Таъмагирга иш берманг!

тамагирга_иш_берманг.jpg

– Ака, хизматингиз учун раҳмат! Яхши ёрдам қилдингиз, сизнинг биргина телефонингиз билан муаммоим осонгина ҳал бўлди.

– Ука, ҳечқиси йўқ, бизнинг вазифамиз шу. Бу иш тизимимизга қарайди. Демак, соҳадаги ҳар қандай камчилик бизнинг ҳам шаънимизга доғ бўлиб тушиши мумкин.

– Барибир сизга раҳмат, одамгарчилик қилдингиз. Адолатни тиклаб бердингиз. Илтимос, шуни олиб қўйинг, “арзимас” нарса!

Ҳожатбарор одам бироз хижолат бўлди, қизаринди, лекин “арзимас нарса”ни олиб қолди…

Пора – (форсча майда пул, чақа, хайр-садақа) бирор ишни ноқонуний тарзда битириб бергани учун мансабдор шахсга бериладиган, берилган нарса ёки пул, деган маънони англатади. Бу сўзнинг яна бир талай маънодошлари ҳам бор. Айтайлик, таъма, манфаат, “рози қилиш”, “хизмат қилиш” ва ҳоказо.

Аксарият тиббиёт муассасасига боринг. Масалан, ёш болангизни педиатр ёки поликлиникангиздаги окулист ҳузурига олиб бордингиз. Бино кираверишида текширувларнинг бепул эканлиги ёзиб қўйилган, борингки сиз ўша ёзувни кўрмаган тақдирингизда ҳам буни шифокорнинг ўзи яхши билади. Дўхтир фарзандингизнинг қаеринидир текшириб қўйди, дори ёзиб берди. Сиз эса қўлингизни чўнтакка олиб борасиз. Атаганингизни дафтарнинг тагига ёки оқ халатлининг ён чўнтагига солиб қўясиз. Шифокор инсоф қилса, “қўяверинг, шартмас, вазифамиз шу” дейди. Сўраб оладиганлар ҳам йўқ эмас. Ўйламанг, бу тўғридан-тўғри сўралмайди, қандайдир бланка тўлдиришга ёки резина қўлқопга дея арзимаган чақангиз олинади.

Хўш, нима бўпти дейсизми? Бизда нарзу ниёз, қўл ҳақи, деган нарсалар ҳам бор, демоқчимисиз? Бу фикрга эътироз йўқ, шунчаки, билиб қўйинг, қаршингиздаги шифокорнинг олдига кунига элликдан ортиқ сиздек ниёз қилгувчилар келади, бир ойлик мижозларнинг “узатгани” эса ходимнинг ойлик олмасдан ҳам шоҳона яшашини таъминлаб беради. Энг ёмони, сиз ҳақингизни талаб қилмаганингиз, ҳуқуқингизни билмаганингиз учун “тоза одам”ни ҳам “ўргатиб” қўясиз. Аниқроғи, шифокорнинг ўзини тузалмас дардга мубтало қилганингиз қолади!
Яна бир мисол. Таълим муассасаларидаги айрим домлалар ўқувчи ёки талабанинг билимини баҳолайди. Ҳеч қачон фалон фандан баҳо олиш учун фалон сўм оламан, демайди. Шунчаки, беш минг сўмга чоп эттирган китобини эллик минг сўмга сотади. Негадир ўқувчиям шунча маблағга китоб дўконидан ўн бешта китоб эмас, айнан қайта нашр этилган монографияни “харид” қилишни афзал билади. Қизиғи, ўша китобни ўқигани ёки ўқимагани учун эмас, сотиб олгани учун ҳам у “йиқилмайди”. Бу таъмагирликнинг силлиқ йўли, назаримда. Китоб муаллифини айблай ҳам олмайсиз, бирор нимани бўйнигаям қўёлмайсиз. Аммо талаба ҳам унчалик содда эмас, у ўқиганини яхши ўзлаштирмасаям, кўрганини яхши эслаб қолади. Эртага у ҳам бирор жойга мутахассис бўлиб ишга борганида бу услублардан самарали фойдаланади. Қайтар дунё ахир…

Бир раҳбарни яхши танийман. Ходимларига доим бир гапни такрорлайди: “Агар хизмат вазифангдан келиб чиқиб бирор жойга борганингда, бирор манфаат кутсанг, ўша куни аризангни ёз. Жуда муҳтож бўлсанг, ўзимдан сўра, имконим борича сени муҳтож қилмайман. Лекин ўзинггаям, ҳамкасбларинггаям доғ туширма”. Қизиғи, ўша раҳбарнинг ходимлариям ўзидан унчалик тортинмайди. Шахсий муаммолариниям бошлиғига айтади. Жамоада ҳам ўзаро манфаат эмас, самимият ҳукмрон.

Хўш, нима демоқчимиз? Қўл остингиздаги одамнинг кимлигини, “оёқ олишини” яхши биласиз. Ақлли, узоқни кўрадиган раҳбар бўлсангиз, албатта. Демак, таъмагирга иш берманг! У нафақат халққа, нажот истаб келгувчиларга, балки ўзингизгаям жабр қилади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s