Вояга етмаган қизларни никоҳлаш ҳақида

Islom.uz сайти фойдаланувчиларидан бири саҳифа маъмуриятига қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

“Исломда қизларни жуда эрта бериш рухсат берилган. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам 9 ёшларида узатилдилар. Айрим мусулмон давлатларда қизларни 9 ёшидан узатиш рухсати бор. Шу ҳақида маълумот берсангиз. Ҳозирги кунда болалар ҳуқуқларини химоя қилиш қонунларига мутлоқ тўғри келмайди”.

Бунга эса шундай жавоб қайтарилди:

“Бунга 1000 йилга қайтишнинг ҳожати йўқ. Ҳозирдаги инсонларнинг аксар қисми 100 йил аввал 11-12 ёшида турмушга чиққан аёлларнинг фарзандларидир. Ҳозирга келиб атроф муҳит бузилгани учун тиббиёт аксар аёлларда бу ёшда фарзанд кўришни зарарли дейишмоқда. Тарихга назар солсангиз мусулмонлардан бошқа халқларда ҳам аёллар шу ёшларида турмуш қуриб фарзандли бўлганлар. Бу нарса иқлимга боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўша вақтларда уларнинг урфлари ҳам шундай бўлган. Бир вақтлар бутун дунёда қон кўпайиш касаллиги кенг тарқалган бўлиб, одамлар тез-тез қон олдиришга мажбур бўлганлар. Ҳозирги кунга келиб, қон камайиш касаллигига мубтало бўлди. Фуқаҳолар бу нарса тиббиётга боғлиқ бўлиб, зарарли бўлса қилмасликка фатво беради.

НИКОҲ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамиздан ажраб, ёлғиз қолишлари ўша пайтдаги барча мусулмонларни ташвишга солган эди. Улар Пайғамбаримиздан бу мусибатни қандай аритишни ёхуд енгиллатишни ўйлар эдилар. Айниқса, бунга ўхшаш ҳолатларни аввалдан кўриб, муолажа қилиб юрган тажрибали аёллар тезроқ чора топишга ҳаракат қилар эдилар.

Мўмина аёллар ичида солиҳалиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Ҳавла бинти Ҳакийм розияллоҳу анҳо бу ҳақда у зотнинг ўзларига гап очишга журъат этди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?» деди.

«Кимга?» дедилар у зот.

«Қиз хоҳлайсизми, жувонми?» деди.

«Қиз киму, жувон ким?» дедилар.

«Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа», деди Ҳавла бинти Ҳакийм.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан ўзларигагина маълум сирлари бор эди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: أُرِيتُكِ فِي الْمَنَامِ ثَلَاثَ لَيَالٍ، جَاءَنِي بِكِ الْمَلَكُ فِي سَرَقَةٍ مِنْ حَرِيرٍ فَيَقُولُ: هَذِهِ امْرَأَتُكَ، فَأَكْشِفُ عَنْ وَجْهِكِ فَإِذَا أَنْتِ هِيَ، فَأَقُولُ إِنْ يَكُ هَذَا مِنْ عِنْدِ اللهِ يُمْضِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: جَاءَ جِبْرِيلُ لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بِصُورَةِ عَائِشَةَ فِي خِرْقَةِ حَرِيرٍ خَضْرَاءَ فَقَالَ: إِنَّ هَذِهِ زَوْجَتُكَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга уч кеча тушимда кўрсатилдинг. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб, олиб келар ва «Мана шу сенинг аёлинг», дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча «Агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлган бўлса, тушимни ўнгидан келтирар», дер эдим».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзи:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ҳарир матода Оишанинг суратини олиб келди ва «Бу сенинг бу дунё ва охиратдаги завжанг», деди».

Ана шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол рози бўлиб, Ҳавла бинти Ҳакиймдан ўз номларидан Оиша онамиз розияллоҳу анҳога совчи бўлишини илтимос қилдилар.

Кейин нима бўлганини ‎имом Тобарий Ҳавла бинти Ҳакиймдан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Абу Бакрнинг уйига кириб, Оишанинг онаси Умму Рувмонни кўрдим. Мен унга:

«Ҳой Умму Рувмон! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди!» дедим.

«У нима экан?!» деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

«Кўнглимдаги иш бўлибди. Бир оз кутиб тур. Ҳозир Абу Бакр ҳам келиб қолади», деди.

Абу Бакр ҳам келди. Мен унга:

«Ҳой Абу Бакр! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

У ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган ҳолатларини эслади ва:

«Бу у зотга тўғри келармикан? Ахир биродарининг қизи?» деди.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, ҳалиги гапни айтдим. У зот буни эшитиб:

«Унинг олдига қайтиб бор ва «Сен менинг Исломдаги биродаримсан, мен ҳам сенинг биродарингман, қизинг менга тўғри келади», демоқдалар», дегин», дедилар.

Мен Абу Бакрнинг олдига келиб, бор гапни айтдим.

«Мени кутиб тур. Ҳозир келаман», деди у.

Умму Рувмон гап нимада эканини равшанлаштириш учун:

«Мутъим ибн Адий Оишани ўғли Жубайрга сўраган эди. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр берган ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди», деди.

Абу Бакр Мутъимнинг олдига кирганда унинг хотини (Мурика) Умму Жубайр ҳам бирга ўтирган экан. Кампир бирдан сўзга кирди:

«Эй Абу Қуҳофанинг ўғли! Биз сенинг қизингни ўғлимизга олиб берсак, ҳали уни ўзингнинг динингга киритиб, муртад ҳам қиларсан?!» деди.

Абу Бакр аёлга ҳеч нарса демади. Унинг эри Мутъимга қараб:

«Бу нима демоқда?» деди.

«У ўзинг эшитган гапни айтмоқда!» деди.

Абу Бакр у ердан ваъдасига хилоф қилмасдан, Аллоҳнинг ўзи ишини ўнглаб қўйганидан мамнун бўлиб, чиқди. У тезда уйига қайтди ва Ҳавлага:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб кел», деди.

Ҳавла у зотни чақириб келди. Абу Бакр у зотга Оишани никоҳлаб қўйди. У ўша вақтда олти ёки етти ёшда эди».

У кишининг маҳрлари беш юз дирҳам бўлганлиги ҳам зикр қилинади.

Ҳозирда қиз болани бунчалик ёш пайтида эрга беришни ҳеч ким хаёлига сиғдира олмайди. Баъзи бир душманлар эса буни динга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатишга ҳаракат қиладилар. Аммо икки тараф ҳам ўша вақтнинг шароитига, урф-одатига ва бошқа омилларга назар солишни ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ҳа, бу иш ўша пайтнинг одати эди. Ёш туриб никоҳланган қиз фақат Оиша онамиз эмас эдилар. Балки у вақтларда аксари қизлар худди шу тариқа узатилар эдилар.

Ёш қизга уйланиш фақат у зотга тегишли бўлмай, балки у пайтда кўпчилик шундай қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин Мутъимнинг оиласи Оиша онамизга совчи қўйгани ҳам бунга далилдир.

Қолаверса, бу тўла маънодаги оила қуриш эмас, балки унаштириб қўйишдек бир гап эди. Никоҳдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни уйларига олиб кетмаганлар, аксинча, Оиша онамиз маълум муддатгача ота-онаси билан қолиб, аввалгидек яшайверганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)”.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s