Мушоҳада: бир кунлик тўй ўтади, ғавғоси йилларга етади!

00522.gif

Оилалиман, уч нафар фарзандимиз бор. Тўйимиз бўлганига 12 йилча бўлиб қолди. Шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушганман. Тўйимиз одмироқ, камчиқимроқ ўтган, десам ҳам бўлади. Қўша-қўша машиналарда “ЗАГС”га бормаганмиз. “Қиз базм”дан сўнг битта машинада узатиб олиб кетишган. Йиллар ўтди. Турмуш ўртоғимдан кейинги қайнукаларим ёшроқ эдилар. Мана бу йил қайнукам ва қайнсинглимиз — эгизакларнинг тўйини қилдик. Ўзимизнинг тўйимиздан хулоса ясай олганимиз сабаб бу тўйдан сўнг қарзга ботмаслик учун аввалдан ҳаракат бошланди. Келин тарафга бериладиган нарсалар, тўй куни халққа бериладиган ош, кечки базмда ёзиладиган дастурхонга тортиладиган ноз-неъматлар — барчасини тўйдан анча вақт олдин тахт қилиб қўйдик. Тўйга икки ҳафта қолганида қайнукамнинг машмашаси бошланди, денг.

— Келинни олиб келишга “Малибу” гаплашаман. Дугоналари учун саккизта(!) қора “Ласетти” керак, — дейди дабдурустдан.

— Оддийроқ енгил машина бўлмайдими? Ўзи шунча харажат қилаяпмиз, ортиқча чиқимнинг нима кераги бор?

— Ўртоқларим тўйида шунақа машина қилган, мен қилмасам, кулгуга қоламан, келинойи! Майли, агар машинага пул йўқ бўлса, дўстимга айтаман, ўзи “кўтаради”. Машиналарнинг барини атиги 850 минг сўмга келишдик, эртага у ҳам уйланади, шунда мен ҳам машинасини “кўтараман”.

— Тўйингизда ўртоқ бўлиб, гувоҳлик қилаётган йигитнинг шунчалик пули ошиб-тошиб кетаяптими? У ҳам бу пулни топгунча кимлардандир қарз сўраган бўлса керак?

Бу гапларим қайнукамга кор ҳам қилмади, ўртоқларига кулгу бўлмаслик учун ўзи айтганидек “Малибу” ҳамда “Ласетти”ларни ижарага гаплашди. Икки соатгина юмшоқ ўриндиқда ўтириш учун 850 минг сўм сарфлаш шартмиди?!

Тўғриси, ўзим турмушга чиқаёттанимда куёвга “ҳали у керак, ҳали бу керак” деб, оғирлигимни солишга уялганман. Қайнота-қайнонамнинг кўнглини оғритиб қўйсам, эрта-индин ўша хонадонга бораман, ким деган одам бўламан ўшанда, дея истиҳола қилганман. Ҳозирги қизларга эса ҳайронсан киши.

Афсуски, бу каби фикр-мулоҳазалар барча қизларимизнинг хаёлидан ўтади, дея олмайман. Аксинча, тўйдан олдин зарур нарсаларни олдиргин, дея қизларимизни нотўғри йўлга солаётган опа-сингилларимиз, амма-холаларимиз, дугоналарим орамизда йўқ эмас. Тўйдан олдин йигит ва қиз деярли ҳар куни гаплашишади, жилла қурса, телефонда суҳбатлашишади. Ана шу суҳбатлар орасида иккаласи келишиб, “ЗАГС”га қатор-қатор машиналарда бормайлик, камчиқимроқ бўлайлик, эртага тўйдан кейин қарзга ботмайлик маъносидаги гапларни ҳам сўзлашсалар яхши бўларди. Келин бўлмиш кечагина турмушга чиққан ўртоғи кийган 400 минг сўмлик кўйлакни кийишни истамаётгани, тўйи бир марта бўлиши ва у хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши учун камида 800 минг ёки 1 миллион сўмлик кўйлак, қолаверса, “қиз базм”да иккита-учта бошқача рангдаги, алламбало “вечерний” кўйлак кийиши ва бунинг харажатини ҳам йигит томон кўтаришини билдиради. Тўйгача мардлигини намойиш этишдан чарчамаган йигит бунга ҳам рози. Натижада тўй қилаётган хонадонга яна ортиқча чиқим, харажат “илинади”.

