Ҳаёт кўзгуси: “Мен боламни ўлдирганим йўқ”

1c245264edf821e37efe62461579f786.jpg

Оила — муқаддас. Бу гапни кўп эшитганмиз, бироқ сўнгги пайтларда бундай сўзларнинг моҳияти бироз йўқолганга ўхшайди. Уларни айтаётганлар ҳам баъзан моҳиятини англамайди. Ана шундай пайтда одамларнинг нақадар енгил ҳаётга ўрганиб бораётганига ачинасан. Тақдирлар, яраланган қалблар, етимликда ўсаётган болалар ҳеч кимни қизиқтирмай қўйганга ўхшайди. Эркаклар масъулиятсиз, аёллар эркин, болалар эътиборсиз бўлиб бораётгани мушоҳада чорлайди.

Оиласидан ажрашган қиз кўнглидаги гаплар: «ЭРКАК КИШИ АЁЛИГА КЎНГИЛ ҚЎЙСИН ЭКАН»

«Илк учрашув. Одатда бундай учрашувлар ширин энтикиш билан эсланади. Мен-чи? Нега ўша илк учрашувимизни хотирлаганимда фақат нафрат туяман? Кўз олдимда озғин, кўримсиз бир йигит гавдаланади. У мени кўрганда бурнини жийиргани ҳам ёдимдан кўтарилмайди. «Мен ҳозир қаршимда замонавий қизни кўраман, деб ўйловдим. Тасаввуримдагидан анча бошқачароқ экансиз», деганди. Андиша қилинмай айтган гаплардан ғурурим бош кўтарди. Унга ҳеч нарса демай ортимга ўгирилдим-да, шартта кетдим. Уйдагиларга йигитнинг ёқмаганини айтсам ҳам, у ҳам уйдагиларига менинг ёқмаганимни айтса-да, қистовлар бошланди. Биз турмуш қурдик. Кўнгил бўлмаса, яшаш ниҳоятда қийин экан. Айниқса, эркак киши аёлига кўнгил қўйсин экан. Акс ҳолда ўша оилани сақлаб қолишнинг иложи йўқ. У чўкиши муқаррар кемага ўхшайди. Эрим мени аямай калтаклар, ҳеч ҳам кўнглимга қарамасди. Баъзан кечалари уйга келмасди. Сўрасам: «Ишинг бўлмасин!» дерди. У кўчада суюқоёқ аёлларга илакишиб юрганини билардим. Таниш-билишлар айтиб қолишарди. Нима бўлишидан қатъи назар тишимни тишимга босиб яшадим. Уйга қайтиш ҳақида ўйлардим, бироқ шайтонга ҳай берардим. Отамнинг қон босими ошиб кетса нима қиламан, деб андиша қилардим. Бўйимда бўлиб қолди. Жиллақурса шу янгилик унинг кўнглини ийитишига умид қилгандим, бироқ адашган эканман.Эрим хабарни эшитиб: «Биз ҳали ёшмиз. Мен ота бўлишга тайёр эмасман. Болани олдирамиз!» деди. Бу гапни эшитиб, телбага айланишимга оз қолди. Ахир биз эр-хотин бўлсак, фарзандли бўлишимиз табиий ҳол-ку! «Мен фарзанд кўришни истамайман! Уни сен дунёга келтиришингни хоҳламайман! Сен билан ажарашаман!» Бу гаплар кўнглимни тилиб кетди. Мен болани олдиришга рози бўлмадим. Қандай қилиб юрагинг остидаги қалбингнинг бир парчасини юлиб олиб ташлаш мумкин?! Буни хаёлимга ҳам келтиролмасдим. Ўша кундан бошлаб у мени калтаклайдиган одат чиқарди. Эрим уйдан чиқиб кетишимни хоҳлаётганини билардим. Уйимиз жанжалнинг уясига айланди. Баланд овоздан юрак олдириб қўйдим. Эрим бир баҳона топиб, албатта, мени калтакларди. Сўнгги марта шундай урдики, ҳушимни йўқотибман. Кўзларимни очганимда ҳаммаёғим зирқираб оғрирди. У оғриқ қолдиради, деб дори берди. Ярим тунда оғриқнинг дастидан уйғониб кетдим. Ичимдаги бола бир-икки марта қаттиқ тепди-ю, кейин қимирламай қўйди. Эрим онасини чақиртирди. Биз алоҳида яшардик. Касалхонада етиб борганимизда олти ойлик болам ичимда нобуд бўлган экан. Қайнонам, онам роса тасалли берди, бироқ кўз олдимдаги дунё зим-зиё зулматга айланди. Врачдан мен ичган дори боланинг юрак уришини тўхтатганини эшитдим. Эрим ўз зурриёдини ўлдиргани учун кечиролмадим. Онамга эримнинг уйига қайтмаслигимни айтдим. Агар мени мажбурлайдиган бўлишса, ўз жонимга қасд қилиш билан қўрқитдим. Онам индамади, қайнонам ён берди. Эрим эса касалхонага ортимдан келмади. Шу тариқа уйга қайтдим. У уч ой ўтмай уйланди. Бироқ янги хотини билан уч ой ҳам яшамади. У ҳаётдан нимани истайди, тушунмайман…»

Қизининг бахтсиз бўлганига ачинаётган она кўнглидаги гаплар: «ФАРЗАНД КЎРИШНИ ИСТАМАС ЭКАНСАН, НЕГА ОИЛА ҚУРДИНГ, ЯРАМАС?»

