“Судхўрга ишим тушиб, боламдан айрилишимга оз қолди” (Албатта ўқинг!)

dengivdolg.jpg

— Мен оддий ўқитувчиман. Уч нафар қизим бор. Иккитасини узатдим, энди кенжамни узатмоқчиман. Ёзга чиқиб, тўй қилишим керак эди. Шунинг учун пайтавамга қурт тушганди. Ўртанча қизимни узатганимга уч йилдан ошди. Ўтган вақт мобайнида унча-мунча маблағ жамғариб, кенжамизга бироз сеп қилиб қўйгандик, лекин қиз чиқариш осон иш эмас. Ҳали қанча ташвишимиз бор. Устига-устак кенжам бироз инжиқ. «Тўйимга хориждан келтирилган мебель олиб берасиз, бўлмаса, эрга тегмайман», деб туриб олди. Хотиним қизини йўлга солишга уриниб кўрди, лекин ундан ранжимадим. Энг кенжа қизим олиб берсам, берибман-да, шу билан қутуламан-қўяман, дедим. Бироқ шу гапни айтадиганлар бекорларнинг бештасини айтибди. Қиз узатганнинг битта дарди иккита бўлар экан. Қимматбаҳо мебель сотиб олиш илинжида юрганимда маъракалардагина қора берадиган тўнғич куёвим кириб келди. Қизимнинг рангида ранг йўқ эди. Ота учун фарзандининг кўзига ёш тўлса, бундан оғир дард йўқ. «Дада, сиз бойсиз», дея гап бошлади куёв. Билдимки, пул сўраб келган. Сўраганда ҳам оз эмас, кўп эмас, ботмондек — тўрт минг доллaр-а! Ҳушим бошимдан учиб кетишига оз қолди. Берай десам, унча пулим йўқ. Бермай десам, ўзи шу қудаларим унчалик рўйхуш одамлар эмас. Хотин билан келишиб, ошналаримдан қарз кўтаришга, камига уйдаги молларни сотишга келишдик. Эртасига шаҳарга отландим ва тўппа-тўғри энг яқин оғайнимникига бордим. Қуюқ сўрашувдан кейин мақсадимни айтдим, лекин тайинли жавоб ололмадим. Бошқа ошна-оғайниларимни ҳам йўқладим. Шунда ҳам ҳеч натижа чиқмади. Уйга қайтиш илинжида бекат томон келаётгандим, бирдан танишлари кўп оғайним Давлат кўз олдимга келди. У мени илиқ қарши олди. Дардимни тинглагач: «Менда бунча пул йўғ-у, лекин бир укам бор. Яқинда ўзим ўшандан уч минг кўкида қарз олдим. Борсак, йўқ демас. Қолганини ўзинг келишасан», деди. Бу гаплардан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Уй соҳиби дўстимни илиқ қарши олди. У: «Сизни танимайман. Давлат ака бошлаб келибди. Демак, сизга ишонади. Мен эса у кишига. Пул бераман. Лекин арзимас бир муаммо бор-да. Давлат аканинг ўзи катта қарз олган. Мен унинг қайтариб беришига ишонаман. У менга кафолат учун машинасининг ҳужжатларини берган. Сиз ҳам ё машинангиз, ё уйингизнинг ҳужжатини беринг. Бу фақат ўртада ишонч бўлиши учун, расмиятчиликда. Пулни кейин олиб кетаверасиз», деди.

Эртасига дўстим Давлатнинг танишига уй ҳужжатларини тутқаздим, бу ҳақда хотинимга айтиб ўтирмадим. Давлат Санжар ака деб таништирган одам саккиз минг доллар берди. Лекин пулни тутқазишдан бурун оппоқ вараққа имзо чектирди. Қўл қўйишни истамагандим. Ранжигандай бўлди, шунга кўнглимга ғулғула тушганига қарамай ҳаммасига рози бўлдим. «Энди ака, шартимни айтай, — деди у салмоқ билан дона-дона сўзлаб. — Пул керак бўлишидан ўн кун олдин огоҳлантираман. Ўн кун ичида пулни топиб қўясиз».

Куёвимга туман марказидан уй олишга кўмаклашиб юбордим ва кенжа қизимнинг мебелини ҳам қилдим ва ўзи билан бирга ўқиган йигитга узатиб юбордим.

Орадан икки ойдан ошиқроқ вақт ўтди. Бир куни дарвоза тақиллаб қолди. Эшикни очсам, менга қарз берган Санжар ака турибди. «Икки ойдан ошсаям, қорангизни кўрсатмайсиз. Қирқ минг доллар қарз олганингиз ёдингиздами, ишқилиб!» — ўдағайлади у сўрашишни ҳам истамай. «Қирқ минг доллaр?! Йўғ-э, ука, саккиз минг денг», — дедим ҳовлиқиб. «Тўғри, бир ойда қайтариш шарти билан саккиз минг олувдингиз. Бир ойингиз ўттиз кун бўлади. Агар шу муддатда қайтармасам, ҳар ойдаги устамаси икки баравар кўпайишига розиман, деб тилхат ёзиб берувдингиз. Мана, имзонгиз. Шу имзо сизникими?» У менга тилхатни кўрсатди. Судхўр билан анчагача тортишдик, бироқ у муроса қилай, демасди. У эртага келиш шарти билан чиқиб кетди. Мен эса карахт бўлиб қолдим. Энди нима қиламан? Кимга маслаҳат соламан? Кимдан кўмак сўрайман? Давлатни сўраб бордим, топилмади. Уч кундан кейин Санжар ака яна келди. Ёлғиз ўзи эмас, уч нафар барваста йигит билан. Мен ҳеч нимани тушунмадим. Муттаҳам: «Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Сизга тағин тўрт кун муҳлат бераман. Эртага уйингиз менинг номимга ўтади. Бу қарзингизнинг, саккиз минг, эй, ана боринг, кенглик қилайин, ўн мингини қопласин. Уч кундан кейин қолганини олиб кетаман. Мендан хафа бўлманг, сиз қарз сўрадингиз, мен ҳожатингизни чиқардим. Беролмас экансиз… Энг яхши кўрган фарзандингиздан айираман, — деб кенжа қизимни кўтариб тушган суратимга яқинлашди. — Мана шу қизингиздан!»

