“Иссиқ – совуқ” бор нарсами ёки она “совуқ”, хотин “иссиқ”ми?

420x232_article_1478755729_99XJMc.jpg

«Турмуш — тўрт мушт» деганларидек, ҳамма оилада ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Қаерга қарама, ким билан гаплашма оиласидаги муаммони ҳал қилишга уринаётганини кўрамиз. Сўнгги вақтларда “иссиқ-совуқ” дастидан “дод” деганлар, “эрим бироз эътиборсиз бўлиб қолди, ўқитмасам бўлмайди” деб турмуш ўртоғининг расми билан домлага югурган келинларни кўп учратамиз. Келинг, яхшиси, турли ҳаётий вазиятларни кўриб чиқиб, баҳо берамиз.

«Эримнинг маъшуқаси «жодугар» экан…»

— Турмушимизнинг тўртинчи йилига келиб, эрим оиладан анча узоқлашаётгани сезила бошлади. Аввалига буни ишидаги муаммолар билан боғлиқ деб ўйладим. Жуфтим билан суҳбатлашишга бўлган уринишлар бесамар кетгач, қайнонамга маслаҳат солдим. Бироқ у киши ҳам ўғлидан тайинли гап ололмади. Бу орада эрим жондан азиз ўғлини сабабсиз турткилайдиган одат чиқарди. Қайнонам билан эримнинг маъшуқаси борлигига гумон қила бошладик. Қайниэгачим аросатда қолган иккимизга турмуш ўртоғимни уйга «иситиш» учун кучли бир домла топиб, «ўқитиш»имизни маслаҳат берди. Нажот топган одамдек уч ой вақтим ва уч ойлик маошимнинг ҳаммасини домла, фолчию аъзайимхонларга сарфладим. Қани энди фойдаси бўлса…. «Куф-суф» билан овора бўлиб юраверибман-у, эрим оиласидан бутунлай узоқлашиб кетганини сезмабман. Охири сабрим тугаб, ҳаммасига қўл силтадим-у, отамникига кетиб қолдим.

Орадан 3 ой ўтиб, оиласи, жуфти ҳалолидан ўзгаси дўст бўлмаслигини тушунган эрим бош эгиб қайтди. Эмишки, бўлиб ўтган воқеаларда аслида у эмас, уни “иссиқ-совуқ” қилиб юрган маъшуқаси гуноҳкормиш. Ўз тажрибамда бундай “муолажа”нинг таъсирини кўрмаганим боис гапларига ишонмадим. Тўғри, бировни айбдор қилишдан осони йўқ. Аммо ҳар ким ўйлаб, фикрлаб иш қилиши учун ақл деган хислат бежиз берилмаган бўлса керак. Қанчалар эримдан хафа бўлмай, фарзандимнинг отаси бўлгани учун уни кечиришга мажбурман…

Гулнора, Тошкент шаҳри

SUG’DIYONA: Шукурки, фикрлаш ва тил-забондек фазилатларга эга бўлиб, ҳар қандай муаммони идрок билан енгиб ўтишга қодирмиз. Бироқ, баъзан қарс икки қўлдан чиқишини унутиб, қаршимизда турган масаланинг осонроқ ва биздан камроқ уриниш талаб қиладиган йўлини танлаб қўя қоламиз… Бу эса бизнинг асосий хатоимиздир!

Она “совуқ”, хотин “иссиқ”ми?

