Молиявий пирамида тузоғи: Аҳмадбойларга қарши кураш кучайтирилади

31674501.png

Молиявий пирамида фирибгарликнинг инсонларга энг жиддий иқтисодий ва маънавий зарар етказадиган, шу билан бирга, дунёда анча кенг тарқалган турларидан ҳисобланади. Бундай фирибгарлик минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб фуқароларни ўз домига тортиши билан жамият учун ўта хавфлидир. У жамиятда беқарорлик келиб чиқишига, жабрдийдаларнинг давлат сиёсатидан норозилигига, кенг кўламли ижтимоий портлаш юзага келишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун дунёнинг кўплаб мамлакатларида молиявий пирамидаларга қарши кескин кураш олиб борилади.

Хусусан, Европа ва Осиёнинг аксарият давлатларида молиявий пирамидалар тақиқланган. Бирлашган Араб Амирликларида эса пирамида ташкил этганлар ва уни ривожлантирганларга ўлим жазоси қўлланилади. Хитойда ҳам фирибгар ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Юртимизда ҳам фуқароларнинг манфаатларини, иқтисодий барқарорлигини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида мустақилликнинг дастлабки йилларидан буён фирибгарликнинг бу турига қарши мунтазам курашиб келинади.

Яқинда Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг узвий давомидир, дейиш мумкин. Унда молиявий пирамида ташкил этувчилар учун белгиланган жиноий жавобгарликни янада кучайтириш кўзда тутилган.

ЖКнинг янги 1881-моддасига кўра, фоиз эвазига жисмоний ва юридик шахсларнинг пули ёки бошқа мол-мулкини олган, улардан фойдаланган ёки молиявий фаолиятга раҳбарлик қилганлар энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилиши ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Агар молиявий пирамида такроран ёки хавфли жиноятчи томонидан матбуот, интернет ёки телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда барпо этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 300 дан 500 баробаригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилиши ёхуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши кўзда тутилган.

Бу турдаги жиноят ўта йирик миқдорда, ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Молиявий пирамида ташкилотчиларига нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши бежиз эмас. Бир вақтлар жиноятчиликнинг бу кўриниши кўпроқ ўтиш даврини бошидан кечираётган мамлакатларга хос ҳодиса сифатида кўриларди. Бу уларда ҳуқуқий база ҳали тўла шаклланмагани, жамиятнинг шу каби молиявий хатарлардан бехабарлиги билан изоҳланарди. Собиқ иттифоқ тарқаб кетгандан кейин унинг ўрнида вужудга келган айрим мустақил давлатлардаги молиявий пирамидалар фаолияти бунинг исботи сифатида мисол келтирилади.

Хусусан, 1992 йилда Сергей Мавроди томонидан ташкил этилган молиявий пирамида Россия тарихидаги энг йирик яна шундай фирибгарлик ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, ундан жабр кўрганлар сони 10-15 миллион кишига етади.

Мавроди компанияси 1000 фоиз дивидент тўлаб бериш ваъдаси билан миллионлаб кишини жалб қила олган эди. МММ фаолият кўрсатган беш йил давомида бу фирибгар 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағни ноқонуний ўзлаштиргани аниқланган.

Умуман, молиявий пирамидалар фаолияти замонавий дунёмиз учун янгилик эмас. Тарихдаги энг биринчи ва машҳур пирамидалардан бири италиялик фирибгар Чарльз Понцига тегишлидир. 1919 йилда у хусусий компания ташкил этиб, кишиларга турли мамлакатларда маҳсулот сотиш ва сотиб олиш орқали тезда бойиб кетишни таклиф эта бошлади. Унинг қимматбаҳо қоғозларини харид қилган ҳар бир кишига 45 кунда 150 фоиз даромад кўриш ваъда қилинди.

Ўша йилнинг июлига келиб Понци кунига 250 минг долларгача маблағ ишларди. Бу ўз даври миқёсида олганда жуда катта маблағдир. Гарчи бир неча ойгина ўтиб, яъни август ойида унинг фириби фош бўлиб, кейинчалик ўзи 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганига қарамай, минглаб одамлар пулларини қайтариб ололмай, хонавайрон бўлди.

Ўзбекистон Жиноят кодексида замонавий ахборот ва телекоммуникация тармоқларидан фойдалиб молиявий пирамидалар ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки фирибгарлар бундай қинғирликнинг янги-янги кўринишларини кашф этиш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда унинг жозибадорлигини ошириш имкониятларига эга бўлмоқдалар.

Мутахассислар телекоммуникация воситалари ривожланиши баробарида молиявий операциялар ва тузилмага янги иштирокчилар жалб қилиш интернет орқали амалга ошириладиган молиявий пирамидалар сони кўпайиб бораётганини эътироф этаётир. Маблағ олувчининг анонимлигича қолиши бундай пирамидаларнинг ўзига хос хусусиятидир. Бу эса пул оқимини назорат қилиш, фирибгарни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш, ноқонуний ўзлаштирилган пулларни ўз эгасига қайтариш имкониятини жуда қийинлаштиради.

