Тарозингиз тўғрими ёки бозордаги воқеа

тарозингиз_тугрими.jpg

Бугунги кунда бу савол бозорларда тез-тез қулоғимизга чалиниб қолади. Ўз юмушимиз билан бўлиб, бунга кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Бир даврада яқин танишим ўзи билан бўлиб ўтган воқеани айтиб берганида, бозорларда сотувчи ва харидорлар ўртасида ишонч йўқола бошлаганини англадим.

– Одатдагидек, дам олиш куни бозорга йўл олдим, – дея ҳикоясини бошлади танишим. – Зарур нарсаларни олиб, картошка бозорига ўтдим. Ҳар гал бир сотувчидан картошка харид қиламан. Улар ҳам менга ўрганган. Менга кўзлари тушиши ҳамоноқ дарров зарур килони тарозида тортишга киришадилар. Негадир ўша куни улар кўринмади. У ёқ-бу ёққа озгина қараган бўлдим, аммо тополмадим. Ҳа майли, бир гал бошқадан оларман, дея қўшни растага ўтдим.

– Холажон, картошкангиз қанча бўлди? – дея “келинг-келинг” деб мулозамат қилиб, картошка сотаётган холанинг олдига бордим. Нархини эшитиб, озгина савдолашган бўлдим.

– Майли, хола. Беш кило тортинг.

– Хўп бўлади, ўғлим, – дея хола картошкани тарозига қўйди.

Пулини бердим-да, картошкани олдим. Ҳар ҳафта беш килодан олганим учун қўлим ҳам унинг оғирлигига ўрганган. Бу гал сал енгилроқдек туюлди. Ёки тарозидан урдимикан? Йўғ-э, хола унақага ўхшамайди-ку!? Бемаъни гумонга борганим учун ўзимни койиган бўлдиму, аммо назорат тарозисининг олдидан ўтаётиб, картошкани ҳам бир ўлчаб кўриш фикри туғилди. Тарозига қўйсам, не кўз билан кўрайки, кўрсаткич тўрт килою икки юз граммни кўрсатиб турибди.

Нима қилишни билмай бир оз ўйланиб турдим. Қайтиб борай десам, истиҳола қиламан, бормай десам, алданганим алам қилаяпти. Нима бўлса бўлди, дея бордим. Қайтиб келганимни кўрган сотувчи хола бир оз каловланди. Алдаганига энди шубҳа қилмадим.

– Келинг, ўғлим.

– Берган картошкангиз килосидан кам чиқди.

– Ҳай, ўғлим, адашгандирманда, келинг, камини солиб бераман, – дея хола бир-икки ҳовуч картошкани пакетга сола бошлади.

– Керак эмас. Пулимни қайтаринг. Бўлмаса ҳозир бозоркомнинг олдига борамиз. Харидорларни алдашга нима ҳақингиз бор?

Атрофимизга одамлар тўпланаётганини кўриб, ўзимни босдим ва мулойимлик билан гапиришга ўтдим:

– Бу йўл билан пул топиш ҳаром эканлигини биласизми? Гуноҳга ботяпсиз, бунинг жавоби ҳам бор, ахир.

Мулойимлик билан гапирганимдан фойдаланган хола овозини баландлатди.

– Гуноҳ бўлса, менинг гуноҳим. Сенга нима, Аллоҳни олдида гуноҳимга ўзим жавоб бераман. Картошканинг камини олдингми, энди йўлингдан қолма.

Шу воқеадан кейин асабим бузилиб, бозордан тезда чиқиб кетдим. Наҳотки, одамлар тирикчилик деб шунчалик тубанлашиб кетаётган бўлсалар?! Айниқса, онам тенги аёлнинг бунчаликка бориши қаттиқ ғазабимни уйғотган эди. Ахир, ҳаромдан келган фойда ҳам ҳаром. Билишади, билиб туриб шундай қилишади. Бундайларни нима деб аташни ҳам билмайман. Бир куни боши деворга урилганда кейин кеч бўлмасмикан?

Танишимнинг даврада куйиниб айтган сўзларига ҳар ким ҳар хил фикр билдирди. Аммо мени бошқа нарса ўйлантириб қўйди. Фикримча, бозорларимизда инсофли, диёнатли сотувчилар ҳам кўп. Аммо улар орасида харидорлар ҳаққига хиёнат қиладиган сотувчиларнинг ҳам бўлиши халқда ишончсизлик уйғотади. Айнан шу сабабли ҳам бозорларда тарозининг тўғрилигига шубҳа қилувчи харидорлар кўпаяётгандир. Ахир, авваллари харидорлар сотувчидан “Тарозингиз тўғрими?” деб сўрашмаган. Улар бир-бирига ишонишган. Ўртада имон, диёнат асосига қурилган мустаҳкам ишонч бўлган. Сотувчилар ҳам бундай қинғир ишни хаёлларига келтиришмаган. Гуноҳ қилишдан, бировнинг ҳақидан қўрқишган.

Айни вақтда бозорларда ишончнинг йўқолиб бораётганлиги аслида кўзга кўринмай тарқалаётган иллат эмасмикан? Халқимизда “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, “Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин” каби иборалар мавжуд. Бу ибораларни мулоҳазамизга хулоса сифатида айтамизу, аммо якуний хулосани ҳар бир ўқувчининг ўзига қолдирамиз.

Хўш, сиз нима дейсиз?

Ғолибжон АБДУСАЛОМОВ

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s