Қушнинг ҳам уйи бузилмасин…

кушнинг_хам_уйи_бузилмасин.jpg

Наманган шаҳрида яшовчи Нигора Норқўзиева (исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда) кўплар қатори бахтли бўлиш орзусида турмушга чиққанди. Оилада ўғил ва қиз дунёга келди. Бироқ, келин қайнона ва қайнотага ёқмасди. Сабаб битта: “келиннинг уйидагилар паст” эди. Кунда бир қайнайдиган бу мавзу борасидаги можаролар куёвни ҳам охири ҳолдан тойдирди, деб ёзади “Диёнат” газетаси.

– Мен Россияга кетаман, – деди бир куни у хотинига дабдурустдан.

– Ие, нимага ахир, шу ердаям ишингиз яхши-ку!

– Яширмайман, чарчадим жанжалларингдан, бир-икки йил ўша ёқларда ишлаб келаман.

Хуллас, Рауф Самиев жонининг тинчини кўзлаб аччиқ устида Россияга кетди-ю, шу баҳона оиласи барбод бўлишини хаёлига келтирмади.

– Эрингиз келгунича нариги ҳовлида яшаб туринг, болаларингизни ғалваси бошимни оғритаяпти, – қайнонанинг бу гапига табиийки, келин кўнмади.

Орада яна ғавғо чиқди ва келин уйига ҳайдалди. Бир ҳафта ота-онасиникида яшаган Н. Норқўзиева бўлиб ўтган ишларни уларга айтишга андиша қилди ва яна уйига қайтиб келди. Аммо қайнона уни қабул қилмади.

Келин яна ортига қайтишга мажбур бўлди. Энди унинг бор умиди эридан эди. Бир йилдан сўнг қайтган Рауф қайнонасиникига борди, болаларини кўрди, эркалатди, соғинчини аритди. Аммо уларни олиб кетиш ҳақида чурқ этмади. Аёли ҳам дабдурустдан бир нарса дейишга ботинмади. “Балки кейинги гал олиб кетар, бу сафар ота-онасига айтолмаган бўлиши мумкин…”, деган ўй билан ўзини овутди.

Буни қарангки, “кейинги гал” бўлмади. Эр шу бўйи қорасини кўрсатмади. Орадан йиллар ўтди. Турли кўча кезар гаплар, Рауф бошқасига уйланармиш, қабилидаги миш-мишлар келиннинг нафсониятини бир оғритса, қоракўзларининг келажагини ўйлаб минг азобланарди.

Маҳалла-кўй, қариндош уруғлар масалани ҳал этишолмади. Миш-мишлар ҳақиқатга айланадиган эҳтимолда эди. Аёл оиласи учун курашишни ихтиёр қилди ва ўзида журъат топиб, эри билан яшаган хонадонга мажбурий киритиб қўйиш ҳақида судга даъво ариза киритди.

Бу эса албатта, биринчи галда қайнона-қайнотага, қолаверса, эрга ҳам ёқмади. Гарчи келинни уйга киритишга қаршилик билдириб, ҳатто қонуний тарзда хабардор этилган бўлишларига қарамай, суд мажлисига ҳам келмаган жавобгарлар иштирокисиз суд ишни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси, биринчи қисмига асосан, уй, квартира мулкдорнинг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларини тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси, деб топилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида” ги қарорининг бешинчи банди, учинчи хатбошида уйга яшаш учун киритиш ҳамда турар-жойдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқини йўқотган, деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этишда суд турар-жойга даъво қилувчи шахс Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси, иккинчи ва учинчи қисмларида қайд этилган шахслар сафига кириши ёки бошқа асос бўйича уйда яшашга бўлган ҳуқуқий ҳолатларини, қандай сабабларга кўра яшамаётганлигини ва даъвони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлашлари лозим, деб белгиланган.

Шунга кўра, суд даъвогар Н. Норқўзиева жавобгарларнинг таъсири остида низоли ҳовлидан чиқиб кетишга мажбур бўлганлигини, турмуш ўртоғи, жавобгар Р. Самиев билан муносабати яхши бўлганлигини, ўрталарида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ва никоҳлари ажратилмаганлигини, даъвогарнинг низоли турар-жойга кириши оқибатида уларнинг турмуши тикланиши мумкин, деб ҳисоблаб, даъвогарни Наманган шаҳридаги ўзи келин бўлиб тушган уйга киритишни лозим топди.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s