Қайнота куёвига тўйдан олдин ваъда қилган машинани олиб бермагани учун куёв ажрашмоқчи бўлди

14781526613.jpg

«Отамга бораман!..»
Мурғак гўдакнинг аламли кўз ёши юракни ларзага солади. Ҳали вояга етмаган, ҳаёт аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган болакай бугун айбсиз айбдорга айланиб, кемтик оилада, ота меҳридан мосуво ҳаёт кечиряпти. Унга туҳфа этилган олам-олам қувонч юрагидаги бу кемтик ўрнини тўлдира олармикан?
Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 10 минг нафар вояга етмаган бола тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…
Шунча норасида болани тирик етимга айлантирган сабаб нима?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган анжуманда айни шу савол атрофлича муҳокама қилинди. Жорий йилда қайд этилган оилавий ажримлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида сўз юритилди.

Раҳмонбек УСМОНОВ, Тошкент шаҳар ҳокими:

— Республика бўйича энг кўп ажрим Тошкент шаҳрида қайд этилгани бу масалага масъул бўлганларнинг ишга ёндашиши қониқарсиз эканини кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатнинг олдини олиш мақсадида туманларда ишчи гуруҳлар тузилди. Бир неча марта ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилиб, олиб борилаётган фаолият таҳлил қилинди. Натижада уйига аразлаб кетган 150 га яқин келинлар аниқланиб, олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг уларнинг 49 нафари яраштирилиб, яна ўз оиласи бағрига қайтарилди. Аразлашган оилаларнинг 61 тасида вояга етмаган фарзандлар борлиги масалага янада жиддийроқ ёндашиш зарурлигини тақозо этади.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Тошкент шаҳри бўйича жами 3442 та ажрим қайд этилган. Бу эса 2015 йилнинг шу даврига нисбатан ажрим атиги 144 тага камайганини кўрсатяпти.

Шаҳардаги жами 505 маҳалладан 474 тасида ажримлар бўлган. Бор-йўғи 31 маҳаллада ажрим ҳолати қайд этилмаган, холос. Юнусобод туманида бу йилдаги ажримлар сони ўтган йилнинг шу муддатига қиёслаганда 53 тага, Олмазор туманида 25 тага, Бектемир туманида 22 тага кўпайган. Бу каби рақамлар ана шу маҳалладаги фаолларнинг бефарқлигидан, Яраштирув комиссиялари яхши ишламаётганидан далолат бермайдими?

Бефарқлик нафақат маҳаллаларда, балки суд ишларида ҳам кузатилмоқда. Ажримларнинг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб бориш, ажрим бўйича сайёр суд йиғилишлари ўтказиш каби муҳим тадбирлар судлар томонидан тўлиқ бажарилмаяпти.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ, Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси:

— Тўй қиладиган бўлсак, икки ёшнинг бахти учун бор-йўғимизни сарфлаб, кам-кўстсиз тўкин-сочинликда ўтказяпмиз. Лекин кўп ўтмай, ана шу оила арзимаган сабаблар туфайли ажрашиб кетяпти.

Мана, яқинда бизга тушган аризалардан бирида қайнона ўғил ва келинининг тезда ажрим қилинишини сўраган. Сабабини суриштирсак, келин овқат қилишга нўноқроқ экан. Наҳотки, рўзғордаги шундай майда-чуйда икир-чикирлар ҳам бир оиланинг барбод бўлишига арзиса?! Аслида оиладаги муаммолар оиланинг катталари билан биргаликда ҳал қилиниши керак эмасми? Наҳот қайнона-қайноталар фарзандларининг тинч-тотув, ҳамжиҳат яшашига ҳисса қўшиш ўрнига уларни ажраштиришни сўраб турса?!

Яна бир аризада қайнота куёвига тўйдан олдин ваъда қилган автомашинани олиб бермагани учун куёвтўра ажрашмоқчи эканини билдирган. Белида белбоғи бор ўзбек йигитининг шу даражага боришининг ўзи нақадар уятли ва шармандали ҳол эмасми?

Менимча, оиладаги катталар ёшларнинг ҳаёти учун хулоса чиқаришда бироз мулоҳазали бўлиши зарур.

Анвар қори ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:

— Оилавий можароларни ҳал қилиш учун ота-боболаримизнинг ҳаётидан ўрнак олиш керак. Эркаклар, оталар оилада ўзининг ўрнини билиши зарур. Улар оилада бошқарувчи бўлиши керак. Аёлларни бошимизга кўтарамиз, лекин оилани аёллар эмас, эркаклар бошқариши лозим.
Лоқайд бўлсак, иш битмайди. Оилаларимизнинг орасига кириб, кимлардир уларнинг тинчини бузмоқда. Бу — маънавиятсизлик! Бунинг ҳаммаси китоб ўқимаётганимиз оқибати. Одамларда маърифат йўқолса, майда гап бўлиб қолади. Китоб ўқиган, маърифатли оилаларда жанжал бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси маънавият йўқлигидан. Агар маънавият бўлмаса, миллат бузилади. Болаларимизни бундай мусибатдан асраш ҳар биримизнинг бурчимиз, ахир!

