Эркакларни асранг, аёллар!

602.jpg

Ҳайрон бўлманг, чиндан ҳам биз аёллар ҳаётимиз мазмуни, мустаҳкам тоғимиз, ишонган боғимиз бўлган эркакларимизни: oталаримиз, ака-укаларимиз ва айниқса турмуш ўртоғимизни асраб авайлашимиз керак. Oхирги пайтда биз аёллар бироз худбин бўлиб кетяпмиз чоғи, фақат ўзимизни ўйлаймиз. Тўғри, гап келганда, отангни аяма дейишади. Ўзимизни ҳам бир оз танқид қилиб турайлик. Ҳа, нима бўпти? Мана ўзингиз бир ўйланг: эркаклар биз аёлларни бутун умр асраб, авайлаб келишади. Биз эса уларга умуман ачинмаймиз. Масалан, тонг қоронғусида туриб олиб, энг кислород кўп пайтда ўзимиз нафас оламизу, кейин ҳамма кислородни ютиб бўлиб, эркакларни уйғотамиз. Уларнинг ҳаққига хиёнат қилганимиз ҳақида эса асло ўйламаймиз. Эрталабдан атайлаб сув сепамиз, бу билан эса ўзи зўрға ухлаган турмуш ўртоғимизнинг уйқусини бузишимиз мумкин деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Нонуштани тайёрлаб олиб, ҳамма нарсани дастурхонга қўямизу, эркакларга кўпроғини илинамиз. Ўзимиз емаймиз, аммо уларга берамиз.

Эрталабдан 3 донадан қовурилган тухум! Ғиж-ғиж холестерин. Ўзимиз эса, менга қолмабди, майли, нон билан чой ҳам ичиб кетавераман, деб баҳона қиламиз. Мана шунинг учун ҳам эркаклар аёлларга нисбатан камроқ умр кўради. Инфаркт ва инсульт ҳам уларда кўпроқ учрайди. Қачондан бошлаб уларни авайларкинмиз-а? Ўзимизку эрталабки бадантарбия ўрнига сув сепдик, супурдик, нонушта тайёрладик, камига болаларни кийинтирдик. Бечора эрларимизга эса тайёр кийим, тайёр овқат. Бунақа кам ҳаракатли кун тартибида яшайверсалар, вақт ўтмай вазнлари ортиб, касалликларга чалина бошлайдилар. Биз эса ҳозирча фақат ўзимиз ҳақимизда ўйлаймиз.

Кичкинтойларни боғчага, катталарини мактабга кузатиб, энг охирида эржонларимизни ишга жўнатамиз. Биз нима, 5 дақиқада кийиниб тайёр бўламиз. Ахир битта кўйлак, битта туфли. Ўзи битта лаб бўёғимиз бор. Ўшани суртамиз қўямиз. Эркакларга қийин. Ахир улар ранги бир-бирига мос тушадиган либосларни танлашлари, кечқурун артиб тайёрлаб қўйилган туфлини яна бошқатдан бизга арттиришлари керак.

Яна кўзгу олдига туриб олиб, сочларини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тараб кўриб, охири асл ҳолига қайтариб ва ниҳоят дастрўмол танлаш жараёнини ҳам тамомлаб, кейин, ишга кеч қоляпман, деб шошиб чиқиб кетадилар. Айтгандай биз ҳам ишга боришимиз керак-ку! Шу ерда ҳам бизга қулайлик бор: аёллар кеч қолса, баҳонаси тайин: боламни боғчага ташлагандим. Куни билан ишхонанинг югур-югурларини бажарамиз. Орасида эса тушликни баҳона қилиб, бозорга тушиб чиқишга ҳам улгурамиз.

Эрларимиз эса ишхонасидан чиқолмай ўтиришади. Ахир улар Эркак! Бозорма-бозор юрса, уят бўлади. Биз эса нимадир қаердадир арзонроқ деб эшитсак, тамом, бормасак бўлмайди. Хуллас, ишни ҳам юмалоқ ёстиқ қилиб, уйга келамизу, дарров ошхонага кирамиз. Бизга мазада, эрларимиз қорни очиқиб, бугун нима овқат ерканман, деб ўйлаётган бир пайтда, аллақачон ўша овқатнинг ёқимли исини ҳидлаб турган бўламиз. Орада бир югуриб боғчага бориб, болаларни олиб келиш ҳам бизга фойдали бадантарбия.

Каттасининг дарсини эса овқат билан тенгма-тенг бажаришиб кетаверамиз. Яна бизга фойда: йилдан йил ақлимиз чархланиб бораверади. Мактабда ўтган билимларимизни такрорлаймиз. Шундай пайт эркакларга ачиниб кетаман: ҳатто болалар билан бирга дарс тайёрлаш ҳузурини ҳам уларга раво кўрмаймиз. Ишдан хориб чарчаб келган бекларимизни ҳурмат билан кутиб оламизу, диванга чиқариб қўямиз. Гўё уларнинг бу уйда ҳаққи йўқдек, на таом тайёр бўлгунча чиқиндиларни ташлаб, баҳонада куни билан ўтирган оёқлар чигалини ёзишга имкон берамиз, на болалари билан маза қилиб ўйнашга. Баҳонамиз: «Даданг ишдан чарчаб келганлар, дам олсинлар!»

Ўзи ўша ишхоналарга ҳам ҳайронман-да, улар ҳам биз аёллардан баттар, эркакларни чунонам ишлатадики… Худди ўша ишхонадан биз чарчамай кела оламизу, эркаклар бечора бурни ерга тегай деб, уйга зўрға қадам босиб кириб келишади. Хуллас, овқат пишди. Еймизу, чойини ҳам охиригача ичолмай хуррак отаётган эримизнинг ёстиғини тўғирлаб, чироқни аста ўчирамиз. Тссс, уйғониб кетмасин! Ахир сериал бошланди, телевизор эса битта!

Умму Муҳаммад Билол

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s