Жамоатчилик назорати чақимчилик эмас

жамоатчилик_назорати1.jpg

– Кеча қўшнимни уйида гиёҳванд модда сотаётганда “ушлашибди”, – деди даврада ўтирган кишилардан бири. – Энди ички ишлар органлари ходимлари маҳалламиздаги ҳар бир кишидан у ҳақда сўраяпти. Мендан сўрашган эди, бунақа ишларидан хабарим йўқ, деб айтдим. Нима ҳам дердим, кейинги пайтда уйига вақт-бемаҳал нотаниш кишилар келиб кетади, юриш-туриши ўзгариб қолганди, дейманми? Тўй-маъракага чиқмай қўйгани, маҳаллага аралашмаслигини ҳам ҳамма биларди. Лекин ҳеч ким нима иш билан машғулсан, деб сўрамаган-ку. Ҳозир шу ҳақда бирор нарса десам, балога қоламан. Шунинг учун билмадим, деб қутилдим-да.

– Тўғри қилибсиз, – деб унинг гапини маъқуллади иккинчи киши. – Ўтган йил дурадгор укам қўшни қишлоқдаги ўртоғининг иш топиб бераман, деган гапига ишониб, у билан Россияга кетмоқчи бўлди. Қўлингда гулдек ҳунаринг бор, ўша ерда ишлайдиган пулингни шу ерда ҳам топасан, дедим. Кўнмади, жўраси билан кетди. Уч ой сарсон-саргардон юриб, уйга қайтиб келди. “Ака, энди кўзим очилди. Жўрам у ерда ўзимизнинг болаларни бошқаларга сотиб, пул топар экан. Менинг ҳам паспортимни олиб қўймоқчи эди, бошқа жойга кетиб, билетга пул топдиму ортга қайтдим. Бу ҳақда тегишли идораларга айтсаммикан?”, деди. Қўй, бошингни ғалвага аралаштирма, дедим. Мана, яқинда ўзлари жиноятини аниқлаб, ушлашибди.

Бундай гап-сўзларни сиз ҳам эшитгансиз. Гоҳида қўни-қўшнимиз, раҳбар ёки ҳамкасбимиз, бирор бегона кишининг ножўя иши, қонун-қоидага хилоф хатти-ҳаракатига гувоҳ бўлсак-да, “менга зарари тегмаяпти-ку”, деб индамай кетаверамиз.

Ваҳоланки, бу ҳаракат охир-оқибат жамиятдаги ҳуқуқий муносабатларга путур етказиши, кишиларнинг қонун ва тартибларга нисбатан ишончини йўқотиши, тинчлик-осойишталикка рахна солиши мумкин. Ахир турли диний экстремистик оқимлар, жиноий тўдалар осмондан тушаётгани йўқ. Ёки таъмагирлик, порахўрлик, гуруҳбозлик сингари иллатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаяпти. Сизу бизнинг бефарқлигимиз, атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлигимиз ва, энг ёмони, жамият ҳаётининг ўз ҳаётимиз билан узвий боғлиқлигини ҳис қилмаслигимиз оқибатида кўз ўнгимизда юзага келяпти.

Яқинда маҳаллий газеталардан бирида таълим муассасаларидаги қонунга зид ҳаракат ҳақида мақола чоп этилди. Кейин бу муаммо интернетдаги ижтимоий тармоқда баҳс-мунозаралар билан давом этди. Кўп ота-оналар, турли соҳалар вакиллари ўз муносабатини билдирди. Масала икки-уч кун жамоатчиликнинг эътиборида, назоратида бўлгач, мутасаддилар ўз хатоларини тузатишди. Мана, жамоатчилик назоратининг самараси.

Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, журналистлардан “ҳақиқатни ёзмайсизлар” деб ўпкалайдиган айрим кишилар ўзлари гувоҳ бўлган, дуч келган қонун бузилиш ҳолати, муаммо ҳақида айтадилару, “менинг исм-фамилиямни ёзиб ўтирманг”, дейишади. Сабабини сўрасак, маҳаллада “шикоятчи” деган ном олишдан чўчишларини айтишади.

Тўғри, андишали халқмиз. Бировнинг камчилигини ўзига айтишдан тийилишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу андиша жамият, халқ манфаатларига зид ҳаракатларга имкон бермаслиги керак-да. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган, жамиятдаги муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапирган кишини қачонгача “шикоятчи”, “ёзувчи” деб атаймиз?..

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бундай давлатнинг ҳуқуқий асоси, тартибларидан бири мустаҳкам қонунчилик ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида бу борада халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла жавоб берадиган миллий қонунчилик яратилди. Ўз навбатида, кучли фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси ҳисобланган жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилди. Кейинги йилларда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлар ушбу мақсадни амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси очилганлиги ҳам мазкур йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Шундай экан, бугун жамоатчилик назоратини фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда юзага келаётган муаммоларга ечим топиш ва турли иллатларни бартараф этишнинг муҳим омили деб билиб, ундан самарали фойдаланиш давлатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Fолиб ҲАСАНОВ

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s