Элмира БОСИТХОНОВА, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Мамлакатимиз бўйича ажрашишлар кўрсаткичи ўртача 15 фоиз атрофида. Ҳудудлар бўйича таҳлил қилганимизда Хоразм вилоятида 6 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида — 8, Сурхондарёда — 9, Қашқадарёда — 10, Бухорода — 12, Жиззахда — 14, Тошкент шаҳрида эса… 32 фоизни ташкил этяпти. Ҳолбуки, олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишларининг асосий қисми пойтахтда ўтказиляпти. Шунга қарамай, натижа кутилганидек эмас.

Бугун бу борадаги лоқайдликка нуқта қўйишимиз ва бир қатор ишларни қайта кўриб чиқишимиз зарур. Жумладан, оилани мустаҳкамлаш ва ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича қиладиган ишларнинг кўпчилиги расмиятчилик учунгина бўлиб қоляпти, бу ҳаракатимиз узвий ва тизимли эмас. Масъул ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари мустаҳкам эмас ва улар фаолияти мувофиқлаштирилмаган. Оила муқаддаслиги ҳақидаги тарғибот ишларимиз ёшлар табиатига мос ва қизиқарли тарзда ўтмаяпти. Ёшлар онг-қалбида қадриятларимиз ва муқаддас ҳадисларимизни оилавий муносабатлар ва одоб-ахлоқ мезонларини шакллантиришда ҳамда тарбия жараёнларида етарли қўллай олмаётганимиз ҳам асосий камчиликларимиздан бири. Шунингдек, тўй ва маросимларни ўтказишда миллий анъаналаримизга риоя қилинмаётгани, ортиқча дабдабаларнинг олдини олишга қаратилган ишларимизнинг сустлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Кейинги пайтларда турли сериал ва фильмларда қайноналар ҳақида шакллантирилиб келинаётган салбий қарашлар ҳам оилавий ҳаётимизда салбий из қолдиряпти. Енгил-елпи ҳаёт тарзи акс эттирилган видеоклипларнинг оммалашиб бораётгани ёшларда оила деб аталмиш муқаддас риштага юзаки муносабатни шакллантирмоқда.

Хайрулла МИРХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича суд раиси:

— Ажримлар оила аъзоларининг шахсий иши, деб уларни ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз мумкин эмас. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2016 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида никоҳдан ажрашиш ҳақида кўрилаётган ишларнинг 70 фоизида тарафларга ярашиб олишлари учун муайян муддат берилган. Афсуски, маҳаллалардаги Яраштирув комиссияларида иш етарлича кўриб чиқилмаяпти. Кўпчилик маҳаллаларда судлар билан ишлаш йўлга қўйилмаган. 237 ҳолат бўйича маҳаллалар судларга жавоб хати юборишмаган. Бунинг ҳаммаси маҳаллаларнинг оилалар билан етарлича ишламаётганидан далолат беради.

Фуқаролар орасида турмуш ўртоғи касалга чалингани учун ажрашмоқчи бўлиб ариза бераётганлар бор. Ахир, бундай пайтда инсон турмуш ўртоғига суянч бўлиб туриши керак эмасми? Бу кетишда турмуш ўртоғим қариб қолди, шунинг учун ажрашмоқчиман, деган даъволар чиқиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ёдгор САЪДИЕВ, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти:

— Оилада хотин подшо, эр карвонбоши бўлади. Карвонбоши қайси йўлдан бошласа, хотин киши ўша йўлдан юриши керак. Бугун аёллар орасидаги шунчаки, миш-миш гаплардан ҳам оилалар бузилиб кетяпти.

Жамиятнинг, оиланинг бошига келадиган ҳар қандай офатнинг сабабчиси бу — имонсизлик. Бугун биз имонни эсимиздан чиқариб қўйяпмиз. Оқибатда, оилалар ажрашиб кетяпти.

Ҳаммаси икир-чикир нарсадан бошланади. Масалан, тўй пайтида келиннинг ўртада чиқиб ортига гул отиши қаердан чиқди?! Ахир, бу бизга ёт, четдан кириб келаётган нарса-ку. Ҳаётимизга кириб келаётган мана шундай бўлмағур одатларни кўриб ёшларимизнинг онги бузилмоқда. Бунинг олдини олиш керак.

Тўти ЮСУПОВА, Ўзбекистон халқ артисти:

— Тўйгача тиззаси ерга тегиб «Менга турмушга чиқ», деб ялинишади. Тўй ўтгандан кейин ҳеч қанча вақт ўтмасдан «Менга ёқмадинг, сен ундоқсан, бундоқсан, ажрашаман», деган гаплар пайдо бўлади.

Бугун ёшларимизга нима етишмайди? Ҳамма нарса бор, қорни тўқ, усти бут. Лекин айрим ёшларимизнинг кўча-кўйда юришини кўриб ҳайрон қоласиз. Капалакдек у шохдан-бу шохга сакраш, яримяланғоч юриш, тўйдан олдин бир-бирининг белини ушлаб ўйинга тушиш одобданми? Қани бизнинг ўзимизга хос урф-одатимиз? Нега энди биз катталар бундан кўз юмишимиз керак? Бу ўзбек оиласига тўғри келадиган иш эмас-ку!

Битта оиланинг ажрашиб кетиши ҳам ўчмас доғ. Болаларимизни тирик етим қилмайлик!

Жавҳар ТУРСУНОВА
Манба ва фото: Od-press.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s