Эрнинг дарди: «Хотиним хиёнат қиляпти, нима қилай?»

120877235.jpg

Эркак кишининг иродаси аёлларникига қараганда анча кучли бўлади. Аммо шуни ҳам унутмангки, уларнинг ҳам оғир дардни узоқ кўтара олишга баъзида бардоши етмайди. Айниқса, ҳаётида ориятини букадиган, йигитлик шаънини топтайдиган воқеа содир бўлса, уни асло ҳазм қила олмайди…

Мен оилам учун ҳамма шароитни муҳайё қилишга уринар, кун бўйи заводда меҳнат қилиб, аёлим ва болаларим ҳеч нимага зориқмасликлари учун пул топардим. Аёлим эса касалхонада ҳамшира эди. Унинг топгани ўз харажатларини қопларди, холос.

Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам биз ўйлаганчалик бир маромда кетавермас экан…

Оиламиз катта, бирин-кетин беш фарзандли бўлгандик. Аввалига болаларимиз кичиклигида аёлим билан топганимиз етиб турганди. Кейинчалик иккаламиз ҳам қўшимча иш топишга мажбур бўлдик. Мен тунги пайтда ҳам ишлайдиган бўлдим, аёлим эса болалар поликлиникасидан иш топди. Ҳар иккимиз баробар ишласак-да, топганимизни етказа олмасдик. Ишдан ҳориб-чарчаб қайтардик. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, топганимиз қадрли, ҳаётимиз қувончли эди. Аниқроғи, биздан бахтиёр оила йўқ эди, ўшанда…

Ана шундай кунларнинг бирида уйга келсам, аёлим эндигина ишга жўнамоқчи экан. Чарчоқдан эзилиб турган бўлсам-да, хотинимдаги ўзгаришни сездим. Чунки у табиий гўзал бўлгани учун ҳам ортиқча бўянмас, шунинг учун озгина пардоз ҳам дарҳол билинарди.

«Ҳилола, бугун бошқачасан, тўйга боряпсанми дейман?» деб сўрадим атайлаб. Хотиним жиноят устида қўлга тушган кишидек қизариб кетди ва дудуқланганча: «Қанақа тўй? Ишга кетяпман», деди.

Мен гапни ҳазилга бургандек, мулойимроқ оҳангда: «Ишга бунақа пардоз-андоз билан кетишингни ҳеч кўрмаган эканман-да», дедим ҳайратимни яширмай. У янада ўнғайсизланиб: «Истасангиз, майли, пардозимни ўчириб ташлайман», деди қовоғини очмай.

Ичимдаги безовталик тинмаган бўлса-да: «Майли, боравер, ишингга кеч қолма. Тағин бош шифокорингдан гап эшитиб қолма», дедиму, унинг саросимага тушганини кўриб, яна ҳайрон бўлиб қолавердим.

Тўғриси, ана ўшанда айтган гапларимда заррача рашк ёки ишончсизлик йўқ эди. Аксинча, хотинимнинг: «Энди ёшимиз ҳам қирққа яқинлашиб қолди. Кўчадаги ёшлар бошингизни айлантириб қўймасин, деб ўзимга қараб қўйяпман-да, дадаси», дейишини кутгандим.

Хотиним кетгандан кейин анчагача ўйланиб қолдим. Эртасига эрталаб эса хотиним уйга келмасдан олдин ишга кетдим.