Молиявий пирамидани қонуний молиявий фаолиятдан фарқлаш учун унинг қандай ишлашини билиш лозим. Молиявий пирамида мазкур тузилма иштирокчилари даромадини доимий равишда пул маблағларини жалб қилиш ҳисобидан таъминлаб туриш орқали фаолият юритади. Оддийроқ тушунтирганда, дастлабки иштирокчилар кейинги иштирокчилар қўшган маблағ ҳисобидан фойда олади. Ўз-ўзидан аёнки, қачондир янги иштирокчилар қўшилиши тугайди ва охир-оқибат пирамида қулайди.

“Тармоқ маркетинги” тушунчаси кўпчилигимиз учун бегона эмас. Кўча-кўйда бундай “бизнес”га жалб этмоқчи бўлганларга айримларимиз йўлиққанмиз ҳам. Молиявий пирамидани ўз маҳсулоти ёки хизматини сотадиган, бунинг учун тармоқ маркетингидан фойдаланадиган компаниялардан фарқлаш жуда мушкул. Шунинг учун улар билан ишлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Тармоқ маркетингидаги қонуний компаниялар ўз иштирокчилари орқали аниқ маҳсулотни сотиш ва ундан фоиз тўлаш йўли билан ишлайди. Ноқонунийлари эса компанияга янги жалб этилган иштирокчилардан тўлов олишдан даромад орттиришни таклиф этади.

Экспертлар фикрича, дунёда тармоқ маркетинги йўли билан ишлайдиган компаниялар орасида қонуний фаолият кўрсатадиганидан кўра ноқонунийлари кўпроқдир. Шу боис, уларда иштирок этишда етти ўлчаб бир кесиш тавсия этилади.

Молиявий пирамида тузоғига тушмаслик учун фирибгарликнинг мазкур турига хос алоҳида белгиларни билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Биринчи белги унга қўшилиш учун анча сезиларли маблағ сарфлаш заруратидир. Одатда молиявий пирамида ташкилотчилари катта фоизлар ва сарфлаган маблағингизни тезда қайтариб олишни ваъда қилади.

Фоизни олиш учун пирамидага пул тикадиган таниш-билишларни жалб қилиш талаб этилади. Бу молиявий пирамидани фарқлашнинг муҳим белгиларидан биридир.

Кўпинча мазкур лойиҳа янгилик сифатида тақдим этилади. Унда фаолият юритишнинг ностандарт услублари жуда кўп бўлади. Бу ҳам сизни ҳушёр торттириши керак. Ўйлаб кўринг, агар бу ҳақиқатан ҳам янгилик бўлса, ташкилотчиларга сизнинг қандайдир “арзимас маблағингиз” нега керак? Ахир янги ғоялар учун катта миқдорда пул тикишга тайёр хусусий инвесторлар, мақсадли жамғармалар жуда кўп-ку?!

Одатда сизни таклиф этаётган компания офиси “жуда муваффақиятли”, “тез ривожланаётган бизнес” учун анча ночор бўлади. Бу ҳам эътибор қаратадиган жиҳатдир.

Ҳар қандай молиявий пирамиданинг гуллаб-яшнаши ортида бутун инсониятга хос нафс балоси ётади. Нафс қутқусига учиб, ҳалол меҳнат билан топган маблағингиздан ажраб, хонавайрон бўлишни истамасангиз, ҳар қандай шубҳали “бизнес”дан йироқроқ юринг. Зеро, шу пайтгача ҳеч бир молиявий пирамида унинг ташкилотчиларидан ташқари бирор кишининг тезда бойиб кетишига йўл очиб бергани йўқ! Қуйида дунёнинг машҳур молиявий пирамидалари хусусида сўз юритамиз.

Бранка пирамидаси

Оддийгина португал аёли Мария Бранка дос Сантос 1970 йилда ўз банкини очиб, бойишни хоҳлаб қолди. Тезда Дона Бранка номи билан шуҳрат қозонган бу аёл мижоз йиғиш учун ҳар қандай омонатчига ойига 10 фоиз даромад ваъда қилди.

Бутун мамлакатдаги камбағал фуқаролар уларга тез бойиш имкониятини таъминлаб бериши мумкин бўлган бу банкка пул қўйишга шошилди. 14 йил давомида минглаб мижозлар ўз пулларини Дона Бранкага ишониб топшириб қўйди. Бу пайтга келиб аёл ҳатто “халқ банкири” номини олишга улгурганди.

1984 йилда пирамида қулади. Бланка эса ҳибсга олинди ва 10 йилга қамалди. Аёл кейин ёлғизликда вафот этди.

300 миллион долларлик фириб

Лу Перлман ҳақида эшитмаган бўлишингиз мумкин. Аммо унинг шарофати билан вужудга келган Backstreet Boys ва ‘N Sync мусиқий гуруҳларини кўпчилик билади.