…Буниси ҳам майли, “унаштириш”, “нон ушатиш”, “белгили қилиб қўйиш” учун икки тараф йиғилган вақтда турмушга чиқаёттан қизнинг ота-онаси, қариндош-уруғлари орасидан оғзи ботирроғи чиқади-да, “ерта-индин қизимизга тилла занжир ёки узук-сирға тақиб кетинглар” дея талаб қўяди. Хўп, сизнинг талабингизни бажара оладиган, чўнтаги ортиқча чиқимга тоби йўқ оилалар бор. Ўзи тўйга кетадиган харажатларни ўйлаб хуноби ошиб юрган ота-онага бу талабингиз энди ортиқча эмасми? Қизингиз янги хонадонга борсин, хизматини қилсин, шунга қараб лозим топишса, ўзлари билиб бирор байрамми, туғилган кунидами сиз айтган нарсаларни олиб бераверишади.

Сиз келинойи бўлганингиз учун шундай фикрлар билдираяпсиз, дейишингиз мумкин. Бироқ уйланаётган ўғлингиз билан тўйнинг харажатлари хусусида, турмушга чиқаётган қизингиз билан эса куёвнинг ҳисобидан нима олдириш учун катта-катта талаблар қўйишни эмас, балки бораётган хонадонида яшашини ва бунинг учун уларнинг қарзга ботмай тўй қилишлари қиз учун ҳам айни муддао бўлишини уқтирсангиз, биз каби келинойиларга гапиришга ўрин қолмас эди.

Дарвоқе, мақолада акс этган ҳолат, яъни келин-куёвнинг валс тушишлари гўёки эпидемия сингари туманлардаги чет қишлоқларга ёйилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Валс тушиш билан гўё бизнинг келин-куёв маданиятли бўлиб қолаётгандек тутишмоқда ўзларини. Ўнлаб эркагу аёллар, ёш-яланг, қария отахон-у, нуроний онахонларимиз бор бўлган давраларда келиннинг белидан ушлаб олган куёв виқор билан валсга тушаяпти. Умрида бирор маротаба: аниқроғи, мактабми, коллежми ёки бирор таълим масканида ташкил этилган тадбирларда ўзбекча рақсни маромига етказиб туша олмаган ёшларимиз валсни “қотириб” ижро этишаётгандек мағрурланишмоқда. Атрофда турган, тўй-томоша қилишга келган болакайларнинг оғзи ланг очиқ — бирам ҳаваслари ортганки, асти қўяверасиз. Қишлоғимизда ҳам битта тўйда шундай бўлди, денг. Бир ойдан кейин менинг қайнукам уйланиши керак. “Сиз ҳам келинни валсга таклиф килиб юрманг. Ота-боболарингиз қилмаган ишни қилишга нима бор?” дея такрор-такрор қулоғига қуяман. Қайнукамнинг уяли телефонига ёзиб олинган ўша валс томошасини кўриб, валсга келин-куёв эмас, гўёки мен тушаётгандек уялиб кетдим.

Тўй қилишнинг, элга ош-нон беришнинг ўзи бўлмайди. Мана шундай бахтиёр кунларимиз ёдимизга бир умр муҳрланиши учун нималар қилишимиз лозим ва нималардан воз кечишимиз шарт, деган саволларни оила аъзоларингиз орасида муҳокама килинг, азиз ота-оналар. Фарзандингизни сўзингизга, маслаҳатларингизга амал қилишига эришинг. Ана шундагина тўйларимиздан кўнглимиз хотиржам бўлади.

2014 йидда чоп этилган Абдулла Қодирийнинг “Танланган асарлар”ида берилган ҳикоя, шеър, саҳна асарлари, ҳангома, фелетон ва мақолаларини ўқир эканман, бундан 100 йил аввал ҳам тўй мавзуси долзарб саналганлигига гувоҳ бўламан. Шу ўринда эътиборингизга Абдулла Қодирийнинг 1915 йилда “Садойи Туркистон”нинг 64-сонида босилган “Тўй” шеърини ҳавола қилмоқчиман.

ТЎЙ

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридин ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин,
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.
Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурму бизға Қуръон тўй?
Мундайин ишлар шаръимизда йўқ
Кори маъжус, кори шайтон тўй.
Ишламас шундай ақллик киши
Ёъламас асло аҳли виждон тўй.
Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерга яксон тўй.
Келингиз дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола, муҳтарам мухлис!

Шоҳиста МАҚСУДОВА
Олмалиқ шаҳри

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s