Хуллас, кунлар шу зайлда ўтиб бораверди. Бу воқеа эса ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди. Ишим кўплигидан кўча-кўйга, бозор-учарга чиқишга на вақтим ва на ҳафсалам борлиги боис бу ишларни ҳам хотиним ва болаларим зиммасига юклаб қўйгандим. Шунинг учун бўлса керак, маҳалла-кўй ичида тарқалган миш-мишларни ҳам эшитмабман…

Бир куни ишдан қайтаётганимда ён қўшним Эгамберди ака билан кўчада учрашиб қолдим. У мен билан кўришаркан, ғалати оҳангда: «Холмуҳаммад, миш-мишлардан хабаринг борми?» деб қолди. Бу гапдан ҳайрон бўлиб: «Тинчликми, қўшни? Нима гап, қандай миш-мишни айтяпсиз?» дедим. Эгамберди ака бир зум жим қолди-да, сўнг хотиним ҳақида етти ухлаб тушимга ҳам кирмайдиган гапларни айтди. Қўлларим мушт бўлиб тугиларкан, ёши мендан анчагина катта бўлган бу одамни уриб юбормасликдан ўзимни зўрға тийиб: «Оғзингизга қараб гапиринг, қўшни. Ахир кўздек қўшнимиз-а! Бошқалар нима деб маломат қилганда ҳам, сиз биз томон бўлишингиз керак эмасми?» дедим аранг.

Эгамберди ака авзойимни кўриб, бошқа ҳеч нарса демади, аммо бошини сарак-сарак қилганча: «Унда узр, ука. Сенга буларни айтмасам бўларкан», деди ва йўлида давом этди.

Кўчада қанча қолиб кетдим, билмайман. Уйга кирдим, бироқ юрагим нотинч эди. Кун кеч бўлишига қарамай, хотинимдан дарак йўқ.

Ҳовли четидаги сўрида ўтирарканман, ўзим хоҳламасам-да, хотинимнинг кейинги вақтларда менга беэътибор бўлиб қолгани, ўзига ортиқча пардоз бера бошлагани ва тунги навбатчиликка ҳам аввалгидек икки-уч кунда эмас, кунора бораётгани бежиз эмас экан-да, деб ўйлай бошладим.

Шу каби ўй-хаёллар гирдобида яна қанча вақт тентирадим, билмайман, аммо эрталаб уйғонсам, катта қизим нонушта тайёрлаяпти, кичиги эса ҳовлини супуряпти. Катта қизимга: «Онанг ҳали ишдан келмадими? Укаларингни уйғотмадингми?» дедим. У ҳайрон бўлгандек: «Сизга нима бўлди, дада? Биласиз-ку, онам соат тўққизларда ишдан қайтади. Укаларимни эса соат еттида уйғотаман. Соат эндигина олти бўлди. Ўзингиз бугун нега бунча эрта турдингиз? Нонушта тайёр бўлса, ўзим уйғотардим», деди ва жавобимни ҳам кутмай, ошхонага кириб кетди.

Шунда мен ўйлаб қолдим: «Қизиқ! Наҳотки маҳалладаги гапларни болаларим ҳам эшитмаган бўлса?! Қандай қилиб? Ахир Эгамберди ака: «Маҳалладаги ёшу қарининг оғзида шу гап», деди-ку. Оппоқ сочли одам ёлғон гапирмас…

Нима бўлганда ҳам хотинимнинг ишдан қайтишини кутишга қарор қилдим.

Соат ўн икки бўлди ҳамки, ундан дарак йўқ эди. Ниҳоят, кун пешиндан ўтганда хотиним келди. Ёнида пўримгина кийинган йигит ҳам бор эди. Бу йигит хотинимнинг бозор тўрваларини кўтаришиб келган экан, уларни айвон четига қўйди-ю, чиқиб кетди.

Виқор билан кириб келаётган хотинимнинг кўзи менга тушиши билан бир қалқигандек бўлди ва қўлидаги сумкачасини қизимга узатаркан, бозор халталарга ишора қилиб: «Буларни олиб қўй», деди ва менга салом берганча, ичкарига кириб кетди.

Мен бир четда тош ҳайкалдек турарканман, ичимни ит тирнарди. Айниқса, болаларимнинг бозор тўрвалардаги нарсаларга қараб, кўзлари чақнаб кетганини кўриб, қоним қайнаб кетди.

