирувчи омиллардан бири экан. Демак, ким дунё ва охиратда ютуққа эришай, деса, тилини ортиқча гап-сўзлардан сақласин! Чунки суяксиз тилни тиймасдан нажотга эришиб бўлмайди.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَفَعَهُ قَالَ: إِذَا أَصْبَحَ ابْنُ آدَمَ فَإِنَّ الأَعْضَاءَ كُلَّهَا تُكَفِّرُ اللِّسَانَ فَتَقُولُ: اتَّقِ اللَّهَ فِينَا فَإِنَّمَا نَحْنُ بِكَ فَإِنْ اسْتَقَمْتَ اسْتَقَمْنَا وَإِنْ اعْوَجَجْتَ اعْوَجَجْنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан марфу тарзда ривоят қилинади: “Одам боласи тонг оттирганда, унинг барча аъзолари: “Биз ҳақимизда Аллоҳдан тақво қил! Зеро, биз сен биланмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар тойилсанг, биз ҳам тойиламиз”, деб тилга мурожаат қилади” (Термизий, Аҳмад, Байҳақий ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Тўғри йўлда собитқадамликда барча аъзолар тилга боғлиқ экан. Агар тил тўғри бўлса, керакли сўзларни гапирса, ортиқчасидан сақланса, бошқа аъзолар ҳам тўғри бўларкан. Акс ҳолда тилнинг чегарадан чиқиб кетиши тананинг бошқа аъзолари қуюшқондан чиқиб кетишига сабаб бўларкан.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لا تُكْثِرُوا الْكَلامَ بِغَيْرِ ذِكْرِ اللَّهِ فَإِنَّ كَثْرَةَ الْكَلامِ بِغَيْرِ ذِكْرِ اللَّهِ قَسْوَةٌ لِلْقَلْبِ وَإِنَّ أَبْعَدَ النَّاسِ مِنْ اللَّهِ الْقَلْبُ الْقَاسِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمَالِكٌ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг зикридан холи сўзларни кўпайтирманглар! Зеро, Аллоҳнинг зикридан холи сўзлар қалбни қотиради. Албатта, одамлар ичида Аллоҳдан энг узоқ бўлгани қаттиқ қалбдир” (Термизий, Молик ва Байҳақий ривояти. Ҳадис санади заиф).

Инсон Аллоҳни кўпроқ зикр қилиши, зикруллоҳдан бошқа сўзларни кўпайтирмаслиги лозим. Бўлмаса, қалби қотиб қолади. Қаттиқ қалб ва унинг соҳиби Аллоҳдан, У Зотнинг раҳматидан узоқ бўлади. Хуллас, бош омон бўлиши, қалб соғлом, бутун тана аъзолари тўғри йўлда бўлиши учун тилни кераксиз сўзлардан тийиш сув ва ҳаводек зарур экан”.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s