Киндиги очилмаган қиз

cAVKcRIsJ8Y.jpg

Қиз арсагунча, туз асраган афзал дейишган қадимгилар. Нега? Чунки қиз бола шу қадар нозик ҳисобланганки, у сал нарсага айниб кетиши мумкин.

Топ-тоза оқ сутга бир томчи сиёҳ томса, қанчалик булғанса, қиз бола ташқи кўринишининг очилиб-сочилиб кетиши ҳам шунчалик унинг бутун борлиғу номусига доғ бўлиб тушадигандек. Бироқ, ҳозир гап қиз бола тугул, ҳатто ўғил болаларимизнинг кийиниш «маданияти» тўғрисида ҳам эмас, балки қандай кийинганидан, феъл-атворининг кенгу торлигидан қатъий назар — кўз ўнгимизда ўз-ўзича шаклланиб келаётган бу одам нима эшитиб, нима кўриб улғаяётганлиги ҳақида. Бошиданоқ айтиб қўяйлик: қадрли ота-оналар-у, азиз ва мўътабар устозлар бизни кечирсинлар-у, аммо тан олмай иложимиз йўқ — ҳозирги кунда фарзандларимиз тарбияни биздан эмас, интертелевидео аталмиш раҳнамосидан олиб ётгани бор гап. Бир қараганда шуниси ҳам яхшидек. Ахир биз уззукун ўғил-қизимизнинг тарбияси билан шуғулланадиган бўлсак, бола-чақани ким боқади???

Шу боисдан ҳам биз чарчаб-ҳориб ишдан келамиз, бир луқма овқатимизни наридан-бери еймиз, сўнг тўйгами, туғилган кунгами ё бошқа бир тирикчилигимизга отланамиз: «Болам, салом, болам, хайр. Пул керакми, ма, ол, болам. Ўтган йилги пальтойинг калтайиб қолдими? Майли, янаги маошда янгисини оламиз. Мактабга бораяпсанми ўзи? Ҳа, баракалла. Новвосга қарадингми? Уйни йиғиштирдингми?» ва ҳоказо ва … бўлди» Боламиз билан бўладиган энг узоқ ва «мазмунли» суҳбатимизнинг моҳияти фақат шулардангина иборат, холос.

Интертелевидео эса унинг ҳам отаси, ҳам онаси, опаси, дугонаси, дўсти, тарбиячиси бўлиб қолганини шундан кейин ҳам тан олмай кўрингчи. Аммо бу «дўст»нинг болаларимизга ўргатаётган жуда кўп нарсаларини шу ёшга кириб, баъзан маҳрамингизга ҳам айтолмайсиз. Масалан, 7 ёшдаги қизалоқлар аёл киши боши айланиб, беҳол бўла бошладими, бу ҳомиладорликдан нишона эканлигини қаердан билади? 5 ёшдаги болакай эса чақалоқларни касалхонадан олиб келишмайди, уларни аялар худди мушукларга, бўри ёки-тулкиларга ўхшаб «туғиши-ю», катта болаларини эса «чақалоқни сотиб олдик» деб алдашларини ҳам ҳар ҳолда уларга ўзимиз ёнимизга ўтирғизиб, эринмай, батафсил тушунтирмаган, ёхуд бу ҳақда уларга боғча опаси махсус машғулот ўтиб гапириб бермагандир?

Бир танишимнинг қизи эса оддий мактабдан нуфузли гимназияга ўқишга қатнай бошлади. Эҳ қизлар, қизлар. Улар хоҳ етти ёшда бўлсин, хоҳ ўн еттида, гаплашадиган мавзулари албатта мода ёки кийим-кечакдан бўлади. Нима гап ўтса ўтганки, янги келган қизалоқ дугоналари билан гурунглаша туриб ҳали умрида «топик» (қориннинг тепасидан келадиган майкача) кийиб кўрмаганини айтиб қолади. Қизлар пиқирлашиб кулишган, «Вой, сени қараю, киндиги очилмаган қиз!» деб уни мазах қилишган. Буни қарангки, бу гаплар қизалоққа оғир ботади. Гўёки киндигини очиб юрмаслик — уятдек, хўрлиги келиб, ота-онасини ёзғиради: «Мана, сизларнинг тартиб-қоидаларингизни деб ўртоқларимга калака бўлдим!»

Ҳа, бу не гапки, эндиликда бор-йўғи бошқаларга нисбатан ахлоқли бўлиш ҳам айб ҳисоблансаю, жамоа ундайларнинг устидан кулса, янаям аниқроғи, кийим кийишдаги оддий меъёрийликни табиий қабул қилолмасалар?

