“Бор товоғим, кел товоғим…” ёки тўйдан аввал қудаларнинг ғаройиб талаблари

бор_товогим_кел.jpg

Эркин ака дарвозадан кириб келаётган бўлғуси қудаларини кўриб шошиб қолди ва уларни сўрига таклиф қилар экан, “Онаси, меҳмон келди, бу ёққа қарасангчи!”, деди ошхонада куймаланаётган хотинига. Қудалар ҳол-аҳвол сўрашгач, гап асосий мавзу – тўй тадоригига тақалди.

– Айланай, қудажонлар, – гап бошлади аёл қуда. – Биласизлар, ҳафта охирида тўй. Шаҳарнинг фалон ресторанидан беш юз кишига буюртма бердик. Санъаткорларнинг ҳам таниқлиларини таклиф қилганмиз. Столга-ку гап йўқ. Қази-қартадан тортиб лиқилдоққача қўйилади. Таклиф қилинган меҳмонлар ҳам шунга яраша. Казо-казолар ташриф буюради. Қизингиз дугоналарининг олдида уялиб қолмасин дейман-да. Сиз томондан келадиганларга бериш учун йигирмата совға олиб қўйибман. Бу – сизларнинг ҳам обрўйингиз. Келин узатиб кетиладиган куни “чарлар” қилишингизни ўйлаб, олдиларингизга келишга қарор қилдик.

Биласиз, тўй кўпчиликники. Биз тарафдан камида 150 киши бўлади. Меҳмонларимиз олдида уялиб қолмаслигимиз учун билишингиз керак бўлган айрим нарсалар бор. Аввало, қариндош-уруғларингиз кўришадиган нарсалар хорижники бўлсин. Сизлар эса келин тушадиган уйнинг ҳажмини ўлчаб, гарнитур олинглар. Хорижники, албатта. Биласиз, тўйнинг ўртасида қуда тарафга совғалар улашилади. Мана бу рўйхатда қайси қариндошимизга нима совға олишингизни ёзиб қўйганман. Тўй куни ўша совғаларни сувқоғозга солиб меҳмонларга улашсангиз, ўзингизнинг обрўйингиз бўлади. Айтгандай, видеочилар ҳам бир нечта бўлсин.

– Бир нарсани эсдан чиқарманглар, – гап қўшди эркак қуда. – Тўйга ишхонамдан икки кишини таклиф қилганман. Уларнинг елкасига Бухоронинг зардўзи чопонидан ёпсангиз, ажойиб иш бўлади-да. Яқинда касбдошларимдан бирининг тўйида хўжайинларга тўн кийдирилган эди, шунақа зўр чиқдики, асти қўяверинг. Кимга костюм-шим, кимга кўйлак бериш керак бўлса, ўзим ўша куни айтаман.

– Сиз шошмай туринг, ҳали гапимни тугатганим йўқ, – дея гапга аралашди аёл қуда. – Эшитишимча, сизлар чарларни уйда ўтказмоқчи бўлибсизлар. Биз шунча тадорик қилиб туриб, сизлар тўйни уйда ўтказсангиз уят бўлади-ку! Меҳмонларни ҳовлингизга сиғдиролмай, шошиб қолишингиз аниқ. Шунинг учун, яхшиси, уни ресторанда ўтказганингиз маъқул. Ахир “Бор товоғим, кел товоғим…”, деб бекорга айтишмайди-ку.

…Эркин ака янгамиз билан қудаларни бир алфозда кузатишди. Айниқса, қудаларининг қариндошларига қандай сарполар қўйилиши ҳақидаги гаплари уларни довдиратиб қўйди.

Сизга муболағасиз ҳикоя қилиб бераётган воқеа соҳиби – Эркинжон яқин дўстим. У ҳовлисида кичикроқ тўй қилиб, оғайни-қариндошлар иштирокида қизини узатмоқчи бўлиб турганди. Ўша кунги қудаларининг талабидан кейин уйқусизлик дардига йўлиқди. Мен эса тўйни имкон қадар камчиқим, ортиқча дабдабаларсиз ўтказишини айтдим. У қудаларини ўйлаб, узоқ вақт ўйга чўмди.

Унинг ҳолатини кузатарканман, назаримда ошнам ўн ёшга кексайгандек, букчайган қиёфада эди.

Турфа хил тансиқ таомлар билан безатилган столлар, бўхча-бўхча сарполар, қўша-қўша мебеллар ҳақида ўйларканман, яқин-яқингача маҳаллаларда ўтказилиб келинган “Чарлар” эсимга тушди. Бу маросим тўйдан кейин ўтказилиб, унда куёв оиласи ва бир-икки дўстлари билан қайнотасиникига борар, қудалар ўзаро яқинроқ танишишарди. Шу тариқа қариндошлик ришталари боғланар эди.

Биз бугун тўкин-сочинлик даврида яшаяпмиз. Турмуш шароитимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Аммо юқоридаги каби вазиятларга дуч келганимизда қайд этилган ҳолатларнинг қайси бири миллий ва маданиятлироқ, деган саволлар бизни қийнайверади.

Толиб ЖЎРАЕВ

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s