— Уч қиздан кейин кўрган ўғлимизни орзу-ҳаваслар билан ўзи ёқтирган қизга уйлантирдик. Келиним чакки эмас, хизматимни қилади. Ўғлим гапирмасидан туриб, биргина қарашининг ўзиданоқ нима истаётганини фаҳмлайди. Шириндан-шакар икки набирамни дунёга келтириб, тарбиялаётган келинимдан кўнглимиз тўқ эди. Иккинчи қизимнинг турмушида озгина муаммо бўлиб, ярим йилга яқин вақт фарзандлари билан бизникида яшашига тўғри келди. Ҳаётидаги нотинчликлар сабаб, уни аяшга ҳаракат қиганим, келинимга оғир ботди чоғи, бизга бўлган муносабати ўзгарди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, бу кайфият ўғлимга ҳам ўтди. Чунки эр-хотин иккови бирга қаергадир бориб келса тамом, ўғлимни таниёлмай қоламан. Мен, отаси ва меҳмонга келган опаларига қўпол муносабатда бўлади. Уч-тўрт кун ўтибгина бироз “юмшайди”. Яқинда эса ўғлим алоҳида уй қилиб, бўлак чиқишини айтиб, “Истаган қизингизни олиб келиб яшайверинг” деди. Онаман ахир, кўнглимга оғир ботса-да, муроса қилдим. Ёлғиз ўғлимиз бўлса, кексайиб қолган ота-онасини ташлаб кетиш фикри унга қаердан келди, ҳайронман. Тўйдан аввал “Шундан бошқасига уйланмайман” деганида нима бало, бу қиз “иссиқ-совуқ” қилиб, бошини айлантириб олганми, дегандим. Келиним энди ҳам ўша усулларини қилиб, ўғлимни оиласидан совутмоқчи, бағримиздан юлиб олаяпти! Мен ҳам биттагина ўғлимни бериб қўярмидим, қараб турсин, сеҳр-жоду қилишни кўрсатиб қўяман!

Малоҳат ая, Фарғона вилояти

SUG’DIYONA: Ёшларнинг мустақил яшаш истагини ҳеч қандай “иссиқ-совуқ” билан йўқотиб бўлмайди. Қизларнинг муаммолари ҳам тугамаслиги аниқ. Шунинг учун бу ҳолатда ота-онадан қизларга сал қаттиққўлроқ бўлиш талаб этилади. Агар улар ота уйида яшашига тўғри келса, уй юмушларини келин ва қизлар ўртасида адолат билан тақсимлаб берилиши ўртадаги совуқчиликни илитиши турган гап.

«Овсиним қайнонамни сеҳрлаган»

— Оиламизнинг катта келиниман. Турмуш қурганимизнинг бешинчи йили қайнимни уйлантирдик. Мени қийнаётган муаммолар шундан сўнг бошланди. Чунки унгача қайнона-келин муносабатларимизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Балки ишонмассиз, аммо бирор марта сан-манга бориш у ёқда турсин, ҳатто аразлашмаганмиз.

Янги келинчакка рўзғор тутиш, хонадонимиз паст-баландини тушунтиришни қайнонам менга юклади. Астойдил ҳаракат қилсам-да, кўп ўтмай овсинимнинг уй ишларига нўноқлиги-ю пишир-куйдирга қўли келшмаслиги кўриниб қолди. Қайнонам каби, яхшисини ошириб, ёмонини беркитишга ҳаракат қилдим. Эвазига эса овсиним мени қайнонам билан тескари қилиб қўйди. Бирор марта овозини кўтармаган қайнонам мен билан жеркиб гаплашадиган, ҳар бир ишимдан хато ахтарадиган одат чиқарди. Айбимни тушунмай ҳалак юрган кунларимда холамнинг қизи ғалати гап топиб келди. Айтишича, овсинимни қизлик маҳалласидаги фолчи аёлнинг уйидан чиқиб кетаётганида, қўлида қайнонам билан иккимизнинг суратимиз бўлган экан. Аввалига бу гапларга ишонмадим. Кейин бир–икки марта хонамдаги гиламнинг остидан занглаган игна топганим ва остонага сепилган турпоқни супуриб ташлаганим ёдимга тушди. Ўшанда бу нарсаларга аҳамият бермагандим. Энди эса қайнонамнинг менга нисбатан нега ўзгариб қолганини тушунгандек бўлаяпман…

Наргиза, Самарқанд шаҳри

SUG’DIYONA: Оилага янги келин келганидан сўнг бутун оила аъзоларининг диққат-эътибори унга қаратилиши шубҳасиз. Ҳаммадан ийманиб, уялиб, ўзининг фақат яхши хислатларини кўз-кўз қилишга уринаётган келинчак олдида бор-у йўғини яширмай, муомала қилаётган катта келиннинг шубҳасиз, илгари ҳеч ким илғамаган айблари чиқа бошлайди. Лекин бу ҳолат узоғи билан бир йил давом этади ва ҳаммаси ўз изига тушади. Яна бир нарса, гумон иймондан айиради, деган гапни унутманг!