Ҳа, болаларнинг кўзи тугул, киндиги ҳам очилиб кетгани энди янгилик эмас.

Улар мактаб дастуридан тўрт қатор шеърни билмаслиги мумкин, аммо ҳар бир маъни-маънисиз реклама роликларини тўтиқушдай ёддан такрорлайди: «Келтирдингми! Ҳа, шеф!» , «Сизни простата, аденома безовта қиляптими?», «Лейкерс билан газни бос!», «Яхши кўрасанми ? Жейк!»… ва ҳоказо. Ҳомиладорликдан сақловчи воситалар рекламаси берилаётганда сиз-ку “э, болам барибир ҳеч нарсани тушунмайдику”, деб хотиржам ўтираверарсиз, аммо болалар бир-бирига зимдан кўз уриштириб, пиқир-пиқир кулишади.

Бизнинг аҳмоқлигимизнинг устиданми ёки ўзларининг ақлли бўлиб кетганликлариданми, билмайсиз…

Булар ҳали ҳолваси. Кабелли телевидение шарофати билан уззукун намойиш этилаётган фильмларни-ку айтмай қўя қолайлик. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор берсак: ўзбек дубляж санъатининг барибир бетакрорлигига шак келтирмаган ҳолда шуни қайд этиш мумкинки, баъзан бу бетакрорлик чет элнинг савияси паст фильмларини оҳанраболи ва ёқимли овоз ҳамда талаффуз билан қизиқарли қилишга қодир бўлгани ҳолда, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган видеофильмларни аксинча, сунъий ва зерикарли, жонсиз, фақат стилистикага урғу бериб «гапиртириш»лари орқали шундоқ ҳам зерикарли сюжетларни янада мужмаллаштиришлари билан ажойиб. Бироқ шунга қарамай, тўрт кўз тугал — ТВ ники. Истаймизми-йўқми, биз улардан кўз узмаймиз. Бироқ билмаймизки, асосан тунги каналларда намойиш этиладиган кўплаб бадиий фильмлар кундуз куни такрорий намойиш этилади. Яъни, сиз тунда уйингизда болалар соатини жорий қилганингиз билан, кундуз куни фарзандингиз сиз ўзингиз ухлаб қолиб кўролмаган шармандали фильмларни ҳам маза қилиб томоша қилади. Бу ҳали бор-йўғи уларнинг кўраётганлари.

Рус тилини тушунадиган болаларнинг эшитаётган гаплари-чи? Бундай кинофильмлар табиийки асосан, детектив ёки триллер жанрида бўлиб, ундаги сўз ва жумлалар ҳам шунга яраша — криминал ибора ва жаргонлардан иборат бўлади. Айрим шунақа фильмлар борки, уларнинг оригиналлигини сақлаш мақсадида рус тилига қилинган таржималарида деярли ҳар бир сўзнинг орасида ўрисча «мат»нинг такрорланиб туриши, инглиз тилидан синхрон таржима қилинган фильмларда эса истайсизми, йўқми «фак оф» жумласи ҳам тез-тез қулоққа чалиниб қолиши табиий ҳол. Балки ёт тилдаги сўкинч сўзлар ўзимизнинг «ҳе, онангни» каби қўпол эшитилмас. Аммо шуниси борки, айнан ўша инглизларнинг ўзида «фак оф» жумласини теле ёки кинода персонажлар тилидан қўлланилишига нисбатан жуда қаттиқ чора кўрилади. Масалан бир пайтлар машҳур «Шамолларда қолган ҳисларим» фильмидаги «лаънати» — «дамн» деган биргина сўзнинг кетиб қолгани учун ҳам фильм ижодкорлари жавобгарликка тортилган экан. Тўғри, ўша даврлардан буён кўп вақт ўтиб кетган бўлса-да, аммо ҳали ҳамон барибир ғарбда етмишинчи йиллардан кейингина вазият бироз юмшаганининг ўзиёқ Америка фильмларини шу даражага олиб бориб қўйганки, кино қаҳрамонлари тилидан чиқадиган сўкинишларни тушунса борми, Тошпўлат тажангнинг ҳам уятдан лавлагиси чиқиб кетарди. Аммо шуниси эътиборлики, нақадар «демократлашиб» кетганига қарамай, АҚШда болалар учун чиқариладиган фильмлардаги сўз цензураси ниҳоятда қаттиқ олиб борилади. Биргина «Индиана Жонс» ёки «Гарри Поттер» фильмларини мисол тариқасида кўриб ўтадиган бўлсак, у ерда ҳаттоки «шит» (shit — ахлат) жумласи ҳам ишлатилмайди. Фаҳшу разолат авжига чиққан шу мамлакатда ҳам цензурадан ташқари сўзларни ишлатиш, тананинг яланғоч қисмини кўрсатиш, зўравонлик ва наркотик воситаларни истеъмол қилиш мавзусини намойиш қилиш қатъиян тақиқланган. Ким бўлишидан қатъи назар, бу қонун-қоидани бузган киши катта миқдорда жарима тўлаши ва ҳаттоки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам шубҳасиздир. Тўғри, бу сеҳрли аталмиш ўлкадаги ғирром тузумнинг ўзига хос найрангбозчилиги бўлиши мумкиндир, аммо шунга қарамай болалар масаласида чегарадан чиқиб кетиш, яъни болалар адабиётлари, фильмлари, кўрсатувлари, шунингдек, мультфильмларда аҳлоққа зид жумлаларнинг ишлатилиши ёки ғайритарбиявий кўринишларнинг намойиш этилишини қатъиян тақиқловчи қонуннинг барибир борлиги ижобий ҳол эмасми?

