Тўй харажатларини куёв томон кўтарса…

Muxlis.uz сайти фойдаланувчиларидан бири саҳифа маъмуриятига қуйидаги савол билан мурожаат қилган:

“Уйланаётгандим. Келиннинг сарпосини, мебел ва гиламини зиммамга олдим. Буни келиннинг отаси ва ўртада турган одам билади. Тўғри иш қилаётганимни биламан, лекин тўйхона, хонандалар хизмати, тасвирга олиш, автомашина ижараси каби харажатларни ҳам кўтаряпман. Қарз олиб қилаётганим йўқ, ҳалол меҳнатим эвазига топган пулимдан қиляпман. Бироқ… Аллоҳ берганини беҳудага сарфлаётганим, онамнинг орзу-ҳаваслари йўлида исрофгарчиликка йўл қўяётганим учун Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрқаяпман!..”

Бунга эса шундай жавоб қайтарилди:

“Тўйда уйни жиҳозлаш келин томоннинг бўйнида деган шарт йўқ. Бу нарса ўзаро келишиб қилинаверади. Лекин, “Мебелнинг бунақаси бўлсин, пардаси ундай бўлсин, ўғлимга мана бундай либослар ёқади…” деб келин тарафни танг аҳволга солиб қўйиш қалбида имони бор одамга ярашмайди.

Сиз ҳиммат қилиб, келин тарафни молиявий юкдан халос этмоқчи бўлсангиз, ихтиёр ўзингизда. Исрофдан сақланиб, ҳалолни лозим тутсангиз бўлгани. Демоқчимизки, тўйни қисқартирилган ҳолда ўтказасиз. Қўша-қўша қимматбаҳо ялтир-юлтир машиналар, ортиқча дабдабаю машмашалар, фалон пулга ижарага олинган қимматбаҳо либослар, яна шариат доирасига сиғмайдиган ажнабий одатлар – булар бари исрофдан бўлак нарса эмас! Қолаверса, мусулмон банда тўйини шариатга мувофиқ ўтказиши керак. Дастурхонга ҳаром егулик ва ичимликлар қўйилмаслиги, тўйда эркак ва хотин-халаж аралаш-қуралаш бўлиб, ит эгасини танимайдиган аянчли ҳолат юзага келмаслиги шарт.

Афсус билан айтамиз, ҳозирги “замонавий” тўйларда жуда кўп ношаръий ишлар содир этилмоқда. Ёшлар бахтсиз бўлишига, ҳеч қанча вақт ўтмай сан-манга бориб ажралиб кетаётганлар сонининг кўпайишига мана шунақа тўйлар “катта ҳисса” қўшмоқда.

Ақли бор одам, Аллоҳга ишонган, охиратдан умиди бор мўмин банда ҳаром-хариш аралашган тўйлардан сақланади, ўзини кўз-кўз қилишга чиранмайди. Балки тўйни қисқароқ қилиб, молу давлати етарли бўлса, муҳтожларга ёрдам бериб, дуоларини олса, иншааллоҳ, бўлажак ҳаёти осуда ва фаровон бўлади. Бахтни дабдаба ва орзу-ҳавасдан қидирган одам қаттиқ янглишади. Зеро, абадий бахт-саодат сари шариат йўлидан юриб борилади. Бундан бошқа йўллар одамни танглик ва безовталик қаъри томон етаклайди. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир инсон, айниқса оила қуриш арафасида турган йигит ва қизлар ҳамда уларнинг ота-оналари қалб қулоқлари билан эшитиб олишлари керак!”

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s