«Ҳа, она қизим-а! Боланг нобуд бўлгани учун ичинг куйиб ўтирибдими? Нима қиласан энди, пешонангга ўша қизалоқ сиғмаган экан-да. Бироқ эрингга оғир айблов қўйдинг. Наҳот сенда кўнгли бўлмагани учун боласини ўлдиришгача бориб етди. Онаси ҳам ёқа тутиб қолди. Мажбуран уйлантиришга кучи етган ота-онанинг ўғлини хотинини хўрламай тинч-тотув яшашга ундаши мумкин эмасми? Айб бизда. Ота-онаси яхши таниш, деб ўғлини суриштирмабмиз. Унинг бундай шафқатсизлигини билганимда қизим тугул итимни ҳам бермасдим. Шунча йиллик турмушда бошимиздан қандай кунлар ўтмади, лекин эрим мени бирор марта калтаклагани йўқ. Аксинча, бутун умр кўнглимга қараб яшади. Мени яхши кўргани учун бўлса керак. Қизимни бекорга ўша йигитга тегасан, деб мажбурлабман. Ёши ўтиб қолишидан қўрқдим. Бундан кўра ёши ўтиб қолгани дуруст эди. Шўрлик қизим, тўққиз ой ичида онанг ўттиз йил яшаб емаган калтакларни, кўрмаган хўрликларни кўрибсан. Мен йигирма бешга ҳам кирмаган қизимнинг бахтини синдириб қўйдим. Бечорагина уйнинг бир бурчагига кириб йиғлагани-йиғлаган. Йиғлама, деганим билан фойдаси йўқ. Бахти учун куяди-да шўрлик. Куёвим доричилик бўйича ўқиган-да. Шунинг учун қизгинамга қандай дори беришни билган. Лекин, барибир, нима учун хотинига болани туширадиган дори берганига ҳеч ақлим етмаяпти. Фарзанд кўришни истамас экансан, нега оила қурдинг, ярамас? Нега қизгинамни хор қилдинг?».

Икки хотинидан ҳам ажрашган эркак ўйлари: «НЕГА ҲАЁТИМ ЎХШАМАЯПТИ?!»

«Кўнглим ғалати бўлиб кетяпти. Нега мен билан аёллар яшамайди. Нега улар уйдан чиқиб кетади? Мен ҳаётда муҳаббат излаяпман ахир! Икки аёлимдан ҳам меҳр кутдим, бироқ иккиси ҳам кутганимни туҳфа этган эмас. Иккаласи ҳам мени ерга ургани-урган эди. Биринчи аёлим билан дунёқарашим мос эмасди. У ҳамма гапимни нотўғри тушунарди. У учун фақат кўчада юрадиган хотинбоз, ароқхўрман. Мени ўзига муносиб кўрмасди. Оилани мен бошқачароқ назарда кўраман. Хотин дегани иккинчи ярминг бўлса. У бу гапни хаёлига келтирмасди. Унга қанча яхшилик қилсанг кам. Ҳеч қачон кўзига яхши бўлиб кўринмайсан. Ўзини бахтсиз ҳис қилаверади. Шунинг учун аёлимга «Ҳали бир-биримизни тушунганимиз йўқ. Фарзанд кўришга шошилмайлик», дедим. Лекин у мени нотўғри тушунди ва жанжал кўтарди. У билан жанжаллашмасликнинг эса иложи йўқ эди. Уйга уни ураман, деб келмасдим. Шундай вазиятни ўзи юзага келтирарди. Ҳар икки куннинг бирида «Онамникига кетаман»га тушарди. Онасиникига кетса, ҳафталаб келмасди. Ҳатто опаларигача мени ёмонлаб чиққанини эшитиб, кўнглим ёмон қолди, лекин Тангри гувоҳ, мен қорнидаги болани ўлдирганим йўқ. Бола туғилмасин, деб атай дори бермадим. Ўша куни жанжаллашаётганимизда мени сенсираб кетди. Бунга чидолмай, бир мушт урдим. Барибир, оғзи тинмади ва мен уни аямай калтакладим. Бечора ҳушини йўқотди. Кейин тинчлансин учун дори бердим. Боламнинг ўлиб қолганида айбим бор, биламан, бироқ уни ўлдирмадим. Онам менга шу гапни айтганида тентак бўлиб қолай, дедим. Хотинимнинг аламига мен сўраб-суриштирмай бир уятсиз аёлга уйландим. У ичадиган, алдайдиган, чўнтагимдан пул ўғирлайдиган, маккора эди. Мен у билан бирга яшолмай ажрашиб кетдим. Сўнгги пайтларда ўйлаб қолдим. Оила нима ўзи? Нега ҳаётим ўхшамаяпти? Бунақада кўнглимни тушунадиган аёлни икки дунёда тополмасам керак!»

Ҳаётдан нима истаймиз ўзи? Бизга нима етишмайди. Бировнинг кўнглига йўл топишни истайдиган одам, аввало, ўз кўнглини англаши керак. Шундагина бировнинг ҳаётини синдирмайди.

Шаҳноза РАҲМОНОВА ёзиб олди.
Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s