«Қўшним бахтимни «боғлади»

— Ёшим 24 да. Мен тенгилар аллақачон оилали бўлиб, фарзандларини парваришлаб юришибди. Яқиндан менга “қари қиз” ёки “нуқсони бор” дея қарай бошлашганини сездим. Отам ва акаларим тақдир бўлганида тўйи бўлади-да дейишса, онам ва бувиларим “ўтириб” қолишимдан жони халак. Катта акамнинг иккинxb марта ўйлангани, кичик акамнинг эса хотини билан ҳеч чиқишолмай яшаётгани камлик қилгандек, менинг тўйим бўлмаётгани ота-онамни ташвишга солиши шубҳасиз. Тўғри, сўроқлаган совчилар кўп. Аммо бир марта келишгач, қайтиб кўрмайсиз. Бу эса оиламдаги аёллар учун муаммо. Шубҳа-гумонлар кайфиятимни синдирса-да, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қиламан.

Бир куни аммамнинг қистови билан номи чиққан домланинг олдига бордик. У киши дуо ўқиб, менга ва оиламизга зиён етказадиган амал қилинганини айтди. Бу ишларни қилиб юрган аёл эса ён қўшнимиз экан. Аммам ва онам ўша кундан бери қўшнимизга ёвдек қарайди. Тансиқ таом ёки ширинлик пиширганида биз билан баҳам кўрадиган қўшнимизнинг берганларини тезда сувга оқизиб юборади…

Аммо, бир саволга жавоб тополмайман: Оиласи ва фарзандларининг ризқидан қийиб, бошқаларни “иссиқ-совуқ” қиладиганларга нима наф?

Гулҳида

SUG’DIYONA: Оиласи тинч бўлмаган оила билан қуда-андачилик қилишни ҳеч ким ҳам истамаслиги аниқ. Совчилар, одатда, муаммоларнинг сабабини ўрганиб ўтирмайди. Шунчаки, келинлари билан муроса қилолмаган, ўғлини иккинчи марта уйлантирган одамлар билан қариндошчилик риштасини боғлашга бироз чўчиши табиий. ҳаётимиздаги ҳамма воқеага ҳам “иссиқ-совуқ”ни аралаштириш тўғри эмас.

Гўзал РЎЗМАТОВА, руҳшунос:

— Ирода ва эътиқоди суст бўлган инсонда бидъат ҳамда хурофотга ишонч кучли бўлади, деб бежиз айтишмаган. “Иссиқ-совуқ” қилишибди”, “ўқитиб қўйишибди”, “бахти ва омадини боғлашибди” деган гапни ҳар бир муаммосига сабаб қилиб кўрсатадиган кишилар, одатда ҳақиқатга тик боқишдан чўчишади. Зеро, кўнгилни хотиржам қилиш, ўзгалардан айб қидириш, улар учун осонроқ. Аниқроғи, иродасиз, ўзига ишончи паст, бошқаларнинг таъсирига берилувчан ҳамда ожиз инсонлар учун сеҳр-жоду ўзини ҳимоялаш учун яхшигина қуролдир. Дунёқараши кенг, ўз устида ишлайдиган, ақли бутун инсон бу ишни қилмайди ва ишонмайди ҳам. Тўғри, баъзан “Қилдирган “амал”им фойда берди” деганлар ҳам учраб туради. Аммо бу ўзини-ўзи ишонтириш, холос. Унутманг, инсон нимагаки ишонса, ўша рўй беради, қидирганини топади, истаганини кўради. Фикр моддийлашиши ҳақиқат.

Юлдуз КОМИЛОВА, исломшунос, “Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири:

— Аллоҳ таолонинг изнисиз ер юзида ҳеч ким бошқа бировга зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар” (Бақара, 102). Бунга ишониш инсонни хотиржам қилади, қалбига таскин беради.

Мусибатга сабр қилмасдан сеҳргар, фолбин, коҳинга бориб, шифо ёки ёрдам сўраш шаръан ҳаромдир. Бу иш билан киши катта гуноҳ қилган бўлади. Уни ҳалол деса, Аллоҳ сақласин, диндан чиқади.

Мусулмон киши ўзига етган ҳар бир нарсани Аллоҳдан деб билиши керак. Яхшилик етса – шукур, мусибат етса – сабр қилади. Ана шунда гуноҳи кабиралар домига тушиб қолишдан ўзини ҳимоялаган бўлади.

Darakchi.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s