Ўша жойда оёғимгача музлаб қолдим. Мен ўша пайтнинг ўзида адойи тамом бўлдим. Бунча пул кимда бор. Ака-укаларим кунда ўзимдан пул сўрайди. Дўстларим бор-у, улардан умид қилмаса ҳам бўлади. Биттасининг топиб берган таниши ярамас бўлиб чиқди. Бўлаётган воқеаларни хотинимга айтай десам, юрагим бетламайди. Сиқила-сиқила бир кунда чўпдек озиб кетдим. Эртасига ўша судхўрни кутдим, бироқ негадир келмади. Бир куним тинч ўтганига шукр қилдим. Уйни номига ўтказишдек муҳим ишни нега пайсалга солди экан, деб ўйладим. Ярим тунда дарвоза тақиллади. Эшикни очдим. Дарвоза қаршисида бегона йигит турарди. У: «Санжар ака бугун келолмади. Лекин талаб ҳали ҳам кучида. Пулни уйига олиб боринг. Уйни шаҳарда расмийлаштираркан», деди таҳдидли оҳангда. Йигит гапини айтиб, тезда кўздан ғойиб бўлди. Менинг эса ҳаловатим баттар бузилди. Эртасигаям пул топишнинг иложи бўлмади. Нима қиларимни билмадим, уйдан кўчага чиқмаётгандим, қишлоқ оқсоқоли йўқлаб келди. У дардимни эшитгач: «Икки ўғлимнинг боласи чет элда ишлаяпти. Унча-мунча йиғиб қўйгани бор. Бу куёвимнинг акаси ҳам улар билан. Ёрдам қиламиз, сиқилманг», деди. Ўша пайтда бўғзимга нимадир тиқилди. Оқсоқол бундайларни жазосиз қолдириб бўлмаслиги ҳақида сўзлади. Милицияга мурожаат қилишим кераклигини ҳам айтди. Менинг эса қулоғим остида «Агар милицияга айтсанг, суйган қизингдан айриласан!» деган сўзлар жаранглаб турарди. Ўша куни кечқурун оқсоқолнинг ўзи пулларни келтириб берди. Эртасига унинг ўғли билан пулларни судхўрнинг уйига олиб бордик. Йўл бўйи оқсоқолнинг ўғли хавотир олмаслигимни, биз пулни тутқазишимиз билан милиция унинг қўлига кишан солишини айтиб борди. Борганимизда эшик олдида азадор ўтирганларни кўриб ҳайрон қолдим. Ҳеч нарсага тушунмадим, бир йигит ёнимга келди ва мени ичкарида Санжарнинг аёли сўраётганини айтди.

Судхўрнинг хотини қўлимга уйнинг ҳужжатлари ва тилхатни тутқазди. Сўнг судхўрлик ва таъмагирлик қилгани учун уч кун олдин уни ўлдириб кетишганини айтди. Воқеа уч кун олдин, яъни у меникидан қайтаётганда юз берган экан. Аёл йиғи-сиғи қилиб бўлиб, аввалига пулни олишдан бош тортди. Лекин саккиз минг доллaр чиндан ҳам унинг эридан олинган пул эканини айтганимда, қўлимни қайтармади. Бир куни шаҳарга тушиб, ошнамнинг уйига кирдим. Дарвозани ўртанча ўғли очди. Ошнамнинг ҳовлисида мотамсаро жимлик ҳукмрон эди. У уйда ғамга ботиб ўтирар, кўзлари ташқарида-ю, хаёли аллақаерларнидир кезарди. Мен унга: «Менга қанақа судхўрни йўлатдинг», деб койимоқчи бўлдим. Гапни нимадан бошлашни билмай, нигоҳимни девор томонга югуртиргандим, беихтиёр катта оилавий суратга кўзим тушди. Суратда оғайнимнинг чапдан ўнгга қараб турган кенжа ўғлининг кўзлари ўйилганди. Суратни кўриб нима бўлганини дарров фаҳмладим. Ошнамнинг қайғуси юрак-бағримни ўртаб юборди. У оиласидагиларга суратни алмаштиришга рухсат бермас, кенжа ўғлининг руҳи ҳақи-ҳурмати бу унга хатосини эслатиб турарди. Унинг гапларини эшитиб миқ этмадим. Миқ этолмасдим, Худо кўрсатмасин, бу қайғу ўз бошимга тушса, нима қилардим. Судхўрлар ҳақида эшитсам, юрагим оғриб қолади. Шундайига ишим тушиб, боламдан айрилишимга оз қолган. Ич-этимни ейман. Сизга маслаҳатим, ҳеч қачон бундайларнинг олдига бориб қарз олманг. Акс ҳолда, ўзингизни тириклайин кўмган бўласиз.

САРДОР
Тошкент вилояти
Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s