Перлманнинг ўзи эса сармоядорлар ва йирик банкларни алдаб, уларни 300 млн долларга тушириш имкониятини берган жиноий схемаси билан машҳур. Бунинг учун у Trans Continental Airlines Travel Services, Trans Continental Airlines Inc каби ўнлаб компаниялар ташкил этди. Улар фақат қоғоздагина мавжуд эса. Шунга қарамай, Перлман уларнинг акцияларини 20 йил давомида сотиб келишнинг уддасидан чиқа олди.

Бу фириби ошкор бўлгандан кейин у мамлакатдан қочиб кетишга ҳаракат қилди, аммо қўлга олиниб, 25 йиллик қамоқ жазоси ва 1 миллион долларлик жаримага тортилди.

Судда Перлман фирибгарлигини тан олди. Унинг фирибидан жабр чеккан жисмоний шахслар ва 10 дан ортиқ молия институтлари жами 300 миллион доллардан ортиқ маблағини йўқотгани аниқланди.

Европа қироллик клуби

1992 йилда Дамара Бертгес ва Ханс Гунтер Шпахтхольц томонидан ташкил этилган European Kings Club нотижорат уюшмаси ўзини Европанинг йирик банкларига қарши турувчи ва кичик бизнесга кўмаклашувчи реал куч сифатида кўрсатиб келди.

Бу молиявий пирамиданинг янги аъзолари “мактуб” сотиб олиши керак эди. Нархи 1400 швейцария франкига тенг бўлган бу “мактуб” клуб акцияси вазифасини бажарарди. “Мактуб” унинг эгасига ойига 200 минг франк олиш, бу билан ўз омонатини йилига икки баробар кўпайтириш имконини берарди.

Бу фириб икки йил ўтибгина фош этилди. Аммо бу вақтга келиб юз мингга яқин немис ва швейцариялик сармоядор жами 1 миллиард долларга яқин маблағини йўқотиб улгурганди. Ҳатто суд жиноятчиларга нисбатан ҳукм чиқараётган пайтда ҳам жабрланувчилар фирибгарлар тузоғига тушганига ишонмай, уларни ҳимоя қилишга уринди. Суд “ишбилармон” Дамара Бертгесга 7 йил, унинг шеригига бор-йўғи 5 йил қамоқ жазоси тайинлади.

Мейдофф қаллоблиги

Бернард Мейдофф пирамидаси замонамиздаги энг йирик молиявий қаллобликлардан бири ҳисобланади. Ундан 3 миллиондан ортиқ киши ва юзлаб молиявий ташкилотлар жабр кўрган. Жами зарар эса қарийб 65 миллиард долларни ташкил этади.

Бернард Madoff Investment Securities инвестиция фондини очганди. У АҚШдаги энг ишончли ва даромадли фондлардан бири саналарди. Мейдоффнинг фондига пул тиккан сармоядорлар йилига 12-13 фоиз даромад кўрарди. Омонатчиларнинг аксарияти бу компания мижозлари орасида кўплаб банклар, машҳур кишилар борлиги унинг ишончлилиги кафолати эканига ишонарди.

2008 йилда бир қатор йирик сармоядорлар Мейдоффга ўзлари томонидан фондга топширилган 7 миллиард долларга яқин маблағни қайтариб беришни сўраб мурожаат қилди. Аммо фонднинг тўлайдиган пули йўқ эди. Пирамида қулади.

Маълум бўлишича, Мейдоффнинг компанияси камида сўнгги 13 йил давомида омонатчилар пулини инвестиция қилиш билан шуғулланмаган экан!

Қизиғи шундаки, Мейдоффни ўзининг ўғиллари фош этганди. Фирибгар ўз қаллобликлари ҳақида ўғилларига айтиб берган экан. Суд Бернард Мейдоффни 150 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ван Фэннинг пултопар чумолилари

Хитойлик ишбилармон Ван Фэн қурган молиявий пирамида анча ғайриоддий. 1999 йилда у фирма очди ва хоҳлаган кишига бор-йўғи 1500 доллар эвазига инвестор бўлишни таклиф этди.

Бу пул эвазига омонатчи “ўзгача” чумолилар солинган қутига эга бўларди. Уларни 90 кун давомида махсус қўлланма асосида боқиш ва парваришлаш керак эди. Кейин компания вакиллари келиб, чумолиларни олиб кетарди. Улар ўз мижозлари бўлмиш хитойлик фермерларга бу ҳашаротлар қайта ишланиб, артритни даволайдиган дори олинишини айтарди.

Ҳар 14 ой якунига кўра омонатчилар 450 доллардан оларди. Бу йиллик 32 фоиз даромад деганидир. Ван Фэннинг тезда бойиб кетиб, газета ва телевидение орқали ўзини танита олгани ҳам бу молиявий пирамиданинг муваффақияти сирларидан бири эди. У ҳатто “Хитойнинг 100 нафар энг яхши тадбиркори” давлат мукофоти номинанти бўлишга ҳам улгурди.

Компаниянинг пул айланмаси 2 миллиард долларга яқинлашганда чумоли бизнеси қулади. Ван Фэннинг ўзи ҳибсга олинди ва ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Муаллиф: Анвар КАРИМОВ, “Биржа” газетаси

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s