Каъбани вайрон этишга ким журъат этади?

Kaba-tavofi.gif

Каъба – Ислом динининг рамзларидан биридир. Ҳар бир мусулмон киши умрида бир марта бўлса ҳам ушбу муқаддас масканни зиёрат этишни истайди. Мусулмон киши учун Каъба ва Масжидул Ҳаром ҳамда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг масжидлари ер юзидаги энг муқаддас жойлар ҳисобланади. Шу боис ҳам ҳар бир мўмин кишининг қалбида бу жойларга нисбатан юксак эҳтиром мужассамдир. Бундан ташқари бу жой то Қиёматга қадар мусулмон инсон юзланувчи қибла ҳисобланади.

Каъба – Ер юзидаги биринчи уй ва у фаришталар томонидан бунёд этилган. Биринчи марта Каъба Одам (алайҳиссалом) томонларидан қайта қурилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтганидек, у Аллоҳга ибодат қилиш учун қурилган биринчи иморатдир. Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг буйруғига кўра, ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом) билан биргаликда Каъбанинг деворларини тикладилар, токи у мўминларнинг зиёрат этадиган жойи бўлсин.

Каъбани вайрон этиш

Юқорида айтиб ўтилганидек, Каъба сайёрамиздаги барча мусулмонлар учун мўътабардир. Ва ҳар бир мўмин киши уни ҳимоя этишга тайёр. Бироқ, мусулмон киши Каъба Қиёматга қадар бузилишини биринчи марта эшитганида унда савол туғилади: қандай қилиб? Наҳотки мусулмонлар бунга йўл қўйиб берсалар?!

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларига мувофиқ, муборак Каъбани ким бузишини айтиб ўтамиз. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтганларидек, муқаддас Каъбанинг бузилиши Қиёматнинг аломатларидандир. Ишончли ҳадисларда келишича, бу ишни разил бир ҳабаший кимса бажаради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:

يخرب الكعبة ذو السويقتين من الحبشة

“Каъбани ингичка болдирли ҳабаш кимса вайрон қилади”. Бошқа ривоятда: “Мен унинг қоп-қора, оёғи қийшиқ ҳолда битта-битталаб тошларни кўчираётганини кўраётгандекман” , деганлари қўшимча қилинган.

Бу қачон содир бўлади?

Бу иш Қиёмат кунига яқин қолганда, Ер юзида Аллоҳни танийдиган, тан оладиган кимса қолмаганида содир бўлади. Шу боис ҳам улар заминдаги биринчи ибодатгоҳ – Каъбани тиклай олмайдилар.

Буюк олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Фатҳ ал-Борий” номли китобида муқаддас Каъбанинг вайрон этилиши борасида қуйидагиларни айтади: “Бу ишларнинг бари Қиёматга яқин, Имом Муслимдан келтирилган саҳиҳ ҳадисга мувофиқ, Ер юзида “Аллоҳ, Аллоҳ…” дейдиган бирорта ҳам киши қолмаганида содир бўлади”.

Шу ўринда кўпчиликда Қуръони шарифнинг Анкабут сураси 67-ояти каримасига асосан савол туғилади. Унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар ўзларининг атрофларидаги одамлар қирғинга учраб турган бир пайтда, Биз (Маккани) осойишта ҳарам қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! ”

Юқорида келтириб ўтилган фикрларнинг бирортаси ҳам ушбу ояти каримага хилоф эмасдир. Биринчидан, Каъба ақл бовар қилмайдиган ишлар рўй берувчи Қиёмат қойим бўлишидан аввал бузилади. Иккинчидан, буни Каъбани эъзозлаши ва Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши лозим бўлган бебош кишилар амалга оширадилар. Учинчидан, Макка ўзининг ўтмиши давомида бир неча бор жангларга гувоҳ бўлган. Мисол тариқасида, ҳижрий V асрда қарматийларнинг Маккага босқинини келтириш мумкин. 317 ҳижрий йил ҳажнинг биринчи кунида улар мусулмонларга қарши ҳужум қилиб, кўплаб мўминларни таладилар ҳамда қатл этдилар. Улар Масжидул Ҳаром ва ҳаттоки Каъба майдонида ҳам ҳожиларни ўлдиришга журъат қилишди, Зам-зам булоғининг гумбазини бузиб ташлашди, Каъбанинг ёпинчиғини юлиб олишди.

Буларнинг бари Қуръони каримнинг муборак оятига зид эмасдир, балки мусулмонлар Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилмай қўйганларида У Зот уларга синов, мусибат юборишига далолатдир. Ер юзида “Аллоҳ! Аллоҳ!” дегувчи бирорта ҳам кимса қолмаганида Қиёмат қойим бўлишини ҳатто тасаввур қилиш нақадар оғир.

Хўш, биздан нима талаб этилади? Кишилар орасидаги фитна аломатларини кўриб, ишончли манбалардан Қиёмат яқин қолганида мўминларга янада қийин бўлажагини билиб, қандай сабр қилиш мумкин? Биз фақатгина Аллоҳ таолодан Унинг Ўзи биз мусулмонларни фитналардан омон сақлашини сўрашимиз лозим. Ва албатта, англашимиз лозимки, биз нимагаки йўлиқсак, биз билан нимаики содир бўлса – буларнинг бари Яратгандандир, негаки, У ҳамиша Ўзининг бандаларини синайди.

Аллоҳнинг Ўзи бизлар, мусулмонлар дуч келадиган синовлардан муваффақиятли ўтишга куч берсин, Унинг розилигига етишиш йўлида улкан сабрларни ато этсин!

Хуршида Абдуллаева
“Ziyo” студияси муҳаррири
Ziyo.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s