Болаларимнинг талашиб-тортишиб, нарсаларни кўздан кечираётганини кўриб, тўғриси, ўзимни жуда ноқулай сеза бошладим. Ана шундан кейин болаларим олдида жаҳлга эрк бермай, хотиним билан гаплашишга қарор қилдим ва болаларга: «Нарсаларни ичкарига олиб киринг-да, онангизни айтиб юборинг», дедим. Болалар ҳам мени тушунгандек, дарҳол ичкарига кириб кетишди. Хотиним эса ичкаридан чиқиб, норози оҳангда: «Ҳозир чарчаганман, кейинроқ гаплашамиз», деди-да, бурилиб кетмоқчи бўлди. Шартта қўлидан ушлаб, айвон четига ўтирғиздим ва маҳалладаги гап-сўзлар ҳақида изоҳ беришини сўрадим. У эса: «Одамларга қўйиб берсангиз, нималар демайди. Бу гапларнинг ҳаммаси бўҳтон. Ишим юришганини кўролмаган душманларимнинг иши бу», дея жавоб берди пинагини ҳам бузмай. Хотинимнинг уялиш ўрнига бу тарзда катта гапиришини кўриб, бўғилдим. Ичимдаги гумон ориятимни бурчакка сиқиб қўйганидан нафас олишга-да қийнала бошладим ва: «Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Одамлар бекорга шунча гап қилишмагандир. Бунинг устига қайси пулингга бугунги бозорликни қилдинг? Ёки ҳамшираликдан ташқари, бизнес билан ҳам шуғулланяпсанми?» дедим қаҳр билан унга тикилиб.

Хотиним: «Мен айтадиганимни айтиб бўлдим. Бу ёғи энди ўзингизга боғлиқ. Ё менинг гапимга ишониб, шу ерда қолинг, ёки одамларнинг гапига кириб, уйдан чиқиб кетинг», деди-ю ичкарига кириб кетди.

Мен уни тўхтатмоқчи ва яна сўроқ қилмоқчи бўлдим, аммо болаларимдан уялдим. Уларнинг олдида бу масалада тортишишни истамадим ва индамай айвоннинг ўзига чўзила қолдим…

Шу ётишда қанча ухлаганимни билмайман, аммо кўзимни очсам, кун ботиб, болаларим бирин-кетин юз-қўлларини ювиб, супага чиқаётган экан. Уларга қараб туриб, бу бегуноҳ гўдакларнинг ота ёки она меҳридан мосуво бўлишига сабаб бўлишдан қўрқдим ва шунинг учун барча гапларни ичимга ютиб, болаларим билан қолишга қарор қилдим. Аммо бу ерда қолиш ундан-да оғирлигини ҳис этарканман, менга осон эмаслигини билардим. Ахир айтишади-ку: «Йигитнинг орияти букилса, у ўлади», деб. Мен айни дамда ана шундай аҳволда эдим. Шунчаки, тирик мурдага айланиб қолгандим. Хотиним билан бир уйда яшасак-да, мутлақо бегонага айланиб бўлгандик!

Мактубимнинг бошида айтганим ёдингиздадир, йигит ғам-андуҳни ичига ютиб, афсус ва надоматни ташқарига чиқариб яшай олмайди. Худди шу сабаб мен ҳам бошимдан юрак инфарктини ўтказдим. Тўғри, хотиним гуноҳи учун жазосиз қолмади. Бошлиғининг хотини бор ҳақиқатни билиб қолгач, тўполон кўтариб, касалхонада шармандаи шармисор қилди. Обрўси ва ишидан қўрққан бошлиғига ҳам хотиним ортиқ керак бўлмай қолди. Ҳозир у тепамда, мендан туну кун узр сўраш билан овора. Мен эса юрагимдаги алам, дард гулханини қандай ўчиришни билолмаяпман.

МУРОДЖОНнинг сўзларини ЗУЛФИЗАРБОНУ оққа кўчирди.
Hordiq.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s