Лотерея ишқибози

big_8892091.jpg

Эркин Исломов дўконда савдо қилади. У лотерея ўйинларининг ишқибози. Кунда бўлмасаям, ҳар замонда лотерея ўйнаб омадини синаб кўради. Катта ютуқ ютмаган-ку, лекин ютиб туради. Ютуқ пулларига ҳам лотерея олиб ўйнайди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ўша куни эрталаб таниши “Халқ банки” Дўстлик филиалининг пул-буюм ютуқли лотереялари сотувчиси А.Раҳимовдан 40 дона “Омад қуши” пул ютуқли лотереяларини сотиб олди. Дўконга келиб, лотереяларнинг белгиланган жойини ўчириб чиқди. Бирортасидан ютуқ чиқмаганини кўриб, жаҳли чиқди. “Энди сираям ўйнамайман!”

Кечга яқин А.Раҳимовнинг ўзи Эркиннинг дўкони ёнида ўтиб қолди:

– Ўн олтитагина лотерея қолди, омадингизни синаб кўрмайсизми?

– Йўқ, энди сираям ўйнамайдиган бўлдим.

– Бу сафаргиларида аниқ ютуқ бор, – деди лотерея сотувчи йигит жилмайиб. – Яна армонда қолманг, дейман-да!

Бироз таранг қилиб турган Эркин, бу гапдан кейин бўшашди. Лотереяларни сотиб олди. Уйига келгач, омадини синаб кўрди. Ютуқ йўқ. Аччиқ қилиб йиртиб ташламоқчи бўлди-ю, яна бир назардан ўтказди.

“Ие, мана бунисида биттагига “Е” ҳарфи кам экан, “F” ҳарфини “Е”га айлантирсам, хўш, ютуғи қанча экан?, 50 млн. сўм!”

У шошмасдан ручка билан “F” ҳарфини “Е”га айлантириб, лотереясини бир зумда ютуқлига айлантирди. Ўзининг ишидан мамнун бўлиб, чўнтагига солиб қўйди.

Эрталаб А.Раҳимовга учрашди:

– Ютуғимни беринг, мен ютдим, – деди чўнтагидан лотереяни чиқариб кўрсатаркан.

– Ана, бўларкан-ку! Юринг, банкка борамиз…

Улар банкка боришди. Ходимлар банк бошқарувчисига кириш лозимлигини айтишди. Бошқарувчи лотереяни кўриб, Эркинни табриклади.

– Бизга 500 минг сўмгача пул ютуқларини тарқатиш топширилган. Сиз Тошкентга борасиз, – тушунтирди у.

Эркин бир неча кундан сўнг пойтахтга борди. “Халқ банки”нинг амалиёт бўлимига учрашди. Лотереясини тегишли ҳужжатлар асосида топширди.

– Жавобини икки ҳафтадан сўнг, туманингиздаги банкдан оласиз, – тушунтиришди банк ходимлари.

Бироқ икки ҳафтадан сўнг унинг “ўйини” ниҳоясига етди. Экспертизадан ўтказилган лотерея қалбакилаштирилганлиги маълум бўлди.

Суд унга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s