Собиқ тузум даврида эстраданинг унчалик тараққий этмагани сабаб кўпчилик «Модерн Токинг», «Абба», «Бони-М»ларни эшитиб ўсган ва табиийки уларнинг бирорта ҳам сўзига тушунишмаган. Аслида эса жаҳонга машҳур бундай гуруҳларнинг айтаётган ашулаларида ҳам маъно мазмуннинг ўзи бўлмаган. Чунки ғарбда энг муҳими оҳанг ҳисобланган. Буни ҳозирда инглиз тилини сизу биздан кўра яхшироқ ўзлаштириб бораётган болаларимиз билишмайди-ку. Аммо кошки улар ҳеч қурса ўз она тилида янграётган қўшиқларда ҳам тутуриқли жумлалар эшитишаётган бўлса. Ахир бизнинг эстрадамиз ҳам ғарб санъатига қараб юриб эмас, нақ югуриб кетмоқда.

Бундан бир неча йил илгари кино экранларимизда «Рамаяна» фильми намойиш этилганда кичик ёшдаги барча болалар пайкон отишга берилиб кетгани каби, ҳозир ўсмир ёшидаги ўғил болалар ўз имиджини Шоҳрух ё Шоҳруххон ва Шаҳриёрга ўхшатиши, шоша-пиша нонларига бир бўлак сарёғ суриб, тайёрлаб берган «бутерброд»ларини кавшай туриб, қизғин равишда муҳокама қиладиган мавзуси ҳам шунга ўхшаш: «Зердахонимнинг боласи туғиладими йўқми? Эсма Салимга тегадими, Демиргами? Менга «Кечалар» қўшиғи ёқади, сенга-чи?» ва ҳоказо.

Мана шунақа руҳда ўсиб улғаймоқда қизларимиз. Вояга етмоқда ўғилларимиз.

Сўзни мухтасар этадиган бўлсак, жазавага тушиб, бақириб-чақириш ожизларнинг ишидир. Лекин юқорида қайд этилганларнинг барчасига жимгина қараб туравериш ҳам тўғри эмас. Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Аммо, масалан, Россияга Ироқ демократияси керак эмас экан, нега биз телеканалларимизда бошқа давлатларнинг демократияси ҳазм қиладиган ғояларни жимгина «еб» келаверишимиз керак?

Бу билан жаҳон кино ва теле саноатида мавжуд дастурлар ва фильмларнинг берилиши таъқиқлансин, демоқчи эмасмиз. Аксинча, кўпгина сифатли чет эл фильмлари ўзининг ахлоқий-тарбиявий жиҳатлари билан бизга намуна бўлишга ҳам арзийди. Бироқ ўзбек томошабини, қолаверса, экранларга термулиб ўсаётган фарзандларимизнинг диди қачон ва қай тарзда шаклланишидаги муҳим бир лаҳзани қўлдан бой бериб қўймаслик учун нима қилмоқ керак? Жавоб тайёр: албатта, экран маҳсулотларининг сифатлиларини ўзимиз ишлаб чиқаришимиз ва намойиш этишимиз керак. Бироқ сифат ҳар доим кўп вақт ва катта пул талаб этиб қолади-да. Хўш, нима бўпти? Ахир давлат таъминоти шунинг учун ҳам мавжуд эмасми? Қолаверса, Ўзбекистонда тафаккур савияси юқори одамлар жуда кўп. Биз ишонамизки, улар сизу бизга ўхшаб, қизимиз киндиги ҳалигача очилмаганидан ўкиниб келишидан олдин-да, миллат ташвишини чекишни бошлашади. Биз бунга ишонамиз!!!

Дилфуза Қўзиева
Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s