Жиноят ва жазо: Қимордан чиққан бало

кимордан_чиккан_бало.jpg

1994 йилда Янгиқўрғон туманининг Қораполвон қишлоғида туғилган Жаҳонгир Саримсоқовнинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартириб берилмоқда) ота-онаси ҳам бошқалар қатори фарзандига улкан ниятлар боғлашганди. Бебошлигини шўхликка, “ҳукмрон”лигини болаларча эркаликка йўйишди. Аммо унинг бу хурмача қилиқлари газак олиб борар, қаерда тўрт одам бирлашиб кўнгил хушлашадиган бўлса, у ҳам ўша ерда бўларди. Бу иш покми ё нопок, тўғрими ё нотўғри, охири нима билан тугаши ҳақида ўйлаб ўтирмасди. Бу ҳақда “Диёнат” газетаси ёзмоқда.

Шомурод Тоҳиржонов эса салкам қирқ ёшда. Уч нафар қоракўзнинг отаси. Муқим бир жойда ишламайди.Ўша пайтда у Муҳсин Мукаррамовга тегишли, уйига ёндош бўлган жойдаги молхонада қоровулликда эди. Ўзига ўхшаган “ўйинқароқлар”ни йиғиб кўнгил хушлаб, вақтичоғлик қилишга унда фурсат кўп бўлар, молхонани гўё “қиморхона”га айлантириб олганди. Бунинг оқибати ҳақида ташвиш чекиш унинг учун бегона, “кўзанинг кунда эмас, кунида синиши” эса айни ҳақиқат эканлигини ўйлаб ҳам қўймасди.

Хуллас, жорий йил бошида, қишнинг айни совуқ кунларида содир бўлган ҳодиса ҳам ана шундай бемақсад ўтиришлардан бири сабаб келиб чиқди.

Дастлаб 500 сўмдан ташлаб қарта ўйини билан давра қизитган йигитларнинг кўнгиллари ичкилик ҳам тусаб қолди. Ўртада спиртли ичимлик ҳозир бўлди. Битта, иккита ва учинчи шиша ҳам бўшаганда вазият кескинлаша борди. Ўзаро гап талашиш, тортишиб кетиш, бир-бирларининиг ҳамиятларига тегишдан зерикишмас, аксинча ўзларини гўё “шер” билишарди.

Айни шундай бир пайтда йигитларнинг бирини уйларидан йўқлашди, бири эса “ҳолванинг ҳам ози ширин”маъносида “бўлди қилларинг, етар”, деди-ю чиқиб кетишди.

Давранинг “кенжатойи” Жаҳонгир билан Шомурод эса тортишиб-талашиб давом этишарди. Айниқса, Жаҳонгир “тоғни талқон қилиб юборгудек”, ўзидан қарийб йигирма ёш катта бўлган Шомуроднинг “ғирром”лигидан куюниб, жиғибийрон бўларди. “Сени ақлингни киритиб қўяман”, деди у ўзича ғўлдираб.

– Нима дединг, кимнинг ақлини киритиб қўясан? Сен шунақа ақллимисан, ҳали?

– Э-э, бўлди, бу ерда жанжаллашаверманглар, тур Жаҳонгир, ташқарига чиқ, тинчлик борми-йўқми ўзи, сени дастингдан?!

Яна бир шеригининг унга қарши гапиргани Ж.Саримсоқовнинг бошига гурзи билан ургандан баттар бўлди. Ҳам ичкилик оқибати, ҳам танасида зоҳир озгина бебошлик ва шу билан бирга “ёшликнинг тоймаслиги” бир бўлиб Жаҳонгирни ёвуз, ваҳшиёна ўй билан шайтоннинг қўлига топширди қўйди. У ўрнидан важоҳат билан қўзғалди-ю, дераза рахида турган пичоққа кўзи тушди. Аммо негадир шу топ Шомуродга ташланмади. Секин юриб ташқарига чиқиб кетди. Ўз-ўзи билан бўлган ҳамроҳлар эса боланинг пичоқ олиб чиқиб кетганини ҳатто сезишмади ҳам.

Ж. Саримсоқов кўп кутмади. Унинг ортиданоқ қўзғалган шерикларининг бири у томон, бири бу томонга юрди. Ҳар қанча пана бўлмасин, йўл торлиги боис Олим Турғунов Жаҳонгирни кўриб қолди.

– Ие, ҳали ҳам шу ердамисан, нега кетмадинг, – деди шошиб унга қараркан.

– Шомурод акамдан кечирим сўрамоқчиман, шунга қайтиб келдим…

– У кетди, кеч бўлди, эртага кечирим сўрарсан, юр кетдик…

– Сиз бораверинг, мен ҳозир.

Тез-тез одимлаб юриб кетган Жаҳонгирнинг ортидан бироз қараб турган Олим йўлида давом этди.

Ҳали уйига етиб улгурмаган Шомурод ортидан биров келаётганини англади ё англамади, бирдан кураги тагида нимадир “жиз” этгандай бўлди, бехос оғриқдан юзи буришиб кетди. Шошиб ортига ўгирилди-ю, қўлида пичоқ билан турган Жаҳонгирни кўрди.

– Эй, жинни бўлганмисан, нима қилганинг бу?!

Унинг гапи тугамай яна бир жойига, кейин яна ва яна… пичоқ санчилиб чиқди. Жон алфозда ўзини ўнглашга ҳаракат қилган Шомуроднинг кўз олди қоронғилашди. Жаҳонгирнинг эса энди кўзи очилаётгандай, қилиб қўйган ишининг нечоғли даҳшатли эканини энди англагандай қўлидан пичоқ тушиб кетди ва орқа-олдиига қарамай қочди.

Дарвозаси олдига етиб келиб қолгани, аёлининг ухламай ўтиргани ва шовқинни сезиб югуриб чиққани Ш. Тоҳиржоновнинг фойдаси бўлди. Ўз вақтида шифохонага етказиб келингани ва керакли муолажаларни тезлик билан қилингани туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Айни шу ўринда халқимиз орасидаги “Саёқ юрсанг таёқ ейсан”, деган гапнинг яққол далилини кўрамиз. Минг афсуски, ёши катта ёки кичик бўлмасин, ўзини нопок йўллардан асрашга куч топа олмаган бу каби кимсаларни ҳам учратиб турамиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси, иккинчи қисмининг “л” банди билан айбли, деб топилган Жаҳонгир Саримсоқов суд томонидан етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўз навбатида, Шомурод Тоҳиржонов ҳам қилмишига яраша жазога тортилди. Суд уни Жиноят кодексининг 278-моддаси, биринчи қисми билан айбдор, деб топиб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқиди.

Фото: “Диёнат”

This entry was posted in Jinoyat va jazo. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s